«Қайта танлаш имкони берилса, мен фақат шу ҳаёт йўлимни танлардим…»

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ўлмас Умарбековнинг рафиқаси, филология фанлари номзоди Зуҳра Умарбекова билан суҳбат.

Инсонннинг исми тақдирига дахл қилади, дейишади. Эҳтимол. Лекин бир нарса аниқ, республика Телевидение ва радиоэшиттириш давлат қўмитасида бош муҳаррир, “Ўзбекфильм” киностудияси директори, Ўзбекистон Маданият ишлари вазири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда ишлаган, мамлакат равнақига, саньат юксалишига, адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшган инсон Ўлмас Умарбековнинг маънавият жабҳасида номи ўлмаслигига, асарлари абадиятида ҳам ана шундай дахлдорлик бор. 

Адиб “Севгим-севгилим”, “Кимнинг ташвиши йўқ”, “Уруш фарзанди”, “Ёз ёмғири”, “Оқ қалдирғоч” каби бир қанча қиссалар, “Одам бўлиш қийин”, “Фотима ва Зуҳра” сингари романлар, ”Ёшлик денгизи”, “Комиссия”, “Қиёмат қарз” саҳна асарлари, “Икки солдат қиссаси”, “Севги афсонаси”, “Асосий кун”, “Чангалзордаги ов” каби киносценарийлар ҳамда бошқа кўплаб асарлар муаллифи сифатида танилган. “Қиёмат қарз” спектаклидаги Сулаймон ота образи бугунги кунда ҳам барчани садоқатга, ростгўйликка, омонатга хиёнат қилмасликка ундаб туради, хиёнатнинг юки оғир бўлишини эслатиб туради.

Ёзувчининг оддий, мўъжаз, аммо одам оёғи узилмайдиган ҳовлисига қадам қўйи­шингиз билан вужудингизни олис болаликдаги каби ажиб туйғулар чулғаб олади. Унинг турмуш ўртоғи Зуҳра опанинг айтишича, дам олиш кунлари ҳовлининг бурчагида адиб ош дамлаган. Дўстлари билан ошхўрлик қилишган, тонггача гўзал суҳбатлар авжига чиққан, уларнинг ҳазил-ҳузули, ҳангомалари, кулгулари ҳалиям Зуҳра опанинг қулоғида янграб туради. Адиб ўз қўллари, пешона тери билан қурган ҳовлисида ҳар ёз турли мевалар ғарқ пишар, чор-атроф турфаранг гулларга бурканар, бу гўзалликдан улар баҳра олишар эди.

Бугун ҳам баҳор нафаси уфураётган, дов-дарахтларда, уларнинг новдаларида барглар куртак ёзишга, гул очишга шайланаётган палла. Ҳали юртимизга келинчак баҳор эндигина қадам ранжида қилаётган бўлса ҳам бу ҳовлида бинафшаранг гуллар аллақачон очилган. Ҳар йили баҳор келмасидан очиладиган бу гуллар адибнинг фидойи, садоқатли рафиқасига ўз ҳусну таровати билан хушкайфият бағишлайди, жуфти ҳалоли ёди билан яшаётган 87 ёшли онахоннинг кўнглидаги соғинч, ҳижрон дардига малҳам бўлади. Бахту иқбол, иззат-ҳурмат, меҳр-муҳаббат болидан тотган, ўзбек санъати ва адабиётининг атоқли ижодкори билан умргузаронлик қилган, унинг абадийликка дахлдор асарлари яратилишига гувоҳ бўлган ва жуфти ҳалолининг дарди билан юрак-бағри куйган, умид отлиғ илинжнинг охирги томчиси қолгунча атрофида парвона бўлган, йиллар пешонасида чуқур из қолдирган Зуҳра Умарбекованинг боқишлари тийрак, фикрлари теран. Суҳбатимиз давомида Зуҳра опанинг хотиралари қалбдан тилга кўчди.

— Адиб билан гўзал қўш кабутар каби муносиб жуфтлик бўлган экансизлар. Бирга яшаб ўтган умрингиз ҳавас қилгулик…

— Умр йўлларимиз, ҳаётимиз, кечмишимиз ҳақида кўп ўйлайман. Агар қайта яшаш ёки танлаш имкони берилса, мен фақат шу ҳаёт йўлимни танлардим. Бошқача ҳаётни тасаввур ҳам қилолмайман. Чунки биз жуда яхши яшадик, бир-биримизни гапирмасдан туриб, сўзсиз тушунар эдик. Мен ундан деярли ҳеч нарса талаб қилмас эдим. Унинг ўзи ҳам сенга ҳеч нарсанинг кераги йўқ, на олтину кумуш, на бойлик, дердилар. Менинг ҳақиқий бойлигим Ўлмас аканинг ўзи эди.

Биз университетда бирга ўқидик. Мен рус филологияси, Ўлмас ака ўзбек филологияси факультетида таҳсил олганмиз. У жуда хушсурат, ақлли, жиддий йигит эди. Тўғриси, унинг ошиқлари жуда кўп эди, талаба қизлар яхши кўришарди.  Бу тақдир бўлса керак — иккаламизнинг бир-биримизга меҳримиз тушди. 1956 йилда тўйимиз бўлди. Оддий, жуда чиройли тўй бўлган эди. Мен зиёли, маданиятли оилага келин бўлганимдан бахтиёр эдим. Негаки, мен — етим қизнинг мукаммал оилага келин бўлишим кутилмаган бахт эди. Онам туғилганимдан кейин вафот этган экан, уни ҳатто кўрмаганман, эслолмайман ҳам. Уруш бошланганида эндигина 5 ёшли қизалоқ эдим. 8 ёшга етганимда отам ҳам касал бўлиб, ҳаёт билан видолашди. Биз — икки опам ва акам билан чирқиллаб қолавердик. Уруш пайти, йўқчилик, очарчилик, одамлар бир бурда нонга зор паллалар эди. Яхши одамларнинг борлигига, қариндош-уруғ­ларимизнинг меҳр-оқибатлилигига, Яратганга минг шукр айтаман. Бизни хор-зор қилишмади, аммам биз билан яшади. Қувонч­­ли кунлар бўлди, деёлмайман, лекин тарбиялаб, камолга етказиб, ҳаммамизни ўқитишди. Ишчилар шаҳарчасида икки қаватли чиройли уйимиз бор эди. Шундай шароитда Ўлмас ака билан турмуш қурдик. Ўз ота-онам бўлмаса ҳам қайнона-қайнотам борлигидан қувонардим. Улар ғамхўр, меҳрибон одамлар эди. Шунинг учун ҳам мен янада бахтиёр эдим.

Қайнотам Раҳимбек ака эҳтиромга лойиқ инсон эди. Уни маҳалламиздагилар ҳурмат қилиб отини айтишмас, Бек ака дейишарди. Тўйимиздан кейин у киши оламдан ўтди. Ойим биз билан бирга узоқ яшади, фарзандли бўлганимизни кўрди.

Ҳаёт экан, яқинларимдан бир-бир ажралдим. Бугун ёши улуғлардан қайин­синглим Мавжуда борлигига шукр қиламан. У ҳам акасига ўхшаб жуда ақлли ва қатъиятли аёл, математика фанлари номзоди. Ўлмас аканинг жигари — менинг ҳам дилга яқиним.

— Ёзувчининг уларга, яъни қариндош-уруғларига муносабати қандай эди?

— Улар унинг дунё ичидаги дунёси эди. Ҳар бири учун қайғурар, уларнинг ташвишини қилар, фарзандлик, ака-укалик, қариндошлик ҳақларини юксак мақомда бажарар эди. Қалби меҳрга тўла инсон эди. Адам ўтганларидан кейин сингилларига оталик масъулиятини зиммасига олди ва уни бажарди. Синглиси Мавжуда ҳали-ҳанузгача “Акамнинг бизнинг ташвишимиздан бошқа иши йўқдай эди, назаримда, шунча асарларни ёзишга қачон вақт топди экан”, деб ўйлайман дея хотирлайди.

Ёзувчи Саид Аҳмад “Киприкда қолган тонг” қиссасида Ўлмас Умарбеков ҳақида топиб ва айни ҳақиқатни айтган: “Инсонни бадном қиладиган ҳар қандай ишлардан ўзини тия олган, бу дунёга пок келиб, пок кетган, нурдек тиниқ ҳаёт кечирган, Аллоҳ даргоҳига фаришта бўлиб йўл олган дўс­тим, укам, жигарим, қадрдоним, хотираси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган севикли ёзувчим Ўлмас Умарбековга бағишладим ушбу қиссани”… Ўлмас акага бундан ортиқ баҳо ва таъриф бўлмаса керак.

У жуда оқкўнгил, раҳмдил эди. Бир мисол айтиб бераман: ҳар куни ғариб, камбағал, юпунгина кийинган, ёши катта сутчи аёл кўчамизга келиб, сут, қатиқ сотарди. Эри вафот этганлиги учун тўрт нафар боласини ўзи боқиши керак эди. Шу аёлга болаларининг нуфузли олийгоҳларга кириб илм олишларига кўмаклашди. Одамларга яхшилик қилиб роҳатланар эди. Асарлари чоп этилса, маҳалланинг болаларига тарқатиб юборар эди. Гоҳида бир китобиям қолмас эди. Баъзида нега ҳаммасини бериб юбордингиз, ўзимизга қолдирмадингиз-ку, деб норозилик қилсам, “Шу ёшлар ўқиши учун ёздим-да, мен ҳаммасини ёддан биламан-ку, мана, бу еримда турибди”, деб, бошини кўрсатиб, мийиғида жилмайиб қўярди. Бир куни бир киши эшик қоқди: “Йўлда кетаётган икки боланинг гапини эшитиб қолдим. Улар мана шу уйда китоб роса кўп, деб сизларнинг уйни кўрсатишди”, деди. У ҳам китоб олиш истагида келган экан.

Эшитишимча, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўлмас Умарбековнинг китоб­ларини қайта нашр этиш режалаштирилаётган экан. Бу хабарни эшитиб, бошим осмонга етди.

— Адиб нималардан ҳазар қилар эди?

— Ёлғон сўздан! Ёлғонни шу қадар ёмон кўрар эдики, ёлғон гапирган одамни, алдаганни ҳеч қачон кечирмас эди. Аччиқ бўлса ҳам, дилингни жароҳатласа ҳам тўғрисини гапириш, ҳақиқатни айтиш керак, дерди. Ҳатто ёлғон гапиргани учун кечирмаган яқинлари бор…

— Бирон нарсадан ранжиган, руҳий тушкунликка тушган пайтларини эслайсизми?

— Собиқ совет тузуми даврида ёзувчи бўлиш оғир эди. Негаки, йўқ нарсани, инсон руҳиятига тўғри келмайдиган янгиликларни, ўзбек халқига мажбурий сингдирилаётган мафкурани кўкларга кўтариб мақташ талаб қилинар эди. Мана шу ишни қилиш, яъни, ўз принципига қарши бориш мажбурияти, халқнинг ночор ҳаётини кўкларга кўтариб мақташ вазифаси турар эди ёзувчиларнинг олдида. Бу вазифа адиб руҳини ҳам, дилини ҳам ўз залвори билан эзар эди.

— Баҳор келаяпти, ҳовлингизда ҳам табиат уйғонмоқда. Бундай пайтда адиб билан ўтган умрингиз ҳақида нималарни эслайсиз?

— Кунлар исиши билан баҳор биринчи бизнинг ҳовлимизга келарди. Ўлмас ака билан ҳовлига турли хил гуллар экардик, уларни парваришлардик, дарахт­ларга шакл берардик. Дам олиш кунлари эса у ўчоқда ош ёки димлама қилишни яхши кўрар ва албатта, дўстларини чақирарди. Фарҳод Мусажонов, Учқун Назаров, Турғун Азизов каби кўплаб дўстлари, ёзувчи-шоирлар келишарди.

Саид Аҳмадни ёши улуғлиги учун, устоз сифатида бошқача меҳр билан яхши кўрарди, шунинг учун у билан Саида Зуннунова иккаласини алоҳида чақириб, меҳмон қилардик. Ҳовлида катта сўримиз бўларди, унга кўрпачалар солиб, атрофига сувлар сепиб қўярдим. Райҳонларнинг ҳиди уфуриб турарди.

Баъзида машинага сиққунча дўстларини олиб, “Дўрмон”га кетардик. Ош устида ҳазил-мутойиба авжига чиқарди. Уларнинг суҳбатлашиб, чақ-чақлашиб ярим тунгача, баъзида тонгга қадар ўтиришгани – бугун олис, аммо ширин хотира бўлиб кўз ўнгимда акс этади. Шу хотиралар бўлмаганида мен бугунгача яшай олмасмидим балки…

У дўстларини, одамларни яхши кўрарди. Уларсиз ўтган куни маънисиздек эди. Очиқ, оқкўнгил, тартиб-интизомли, ҳақиқатпарвар инсонлар билан ўтирса роҳатланарди, улардан илҳом ва куч оларди. Аммо… кейинчалик Аллоҳ унга дард берди. Шу дард туфайли одамлар билан учрашишни хоҳламай қолди. “Менинг касаллигимни кўриб, дўстларимнинг юраги эзилишини истамайман”, дерди.

— Юқори лавозимларда фаолият олиб борган чоғида унинг дўстлари ёки ҳаётга қарашлари ўзгаргандир?

— Ўлмас ака ундай одам эмас эди. Дўст-ёрлари ҳам ўша-ўша, характерлари ҳам. Аксинча, у мансаб ва мансабдорлар ҳақида гапирсангиз кулар эди. Мансабни вазифа сифатида қабул қилар, қани энди ҳеч қандай вазифам бўлмаса-ю фақат ижод қилсам, дер эди.

Лекин ёзувчининг ёзаётган асари кайфиятига таъсир қилиши бор гап. У ижод жараёнида қаҳрамони ҳаётида яшарди. “Фотима ва Зуҳра” асарини ёзаётган эди. Бир куни ижодхонасидан югуриб чиқди. Кўринишлари бир аҳволда. Сабабини сўрасам, юрагим дош беролмаяпти, деб асардаги воқеа­лар ривожи ҳақида ҳаяжон билан гапириб берди. Баъзида қўлёзмаларининг энг таъсирли жойларини менга ўқиб берарди.

— Оилада, айниқса, ёш оилада келишмовчиликлар кўпинча рашк туфайли келиб чиқади. Сизларда бу муаммолар қандай бартараф этилган?

— Мен жуда жиддий, ўз ўрнимни биладиган аёл эдим. Унинг рашк қилишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлар қилмасдим. У жуда келишган, хушсурат йигит бўлгани учун, тўғрисини айтсам, мен кўпроқ рашк қилардим. Чунки унинг кўнг­лини олиш ҳаракатидаги аёллар кўп бўларди. Қанчалик рашким келса ҳам ўзига сездирмас, қизғанганимни билдирмас эдим ва ич-ичимдан шу дугоналаримнинг уйимиздан тезроқ кетиш­ларини истар, иккинчи марта уйимизга келиш­ларига йўл қўймасликка ҳаракат қилардим.

— Энг бахтиёр пайтларингиз ҳақида ўйлаганда нималарни эслайсиз?

— Ҳаммаси Ўлмас ака билан боғлиқ. У билан танишган талабалик вақтларим, у билан турмуш қурган паллалар – ҳаётимнинг энг гўзал онлари эди. Умиданинг туғилиши – бу бир тарих. Кўпчилик ўшанда уни ўғил бола дейишган, мен эса қиз туғилишини хоҳлаганман. Туғилганидан кейин Ўлмас аканинг қувончлари… Умидани жуда яхши кўрар эди. Умида унинг жону жаҳони эди. Даволаниш жараёнларида ҳам кўпроқ Умидани ўйлар, уни соғинар эди. Даволовчи профессор менга: “Баракалла, сиз доимо Ўлмас аканинг ёнида бўлдингиз, унга яхши қараб, руҳий тетиклик бахш этдингиз. Шу туфайли Ўлмас ака касалликни енгиб, тузала бошлади”, деганида шунчалар қувонганманки, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр аёлдек ҳис этганман. Тузалиб кетиш­ларига қаттиқ ишонганман ўшанда. Тошкентга қайтганимизда эса Умидани опичлаб кўтарганларини кўриб, бир қувончимга ўн қувонч қўшилган. Энг бахтли кунларим шулар бўлса керак. Бу ҳолат кинолентадай ҳамиша кўз олдимда гавдаланаверади.

— Умидага бағишланган “Қизимга мактуб­лар” асарида Моск­ва касалхонасидаги ҳолатлари, ҳаёт учун, яшаш учун, сиз билан Умидани ёлғиз қолдирмаслик учун тузалиш иштиёқидаги касаллик билан кураш жараёнлари, ички изтироблари акс этган. Асардаги “…Менинг сенга оталик меҳрим ҳаққи уни (онангни) асра, ранжитма, ўкситма, яккалатиб қўйма… ойинг яхши аёл, кўнгли очиқ аёл. Кимдир унга озор етказишига йўл қўйма. Ҳимоя қилишга ўрган. Ёлғизлатиб қўйма”, деган сўзларининг ўзиёқ ёзувчининг сизга бўлган муҳаббатининг нечоғлик буюк эканлигини намоён этади. Бу асар қизингиз Умиданинг ҳаётида қандай аҳамиятга эга бўлди?

— Биласизми, бу асар нафақат Умидани, балки кўплаб ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди, уларнинг ҳаётида ижобий таъсирга эга бўлди. Узоқ йилларгача китобхонлар шу китобни сўраб уйга келишди. Умида ҳам отаси каби ҳақиқатпарвар, тўғрисўз, ростгўй бўлиб камол топ­­ди. Отаси “Қизимга мактуб­лар”да васият қилгани каби илмли, меҳнаткаш қиз бўлди. Иқтисод йўналишида Англиянинг нуфузли университетида таҳсил олди. Бугунги кунда турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам Англияда банк соҳасида ишлашади. Икки нафар қизнинг онаси. Неварам Аннушка 1-синфда, София 7-синфда ўқишади. Айтгандай, неварам София жуда иқтидорли. Барча тест синовларини муваффақиятли топшириб, юқори балл билан Англиядаги энг нуфузли мактаб­­га қабул қилинди.

— Умиданинг Англиядаги уйида “Қизимга мактублар” китоби борми?

— Албатта, бор.

— Ундаги ота насиҳатларига риоя қиладими?

— Шунга интилади. Мен билан дои­мий алоқада бўлади, олисдан бўлса ҳам ёрдамини аямайди, ҳар йили мени кўришга келиб туради. Бу йил ҳам май ойини интизорлик билан кутаяпман.

— Нега?

— Чунки май ойида ёлғизим, Умида келади.

У менинг ҳам Англияда яшашимни истайди. Бир неча бор улар билан бирга яшадим ҳам. Аммо мен ҳар қандай мамлакатда узоқ туролмайман, ўз юртимни соғинаман. Бу ерда Ўлмас аканинг қабрини зиёрат қиламан, чангини артаман… Уни ёлғиз қолдира олмайман. Ўз Ватаним, ўз ҳовлимни яхши кўраман. Бу ерда Ўлмас аканинг руҳи бор! Биз у билан жуда чиройли яшадик, агар ҳаёт бўлганида бундан ҳам чиройлироқ яшаган бўлардик.

— Юртбошимиз севимли адибимиз Ўлмас Умарбековни вафотидан кейин “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлади ва уни сизга топширди. Инсон меҳнати қадр топган юртда яшаяпмиз. Шундай эмасми?

— Мен бир нарсага қувонаман, бизнинг Ўзбекистонимизнинг, ўзбекистонликларнинг пешонаси порлоқ – давлатимизга одамийлиги улуғ, инсон қадрини ҳамма нарсадан устун қўядиган Президентлар насиб қилаяпти. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам жуда олийжаноб инсон эди, Ўлмас ака дардга йўлиққанларида ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар, ҳатто йўқлаб борганлар.

Адиб дунёдан ўтганидан деярли чорак аср вақт ўтгач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ёзувчининг меҳнатини яна бир бор эътироф этди: “Мен Ўлмас акани яхши танирдим, у ажойиб инсон эди”, — деди ва “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени билан тақдирлади. Ўша лаҳзаларда юрагимда икки туйғу бор эди: биринчиси, адибнинг ўзи тирик бўлса-ю, меҳнатининг эътирофидан роҳатланса, иккинчиси, ҳатто ўтганларнинг ҳам меҳнати улуғланадиган юртда яшаётганимизга беҳисоб шукроналар эди!

Адиб хонадонидан қайтар эканман, унинг рафиқасига аталган қалб сўзлари, миннатдорлиги қулоғим остида бу фидойи, садоқатли АЁЛга эҳтиром сифатида жаранглайверди: “Зуҳра, севгилим, яккаю ягонам! Сабр-тоқатингга, меҳрингга, ақл-фаросатингга балли! Яхши ҳам ҳаётда сенга дуч келдим. Меҳрибон дўстим, маслаҳатгўйим, таянчим! Ҳар доим мени, менинг тинчлигим, обрўйим, фароғатимни ўйладинг. Энди ҳеч иккиланмасдан, сидқидилдан айтишим мумкинки, сен бутун ҳаётингни менга бағишладинг. Қувончларимдан қувондинг, қайғуларимдан қайғурдинг, мен учун мендан кўпроқ азоб чекдинг. Бетоб кунларим бутун вужудинг, меҳринг, дилинг билан менга малҳам бўлдинг! Мана, ҳозир ҳам ёнимдасан. Имкони бўлса, менинг дардимни шундай суғуриб олсанг-у ўзингнинг ичингга солсанг! Йўқ, жоним, сенинг соғ юрганинг менинг бахтим, қувончим. Ҳали қизимизни узатасан, невара кўрасан. Худо менга яна қанча умр берган бўлса, ёнимда бўласан. Сенсиз менга бу ҳаёт қоронғу…”

Ўз жуфту ҳалолининг бунчалик розилигига мушарраф бўлиш… Аёл учун бундан ортиқ мукофот, бундан ортиқ бахт борми оламда?! Муқаддас китобларда эрининг розилигига эришиш аёлни энг олий мақомга кўтариши айтилади. Агар аёлнинг улуғ муҳаббати, садоқати, фидоийлиги учун бўйи кўкка етгулик ҳайкал қўйиш зарур бўлса, у, шубҳасиз, ҳаётининг ҳар сонияси умр йўлдошининг ёди билан йўғрилган Зуҳра опа тимсолида бўларди!  

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: