Тақдирига тамға босилган аёллар

Инсон зоти ишонувчан. Баъзан ҳаётда кўзингизга тик қараб сизга осмондаги ойни олиб бераман, дегувчиларга дуч келиб қолиш мумкин. Фирибгарлар алдашга, муҳтож ва ишонувчанлар алданишга мойил бўлишади. Ҳар қачон осон йўл билан катта маблағ ишлашни ваъда қилганларга, айниқса хорижга чиқиб ишлашни таклиф қилган кимсаларга ишониш керак эмас. Албатта қонуний асослар, меҳнат шартномаси ва кафолатлар бўлгандагина рози бўлиш мумкин.

Баъзан чет элда ишлаб келаман, деб ёлғиз боши қўрқмай самолётга чиқиб кетган қиз-жувонларни кўриб ҳайрон қоламиз. Улар қайси юраги билан узоқ манзилга кафолати бўлмаган ишга бегона одамларнинг оғзаки шартномалари билан йўл олишади?! Инсонга бир марта берилган ҳаётни, саломатлик каби улуғ неъматни хавф остига қўйишади…

Ҳозирги одам савдоси деган иллат бутун дунёга таҳдид солиб турган бир даврда таваккал қилиш катта талофотларга сабаб бўлиши мумкин. Қилаётган ишидан ҳазар қилмайдиган, бойлик, манфаат учун истаганча паст кетувчи, инсон деган номга доғ туширувчи одамфурушлардан эҳтиёт бўлиш замон талабидир.

Тубанлик ҳатти-ҳаракатлари билан ўзига ўхшаган аёлларни йўлдан ураётганлар ҳақида гапирадиган бўлсак, жинояти фош бўлиб, жазо тайинлангани сари уларнинг қатори камаймаяпти. Фақат алданишдан огоҳ бўлсагина инсон бу одам савдоси домига тушишдан сақланиши мумкин.

Дарҳақиқат азиз она, садоқатли ёр, меҳрибон опа-сингил дейилувчи аёллар орасида ўз нафси йўлида ҳатто яқин жигарларини ҳам сотишдан тоймайдиганлар борлиги ачинарлидир.

Шундай аёллардан бири – инсонийликни пулга алмаштирган Ширин Сафарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган).
Бу аёл Ўзбекистон фуқароларини Туркия давлатига олиб бориб, уларни фоҳишаликка жалб қилиши орқали бойлик орттиришни мақсад қилган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган. Бу гуруҳ моддий жиҳатдан қийналган қизларни Туркияда савдо-сотиқ билан мўмайгина даромад жамғаришингиз мумкин, деган ёлғонлар билан Қозоғистон орқали Туркияга олиб келади.

Уюшган гуруҳ аъзолари билан тузилган келишувга асосан Ширин Сафарова жабрланувчи О.Олламбергановага Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уни Истанбулга жўнатади. У ерда О.Олламбергановани уюшган жиноий гуруҳ аъзоси кутиб олади ва шаҳардаги хилват хонадонларнинг бирига олиб боради.

Кейин Олламберганованинг фуқаролик паспортини олиб қўйиб, шу хонадонда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлайди. Ширин Сафарова биргина қизнинг тақдирига қора чизиқ тортиш билан кифояланиб қолмайди. Ўзининг жиноий фаолиятини давом эттириб, аввалдан таниши бўлган Г.Болтабоева ва Д.Душаеваларни ҳам Туркияга ишга таклиф қилиб, уларга жиноий гуруҳ аъзолари кўмагида электрон авиа чипта олади ва ўзга давлатга кузатиб юборади.

2017-йил 29-июн куни “Олма-Ота-Истанбул” йўналишидаги рейс билан учиб келган Г.Болтабоева ва Д.Душаеваларни Истанбул аэропортида номаълум шахс билан бирга кутиб олади ва Истанбулдаги хонадонлардан бирга олиб бориб, номаълум шахсга топшириб юборади. Бу шахс уларнинг фуқаролик паспортини олиб қўйиб, 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ишлаб берганларидан кейин уйларига қўйиб юборишини айтади.

Бу кимса аёлларни мажбурлаб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, 2017-йилнинг 6-июлига қадар фоҳишалик билан шуғулланишга ундаган.

Бундан ташқари Ширин Сафарова гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан Туркияга таклиф қилинган М.Асқаровани, М.Ҳасановани, М.Эгамбердиевани Истанбул аэропортида кутиб олиб, шаҳардаги хонадонлардан бирида фоҳишалик бизнеси юритаётган номаълум шахсларга топшириб юборган.

Суд жиноят ишини етарлича ўрганиб, Ширин Сафаровани Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Нафси ҳаккалак отган инсонларнинг ҳақиқий башарасини уларнинг гап-сўзлари, юриш-туришидан сезиш амримаҳол. Улар ҳар бир одамнинг ишончига кириб иллат ботқоғига ботириши, бор-буди, оиласи, ор-номуси, обрўсидан маҳрум қилиши, фирибгарлик қурбонига айлантириши ҳеч гап эмас. Шундай экан, мўмай пул ваъда қилганларнинг гап-сўзига учиб, гулдай умрини ҳазон қилаётган қиз-аёлларга фақат эҳтиёт бўлинг, осон даромад фақат тузоқда бўлади, деб айта оламиз.

Шерзод ЙЎЛДОШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси,

Манзура Бекжонова журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: