Гепатит бўлган аёллар фарзанд кўриши мумкинми?

Тиббиёт амалиётида вирусли гепатитнинг бир неча турлари маълум. Уларнинг айримлари ўз вақтида аниқланса, касалликни тўлиқ даволаш имконияти мавжуд. Аммо эътиборсиз қолдирилган гепатитлар хавфли асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Халқ орасида сариқ касаллиги деб айтилувчи гепатитларнинг олдини олиш ҳамда даволаш, бемор аёлларнинг фарзанд кўриш имкониятлари борасидаги саволларимизга Тошкент врачлар малакасини ошириш институти юқумли касалликлар кафедраси доценти Висола Раҳимова жавоб берди.

–Гепатит хасталиги билан оғриган аёллар туғиши мумкинми?

–Гепатитларнинг ўткир шаклида ҳомиладор бўлиш ва туғиш тавсия қилинмайди. Аммо ҳозирги вақтда гепатитларнинг сурункали тури билан оғриган аёлларда туғиш имконияти бор. Улар ўзи табиий йўл билан фарзандини дунёга келтириши, боласини ўзи эмизиши, ўзи тарбиялаб катта қилиши мумкин. Лекин ҳомиладор бўлгандан кейин, албатта, акушер-гинеколог ва юқумли касалликлар шифокори назоратида бўлиши керак. Шунда ўзи ва ҳомила саломатлигига зарар етказмасдан фарзандини дунёга келтира олади.

–Қайси ҳолларда вирусли гепатити бор аёлларга туғиш тавсия этилмайди?

–Жигар циррози гепатитларнинг жиддий асоратларидан биридир. Бу ташхис қўйилган бўлса туғиш умуман мумкин эмас. Чунки онага ва болага узоқ яшаш имконини яратиб беришга жигарнинг кучи етмайди. Бундай вазиятда бола тирик ва соғлом туғилиши мумкин. Бироқ онанинг аҳволи оғирлашиб қолади. Бунда биз асосий эътиборни онанинг саломатлигига қаратамиз. Негаки жигар циррози билан ҳомиладор бўлишнинг оқибати комага олиб келиши, бемордан қон кетиб қолиши, жигарнинг барча функциялари сустлашиб, жигар етишмовчилиги пайдо бўлиши, бу ҳолат ҳатто ўлимгача олиб келиши мумкин.

Олдин С гепатитининг давоси йўқ, бу вирус беморга умрининг охиригача ҳамроҳ бўлади, дейиларди. Ҳозирда С турдаги гепатитнинг давоси топилди, дейишяпти, шу тўғрими?

–С вирусли гепатитнинг бугунги кунда тўлиқ давоси топилган. Ҳозирда янги турдаги замонавий дорилар ундан бутунлай қутулишга ёрдам бермоқда. Бу препаратлар вирусни жигардан, яъни қондан бутунлай чиқариб юборади. Уларни бор йўғи уч ой – 12 ҳафта давомида қабул қилиш тавсия этилади. Бунда 92 фоиз беморларда вируснинг қондан бутунлай чиқиб кетиши исботланган. Улар самарасида бугунги кунда кўплаб одамлар С вирусидан батамом қутулиб, соғлом ҳаётга қайтишмоқда. Лекин дори ичгандан сўнг ҳам икки йилгача бемор шифокор назоратида туради. Шу икки йил давомида беморнинг қони текширилганда вирус чиқмаса, у соғлом деб қайд этилади ва беморлар рўйхатидан чиқарилади. Лекин бу дори анча қиммат бўлганлиги сабабли айрим беморлар ўз вақтида уларни сотиб олиб, даволанишга шароитлари тўғри келмаяпти.

–С вирусли гепатитга қарши дорилар билан таъминлашда имтиёзлар йўқми?

–Ҳозирда бундан бир йил олдин Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатга кўра, имтиёзли гуруҳга кирувчи беморларни С гепатитига қарши дорилар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Бу борада биринчи пилот лойиҳа Тошкент шаҳрида ўтказиляпти. Имтиёзли деганда кам таъминланган ёки ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган беморлар тушунилади. Келгусида бундай дорилар барча вилоятлардаги имтиёзли беморларга тарқатилиши кўзда тутилган.

– В вирусли гепатит бўйича қандай маслаҳатлар бера оласиз?

– В вирусли гепатит ҳам қон орқали юқадиган касалликларга киради. Асосан стерилликка амал қилмай қон қуйилганда ёки тиббий муолажалар олганда, баъзан стоматолог, гинеколог кўригида ёки ҳимояланмаган мулоқотда, шунингдек маникюр, педикюр хизматлари воситасида қон орқали юқиши мумкин. Гепатит вирусининг энг яхши кўрадиган жойи – бу жигар. Вирус жигарга бориб, мустаҳкам жойлашиб олади. Лекин В гепатити юқди, дегани – бу тамом дегани эмас. Сурункали В вирусли гепатит билан одам 20-30 йил, ҳатто бир умр ҳам яшаши мумкин.  Лекин вируснинг миқдори қонда қанча кўп бўлса жигарга шунча кўп зарар етказади. Шунинг учун қонида В вирусли гепатит бўлган беморлар бир йилда бир марта кўрикдан ўтишлари талаб этилади. Ҳозирги пайтда бу турдаги гепатит вируси миқдорини туширадиган дорилар бор. Ўз вақтида даволаниб, вирус миқдорини камайтирган ҳолда жигар ҳолатини яхшилаб турилса беморлар узоқ умр кўришлари мумкин.

–Вирусли гепапит В билан оғриган ҳомиладор аёллар нималарга эътибор қаратишлари керак?

Вирусли гепатит В билан оғриган ҳомиладор аёллар учун муҳими – биринчи ўринда назорат. Улар ўз вақтида ҳомила бўйича назоратга туришлари керак. Бундан ташқари, инфекцион касалликлар шифокорига учрашиб, маслаҳат олиб туришлари лозим. Улар вақтида ухлаши, вақтида овқатланиш керак, шу билан бирга, ўз вақтида жигар фаолиятидаги бузилишларни даволатиш зарур. Агар ўз вақтида шифокорга чиқишмаса уларнинг ўзи ҳам, боласи ҳам узоқ яшаш имкониятидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин.

Тиббиёт муассасасида шифокор ёки ҳамширанинг масъулиятсизлиги оқибатида бирор одамга касаллик вируси юққан бўлса унга қандай жавобгарлик бор?

–Албатта, тиббиёт амалиётида шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Дунёда тиббий муолажалар воситасида биргина одамга эмас, ўнлаб фуқароларга вирус ўтиб қолган ҳолатлар ҳам кузатилган. Яқинда Ливиянинг Бенгази ҳудудида шундай нохуш вазият содир бўлгани ҳақида ўқиган эдим. Хусусан, болалар госпиталида донор қони ва томчи дорилар қуйиш вақтида тиббий анжомлар (системалар)дан нотўғри фойдаланиш оқибатида 100 дан ортиқ болага ОИВ юққанлиги аниқланган. Суриштирув жараёнида бу ҳолат айнан қаерда юз бергани асосли тасдиқланиб, айбдорлар қонун олдида жавоб беришган. Эҳтиёт шартларга амал қилинмаса гепатитлар борасида ҳам шундай аянчли ҳолат содир бўлиши мумкин. Одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига даҳл қиладиган ҳолатларда тиббиёт ходими ўз вазифасига совуққонлик қилса у, албатта, жазога тортилади.

Оммавий вирус юқишида одамлага вируснинг айнан қаерда, қачон, кимнинг айби билан юққанини аниқлашнинг имкони бор. Чунки бу вазиятда воқеа жойи ва сабабчисини тасдиқлайдиган биргина эмас, бир нечта далилий асослар мавжуд бўлади. Якка ҳолатда эса қаерда ва қачон касаллик юққанини аниқлаш жуда мураккаб масала. Чунки гувоҳлар ва далиллар бўлмайди. Одамга вирус юққанини 6 ой ўтгачгина қон таҳлили орқали аниқлаш мумкин. Баъзилар эса касаллик аломатларини сезмаса, йиллаб қонини текширтирмай, ҳатто ўзида вирус борлигига шубҳа ҳам қилмай юраверади. Бундай ҳолатларда жуда эҳтиёткорлик билан муносабат билдириш керак. Чунки вирус қаерда юққани номаълум, кимгадир асоссиз туҳмат қилиб қўйиш мумкин.

С ва В гепатити вируси юқмаслиги учун нималардан огоҳ бўлиш талаб этилади?

–Юқорида айтиб ўтганимиздек, вирусли В ва С гепатитлари тиббиёт муассасаларида, қон қуйганда, яхши стерилланмаган воситалардан юқиши мумкин. Шунинг учун ҳар биримиз тиббиёт муассасига борганда бир марталик тиббий анжомлардан фойдаланишни назорат қилишимиз лозим. Вирус юқмаслиги кафолатли бўлиши учун муолажалар учун зарур бўладиган бир марталик шприцлар, қўлқоп ва гинекологик кўзгуни ўзимиз билан олиб боришимиз лозим.

Унунтманг, В ва С гепатити қон орқали юқади. Маникюр ва педикюр қилганда ҳам мижознинг териси қонаб хизмат кўрсатиш ускуналарига ўрнашиб олади. Ўша ускунани стерилламай бошқа бировга ишлатиш соғлом одамга вирус юқишига олиб келади. Демак ҳар кимнинг ўзида алоҳида маникюр жамланмаси бўлиши мақсадга мувофиқ.

Уйингизга келган меҳмонда В ва С вирусли гепатитлар бўлса ва у сизнинг қайчингиз ёки устарангизни ишлатса ҳам вирус юқиши эҳтимоли бор. Шу сабабли беморлар ҳам, соғломлар ҳам огоҳ бўлиши, кафолатсиз хизматлардан фойдаланмасликлари талаб этилади.

                                                                                                                                                                 Манзура БЕКЧАНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: