Шуҳрат Усмонов: «Биз соғлом турмуш тарзи тафаккури шаклланишига шароит яратишимиз керак»

Бугун – 26 июнда Ўзбекистоннинг 8 та шаҳрида “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтди.

 «Бир мамлакат, бир старт, бир масофа, бир мақсадбирга югурамиз шиори остида Ўзбекистоннинг 8 та шаҳрида илк бор бир вақтда старт олган Yangi Nafas югуриш акцияси республикамизда Ёшлар кунини муносиб нишонлаш мақсадида ташкил этилди. 26 июнда мактаб ўқувчилари ва талабалар, жамоатчилик вакиллари ва тадбиркорлар, спортчилар ва бошқа югуриш спорти ишқибозлари Тошкентда Чирчиқда, Гулистонда, Фарғонада, Наманганда, Жиззахда, шунингдек Самарқанд ва Шаҳрисабзда 3 км масофага югуриш борасида ўз кучини синаб кўришди.

“Yangi Nafas” югуриш мусобақасининг ташкилий ишлари борасида Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Шуҳрат Усмонов билан суҳбатлашдик.

— Шуҳрат Исмоилович, Yangi Nafas лойиҳасининг яратилиши ҳақида гапириб берсангиз.

— 2020 йилда, Covid-19 пандемияси пайтида Федерациямиз раҳбарияти янги вирусга қарши умумжамоа бўлиб курашишга муносиб ҳисса қўшиш ҳамда фуқаролар орасида югуришни оммалаштириш мақсадида “Yangi Nafas” спорт ҳаракатини ташкиллаштириш ташаббуси билан чиқди.

Ушбу спорт йўналишидаги билим ва маҳоратимиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилди. 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонниннг 19 та шаҳарларида оммавий ижтимоий югуриш мусобақалари ташкил этилди. Уларда 70 мингдан ортиқ одам иштирок этди. 2021 йилда бўлиб ўтган “Yangi Nafas” югуриш марафони эса 100 мингдан ортиқ фуқароларни ўзида бирлаштирди.

Бу йилги Yangi Nafas югуриш мусобақалари қандай тартибда ўтказилади?

— Федерация бу йил югуриш бўйича оммавий спорт мусобақасини янгича форматда ташкил қилишни  режалаштирди. Яъни бир вақтнинг ўзида юртимизнинг 8 та шаҳарларида югуриш мусобақаларига старт берилди. Ушбу югуриш марафонининг иштирокчиларининг асосий қисми ёшлар, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Yangi Nafas” югуриш мусобақаси Ёшлар кунига бағишлаб ташкиллаштирилди. Ушбу ташаббусни Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, «Ўзбекнефтегаз» АЖ қўллаб-қувватлади. Ушбу лойиҳани амалга оширишга қаратилган йирик ташкилий саъй-ҳаракатларни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа иштирокчи шаҳарлар ҳокимликлари ўз зиммасига олишди.

— Ўзбекистонда  Ёшлар кунини тантанали шинонлаш яқин йиллар оралиғида бошланган. Бугунги кунда ёш авлод асосан нималарга  қизиқади?

Covid-19 пандемияси ёшларнинг онги ва дунёқарашига муайян даражада таъсир кўрсатди. Ёш авлод ўртасида ўз-ўзини ривожлантириш ва муваффақиятга эришиш тамойиллари соғлом одат ва кўникмаларни шакллантириш, ўзи ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғуриш, халқ жамият манфаатлари йўлидаги ижтимоий фаоллик билан асосланиб бормоқда. Пандемия авж олган кунларда ҳудудларимиздаги ёшларнинг бирдам, ҳамжиҳат бўлиб, аҳолига ёрдам беришда фаоллик кўрсатганини бир эсланг. Ушбу ғайрат-шижоатни сусайтирмаслик керак. Биз катта авлод сифатида жамиятнинг уйғун ривожланиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундовчи экологик тафаккур шаклланишига қулай шароит яратишимиз керак. Шу мақсадда Ёшлар кунига бағишланган кенг қамровли “Yangi Nafas” югуриш мусобақасини ташкил этиш ва уни ижтимоий ҳамкорликда юқори савияда ўтказишга ҳаракат қилдик.

— Ушбу марафон қандай назорат қилинди? Яъни турли шаҳарларда бир вақтда старт олган оммавий югуриш жараёнлари қандай қилиб тасвирга олинди?

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу тадбирга тайёргарлик бўйича техник масалаларда алоҳида масъуллик кўрсатди. Барча шаҳарлар орасида узлуксиз интернет алоқа бўлишини таъинлаб берди. Бундан ташқари, мазкур оммавий тадбирни ёритишда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳам бевосита амалий ёрдам кўрсатди. Sport TV телеканалида ҳудудий мухбирлар иштирокида мусобақа жараёнларидан тўғридан-тўғри трансляция олиб берилди ва бу тасвирлар онлайн тарзда эфирга узатилди.

Тошкент шаҳридаги ишқибозлар Humo Arena спорт мажмуасидаги 8 та экран орқали 8 та шаҳарда старт берилган «Yangi Nafas” югуриш мусобақаси жараёнларини кузатиб бориш имкониятига эга бўлишди.

— Югуриш мусобақасида ҳакамлар ҳайъати иштироки қандай ташкил этилди?

Федерация томонидан махсус гуруҳ ташкил этилиб, “Yangi Nafas” югуриш мусобақаси ташкил этилаётган шаҳарларга юборилди. Мазкур спорт беллашувининг асосий масалалардан бири – ҳакамлар ҳайъати таркибини аниқлаш эди. Бунинг учун ҳар бир шаҳарда соҳанинг тажрибали мутахассислари жалб этилди. Ушбу ҳакамлар World Athletics халқаро оммавий спорт мусобақаларини ташкиллаштириш ассоциацияси талабларига кўра сараланди.

— “Yangi Nafas” югуриш мусобақасида кимлар қатнашди?

Бу марафонда иштирок этиш чекланмаган, саломатлиги бўйича спорт билан шуғулланиш ва жисмоний ҳаракатларга жиддий тақиқ қўйилмаган барча фуқароларга иштирок этишга рухсат берилди.

Мусобақада ҳар бир иштирокчига имкон даражасида бўлиши учун ўртача масофа 3 км қилиб белгиланди. Югуриш спорт машғулотлари билан жиддий шуғулланувчилар эса одатда  5, 10, 21, 42 км масофаларга югуришади. Югуриш трассасини барча зарурий талабларга мувофиқ қилиб тайёрлаш ҳамда имконияти чекланган иштирокчилар учун хавфсиз бўлишига алоҳида эътибор берилди. Ўйлайманки, Федерация томонидан ушбу масофаларга югуриш ҳам босқичма-босқич оммалаштириб борилади. Бироқ ҳаммасидан ҳам муҳими илк қадамни қўйиш ва бошқаларга қўшилиб югуриш деб ўйлайман.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: