Бўғимлардаги тузлардан қутулиш чораси борми?

Маълумки тоғайлар икки вазифани бажаради: сирпанчиқлик ва амортизация. Агар бу соҳа доимий тарзда зарбли зўриқишга учраса бу ердаги суяк катталашади. Бунинг оқибатида тоғай емирилиб, оғриқли пихлар пайдо бўлади.

Бўғимда туз йиғилиши – одатда тиббиёт муассасида бундай ташхис қўйилмайди.  Лекин шунга қарамай бўғимларида оғриқ бўлган одамлардан бу гапни кўп эшитамиз. Улар асосан бўғимлари оғриса ва шишса ўзларига шундай ташхис қўйиб олишади. Хўш, бу ҳолатда қандай касаллик ҳақида сўз боради?

Бўғим зарарланганлиги аломатлари

Тизза бўғимида оғриқларнинг давом этиши бу бўғимда, оёқ шишиши бу соҳада туз тўпланганлиги белгиси бўлиши мумкин. Бу ҳолат яна қандай аломатлар билан намоён бўлади?

Оғир иш қилганда, жисмоний зўриқиш вақтида тизза бўғимида оғриқ пайдо бўлиши, бу оғриқ пастки бўғимга ўтиб туриши ҳам мумкин

Сиқиқлик, ноқулайлик, бўғимда ҳаракат чекланиши. Кўп вақт ҳаракатсиз осилтириб ўтиргандан сўнг, бироз машқ қилмасдан бирдан туриб кетиб бўлмайди;

Ҳаракатланганда бўғимда қарсиллаш кузатилиши;

«шишлар» (соҳа ёки бўғим катталашиши) бўғим соҳасида шиш пайдо бўлиши;

Бўғимда ҳаракат қийинлашиши (оёқ охиригача очилмайди ва букилмайди);

Зарарланган бўғимда иситма пайдо бўлиши.

Нега танада туз йиғилади?

Бўғимларда туз тўпланиши афсона эмас, бу паталогиянинг сабаблари жуда ҳам кўп. Масалан қуйидагилар бунга сабаб бўлиши мумкин:

Нотўғри овқатланиш ва ортиқча вазн;

Сув-туз алмашиувидаги генетик бузилишлар;

Ортиқча совқотиш;

Жароҳат ва шикастланишлар;

Қон яратиш тизими ёки буйрак касалликлари;

Эндокрин бузилишлар;

Бўғимлардаги майда шикастланишларга сабаб бўлувчи тор пойабзаллар кийиш.

Тизза бўғимидаги жароҳат ва шикастланишлар кўпинча шу соҳада туз йиғилишига олиб келади.

БАЛКИ БУ КАЛЬЦИНОЗДИР?

Баъзан бўғимларда туз алмашинуви билан боғлиқ патологик жараёнлар содир бўлади.  Кальциноз – бу қалқонсимон без фаолиятида носозликлар вужудга келиши сабабли аъзоларда туз йиғилиши. Суяклардаги муаммоларнинг яна бир сабаб Д витаминининг етишмаслиги ҳисобланади.

Касалликнинг икки тури мавжуд:

метаболик кальциноз соҳада тўқималарда моддалар алмашинуви издан чиқиши оқибатида келиб чиқади. Бунда тузлар мушакларда, тери тўқималарида ва тери ости ёғ қаватларида тўпланади;

метастатик кальциноз– қонда кўп миқдорда кальций бўлиши натижасида ривожланади (гиперкальциемия). Шу тариқа тузлар томир деворларида ва ички аъзоларда тўпланиб боради.

Агар организмда туз концентрацияси меъёрида бўлса, у тез эрийди ва турли жараёнларда иштирок этади. Агар кальций даражаси кўп бўлса тўқималарда, томирларда ва тишларда чўкма ҳосил бўлиши кузатилади. Бунинг оқибатида кичкина нўхат кўринишидаги бўртиқчалардан ёнғоқ катталигидагигача бўлган ҳосилалар вужудга кела бошлайди. Уларнинг энг кўп тўпланган жойида қўл бўғимлари, тирсак, оёқ бўғимлари ҳатто йирик тос ва елка бўғимлари ҳам зарар кўради.

Елка бўғимидаги кальциноз доим оғриқ билан кечади.

ЁКИ БУ ПОДАГРАМИ?

Подаграда бўғим тўқималарига туз тўпланади. Бу ҳолат сийдик кислотаси тузлари – уратлар алмашинуви бузилганда юзага келади. Подаграда уларнинг қондаги даражаси кўтарилади. Урат микрокристаллари бўғимда тўпланиб, бора-бора яллиғланиш келтириб чиқаради.

Подаграда асосан оёқнинг бош бармоғи бўғимида кўпинча тунда кучли оғриқ кузатилади. Соҳа териси қизариб, ўша жойда ҳарорат кўтарилади. Яллиғланиш ўтиб кетиб, қайталаниб туради. Подагра елка ва бошқа бўғимларда ҳам бўлиши мумкин. Агар касаллик вақтида даволанмаса полиартрит авж олади ва соҳада сариқ тугунчалар – тофуслар (урат тузларидан ҳосил бўлган бўртиқчалар) пайдо бўлади. Бу ҳолатни ҳам айримлар туз тўпланиши деб аташади. Бу ҳосилалар қўл бармоғи бўғимларида, тирсакда, бурун тўсиғида ва ҳатто қулоқ супрасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Подагра кам ҳаракат қилувчи одамларни яхши кўради.

АРТРОЗ ва туз йиғилиши

Кўп ҳолларда артроз ва остеоартроз бўлган одамлар даволаниш ўрнига “менда туз йиғилган” деб халқ табобати воситасида даволаниб юраверади. Бу ерда оёқ панжаси бўғимларида туз йиғилиши кўзда тутилади. Артрозда тоғай ости суяги катталашади.

Маълумки тоғайлар икки вазифани бажаради: сирпанчиқлик ва амортизация. Агар бу соҳа доимий тарзда зарбли зўриқишга учраса бу ердаги суяк катталашади. Одам юрганда бу бўғим механик ҳаракатга келиши натижасида айрим соҳалари зарарланади. Бу тоғай тўқиманинг ўсиб кетишига олиб келади. Бунинг оқибатида оғриқли пихлар пайдо бўлади. Ва тоғайлар сирпанчиқлик ва амортизаторлик хусусиятини йўқотади. Буни бўғим орасига инъекция юбориш билан даволаш мумкин.

Артрознинг туз йиғилишига умуман алоқаси йўқ.

ТУЗ ТЎПЛАНИШИНИ ҚАНДАЙ ДАВОЛАШ МУМКИН?

Ҳеч бир малакали шифокор туз йиғилишини аниқ ташхис қўймасдан даволамайди. Аммо ҳар қандай ҳолатда тўғри парҳез тутиш керак бўлади. Қовурилган, аччиқ ва ёғли таомлар ўрнига ўсимликлардан иборат, сутли рацион тавсия этилади. Организмдан тузларни ҳайдаш учун петрушка, шивит, қовун, тарвуз, олҳўри, хурмо кабиларни кўпроқ истеъмол қилиш керак.

Тиббий давоси:

яллиғланишга қарши гель, суртма ва ҳабдорилар;

гормонал дорилар;

сийдик кислотаси даражасини камайтирувчи воситалар.

Бўғимлардаги муаммо нима сабабли (кальциноз, подагра ёки артроз) юзага келган бўлмасин, хавфсиз жисмоний фаоллик зарар қилмайди. Спорт ва уқалаш тўқималарда қон айланишини яхшилайди ва тузларнинг ташқарига ҳайдалишига ёрдам беради.

Туз йиғилишининг халқона даволари ҳам бор.

ҚАЙНАТИЛГАН ГУРУЧ

Ярим литр сувга 2 ошқошиқ тозаланган гуруч солиб, 5 дақиқа қайнатилади. Сўнгра суви тўкиб ташланади. Бу жараён 4 марта такрорланиши керак. Бешинчи марта гуруч устига ярим литр сув солиб, эрталабгача шу ҳолатда қолдирилади. Эрталаб сувга солинган гуруч яна беш дақиқа қайнатиб олинади. Суви тўкиб ташланади. Пишган гуруч ликобчага солиниб, тузсиз, ёғсиз, нонсиз фақат ўзи истеъмол қилинади.

Муолажа давомийлиги – 1 ҳафта. 1 ҳафта танаффус билан яна такрорлаш мумкин. Гуруч қанча кўп ивитилса, ўзига шунча кўп тузни шимдириб олади. Бўғимларда туз йиғилишини бартараф қилишнинг бу усули синовдан ўтган усул ҳисобланади.

Delicious Homemade Aspic with Beef and Pork, Garlic and Spices Garnished with Horseradish and Parsley closeup on Wooden Cutting Board

ХОЛОДЕЦ ЁРДАМ БЕРАДИ

Бу таом таркибида кўп миқдорда оқсил ва коллаген мавжуд ва у тоғай тўқималарини қайта тиклаб, артроз ривожланишини секинлаширади. Бўғимларда туз йиғилишининг асосий сабабларидан бири организмда оқсил моддаси етишмаслигидир. Бунинг олдини олиш учун ойда бир бор бўлса ҳам холодец истеъмол қилиш керак. Бундан ташқари овқатланиш рационингизни оқсилли маҳсулотлар билан бойитинг. Қарабсизки, тез орада дарддан халос бўласиз.

КАРАМ  ШИФО БЎЛАДИ

2-3 дона карам баргини қайнаб турган сувга соласиз. Барглар юмшагач сувдан олиб, тана куймайдиган ҳароратга келгунча совитасиз. Сўнгра қалин дока мато устига қўйиб, бўғимлар устига боғлайсиз. Бойламни туни билан қолдирасиз. Эрталаб олиб ташлаб, кечқурун яна шу муолажани такрорлайсиз.

Муолажа давомийлиги 1 ҳафта.

Эксперт: ортопед-травматолог Саидазизхон Саидаҳмадхонов,

Шаҳризода АТАБАЕВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: