Тижоратчи шоир (фельетон)

Аввало танишиб олайлик: Исмим – Соқивой. Келажакда адабиёт тарихига, менимча, “Соқий” тахаллуси билан кирсам керак. Ўтган йил қовун пишиғидан бошлаб ижод оламига кириб қолдим. Шу десангиз нисбатан қисқа давр ичида икки достон, юз ғазал, мингга яқин шеърларни қотириб ташладим! Шеър ёзиш осон иш экан-у, аммо-лекин, уни газетага чиқариб, халқ эътиборига ҳавола қилиш росаям машаққатли юмуш экан. Бекорга Алишер Навоий ва Бобур китобларини қўлда кўчиришмаган экан-да. Уларга ҳам саройдаги адабий ходимлар йўл беришмаган, шекилли.

Шундай ёқимсиз хаёллар билан таҳририят эшигини секин тақиллатдим. Таниш ходим мени хушламайгина қарши олди:

— Ҳа-а, келинг-келинг, тақсир.

— Машқларимни олиб келган эдим, – дедим қимтиниб.

— “Машқларингиз” ҳам бир бўхча бўлди-ёв, – деди у заҳарханда оҳангда.

Унинг бу гапи бу ёнимдан кириб, у ёнимдан тешиб чиқиб кетган бўлса ҳам, ўлганнинг кунидан тишимни-тишимга қўйиб, тиржайиб туравердим.

— Чиқаришнинг ҳеч иложи йўқми, а?

-Шошманг, шошманг, –деди ходим нимадир эсига тушиб. – Шеърларингизни тижорат йўли билан чиқариб юборсак-чи, нима дейсиз?!

— Қандай қилиб? – сўрадим акс савол бериб.

— Сиз ақчасини тўлайсиз, чоп этиш эса биздан.

— Суратим билан чиқариш ҳам мумкинми? – дея сўрадим жонланиб.

— Нималар деяпсиз, пулини тўласангиз, портретингизни ҳам қўйиб юборамиз.

— Ие, гап йўқ-ку! Пул бўлса бўлди экан-да?

Жон, деб рози бўлдим. Чўнтакни ковламаёқ, барини расмийлаштиришди-да, квитанция ёзиб беришди. Шошманглар, деб бир қўлимда кўзойнак ушлаб, узоқ-узоқларга қараб жилмайиб тушган суратимни ҳам бердим. Аммо ваъда қатъий бўлди. Агар чиқаришмаса, таҳририятни судга беришга ҳам ҳаққим бор экан. Наҳотки, чиқса-я, менинг шеърларим-а!? Хуллас, икки кун ўтар-ўтмас газетада таъзияномалар билан ёнма-ён қаторда илжайиб тушган суратим остида шеърларим босилди. Тагига: “Шеърлар тижорат усулида чоп этилди”, деб қўшиб қўйишибди азаматлар.

Адабий ходимнинг:

— Ана энди мухлисларингиздан хатларни кутаверинг, – дегани ёдимга тушиб, росаям ҳаяжонланиб кетдим.

Тасаввур қилинг-а, ҳамма суратимга маҳлиё… Эшитишимча, сурати чиққан шоирларга қизлар ҳам хат ёзар эмиш, менгаям шунақа мактублар келса-я, тоза қизиқ бўларди-да.

Шундай ширин ўй-хаёллар билан оғзим қулоғимда, газетани қўлимга олиб автобусга чиқдим. Ёнимдаги ўриндиқда ўтирган бобойнинг газета ўқиб кетаётганини кўриб, вазиятдан фойдаландим:

— Амак, газетангизни бир кўрсам майлими?

Бобой ойнагининг устидан менга ғалати қараш қилди.

— Мана, амак, менинг газетамни сиз олинг, алмашиб ўқийлик.

Бу гапдан чолнинг чиройи бироз ёришди. Шоша-пиша унга шеърларим босилган газетани тутқаздим. Бир кўзим газетада, бир кўзим бобойда. У газетани эринмай томоша қилиб, нималарнидир синчиклаб ўқиб чиқди. Наҳотки, менинг шеърларимни ўқиётган бўлса-я, деган ўй юрагимни ҳапқиртирмоқда эди.

— Хўш, қалай? – сўрадим юрак ютиб.

— Аттанг, жа ёш нарса экан, бевақт жувонмарг бўлиб кетибди-да йигит, — деб қолса бўладими у дабдурустдан. Шундан фаҳмладим-ки, бобой нуқул таъзияномаларни ўқиган ва менинг суратимни ҳам ўлганлардан бириники, деб ўйлаётган экан.

— Ахир, бу менман-ку!!! — деб ҳайқириб юборгим келди. Аммо, бир амаллаб ўзимни босдим. Аламимдан, навбатдаги бекатдаёқ бу лаънати автобусни тарк этдим. Бекатда бир аёл писта сотиб турганди. Писта чақиш инсонни асабийлашишдан асрайди, деган гапни кўп эшитганман. Бир ўрам қоғозда писта олдим-у, батта хунобим ошди. Чунки писта ўралган қоғозда ўзимнинг ойнак ушлаб тушган суратим тиржайиб турарди.

Шунда биров эшитмасин деб ўзимга ўзим:

– Ҳе, шоир бўлмай кетай, – деб пичирлаб қўйдим.

Худойберди КОМИЛОВ

Рассом: Ҳусан СОДИҚОВ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: