Алвидо деҳқончилик…

Глобал иқлим ўзгаришлари шароитида яшаяпмиз. Табиат кескин ўзгармоқда, уни башорат қилиш мураккаблашмоқда. Айниқса, тупроқ-иқлим хусусиятларининг кескин ўзгараётгани инсониятни мураккаб аҳволга солмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдид остида

Қишлоқ хўжалигида тупроқ-иқлим омили жуда муҳим. Айнан мана шу жиҳат қорнимиз тўқ бўладими, йўқми, белгилаб беради. Сабаби, ўсимлик тупроқдан озиқланади, унинг ўсиши иқлимга боғлиқ. Демак, қишлоқ хўжалиги ҳам бунга мос равишда ташкил этилиши давр талаби, шароит мажбурияти. Агар мослаша олмаса, барқарор қишлоқ хўжалигига путур етади, озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдид остида қолади, энг ёмони – очарчилик! Бундан ёмони бўлмаса керак.

Глобал иқлим шароитлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қандай аксланмоқда? Сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айрим экин турлари учун вегетация даври ноқулайлашмоқда. Тупроқда микробиота мувозанати бузилган – турли касалликлар авж олган.

Мақоламиз сарлавҳасига чиқарилган “Алвидо, NPK”нинг масалага қандай боғлиқлиги бор, деган савол туғилиши табиий.

Батафсил тўхталамиз

Қишлоқ хўжалигидагилар NPK’нинг нима эканлигини яхши билишади: азот (азот), фосфор (P) ва калий (К) минерал ўғитларининг умумий номи. Айнан шу уч модда ўсимликнинг асосий озуқаси ҳисобланади.

Ҳар қандай минерал ўғит ўсимликка ўзлашиши учун, аввало, сув керак. Минерал ўғит сувда эриб эритма ҳолида ўсимликка ўзлашади. Сув бўлмасачи? Эримайди. Демак, ўсимлик озиқлана олмайди.

Сув танқис. Экинни деҳқон ҳозир неча марта суғоряпти? Ўртача, бир марта! Омади келганлар, икки марта. Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида, ҳатто, суғормай пахта етиштираётганлар ҳам бор.

Сув танқис экан, демак, минерал ўғитларнинг ўзлашиши ҳам 0 га тенг! Ўзлашмаган минерал ўғитлар эса тупроқ шўрланишини келтириб чиқаради. Биз, билибми, билмайми, кейинги вақтларда сунъий шўрланишни ҳам юзага келтирдик. Битта сабаби, юқорида ёзилган сув танқислиги омили. Иккинчиси, гектарига солинаётган минерал ўғит меъёри. Бугунги кунга келиб ҳар гектар учун ўрта 1-1.5 т минерал ўғит солиняпти. Шунча минерал ўғит – туз (минерал ўғитлар ҳам туз, эсдан чиқарманг!) қаёққа кетяпти? Ҳеч қаёққа кетаётгани йўқ. Тупроқда тонна-тонна йиғилиб боряпти. Оддий арифметика, ҳисоблаб кўринг. Шунча меъёрни сақлаб қолинса, 10 йилда ҳар гектар ерда ўрта 10-15 т минерал ўғит йиғилишга улгуради. Назарий жиҳатдан-да!
Демак, бир кун келиб илмий исботлар ва хулосалар онгимиздаги догмалардан устун келганда биринчи айтар сўзимиз: “алвидо, NPK!” бўлиши табиийми? Табиий!

Ўзи, бу гапни бугуноқ айтишимиз керак, лекин ҳозирги шароитда ҳам тонналаб минерал ўғит солмаса кўнгли жойига тушмайдиган раҳбарлар бор экан, бу нарса ширин орзулар бўлиб қолаверади.

NPK керак эмас эканда, деган янглиш хулоса келиб чиқмаслиги керак. Суғоришга сув муаммо, лекин ўсимликка озуқа етказиш керак. Бунинг йўли бор. Озуқани суспензия орқали бериш. Шукрки, қишлоқ хўжалигимизда суспензиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Энди, NPK меъёрини суспензия қилиб бериш тажрибасини йўлга қўйиш лозим. Ҳам тежамкор, ҳам самарали, ҳам арзон. 1 тонна минерал ўғитни тупроққа солмайсиз, ўртача 150-200 килосини сувда эритиб баргидан озиқлантирасиз…

Биз замонавий таҳдидлар, хавф-хатарлар билан бирга қадам ташлашимиз керак. Орқада қолишга ҳаққимиз йўқ. Ҳозирку, экинни бир-икки марта суғоришга улгуриб, деҳқончилик қилиб турибмиз, эртагачи? Очлик энг ёмон инстинкт, унинг қаршисида ҳеч қандай инсоний куч тўсиқ бўла олмайди.

Демак, ҳаракатни бугундан бошлашимиз керак.

Бахтиёр Абдуғафур,Колумнист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: