Юртимиз тинчлиги ҳар қандай бойлик ва эркинликлардан муҳим

Шу пайтгача Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ичида Ўзбекистон тинч, бетараф мамлакат сифатида эътироф этилаётганди. Албатта, ҳукуматимизнинг тинчликсевар сиёсати, турли хавфларни одилона ва оқилона четлаб ўтиш бўйича саъй-ҳаракатлари ташқаридаги “ўйинчиларга” ёқмай қолди.

Қорақалпоқларнинг норозилик намойишлари умумий исёнга чорловчи режанинг бир қисми ҳалос. Афсуски, манипуляцион тўда халқ орасига кириб, оломонни кўтаргани, ҳудудда нотинчликни юзага келтиргани аён бўлиб қолмоқда. Шу тариқа “сув тубида чўкиб ётган” зиддият манбалари қўзғалиб, тиниқ сувни лойлатди.
Барчаси худди йил бошида Қозоғистонда бўлган воқеалар каби илдиз отди. Аслида мақсад бир, баҳона бошқа. Урушларни бошқариб турган четдаги жанглёрлар катта ўйинга Ўзбекистонни ҳам қўшиб олмоқчи.
Аслида Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича ислоҳотлар кутилмаганда бошлангани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев ўтган 2021 йилнинг 6 ноябрида – президентлик инагурацияси тантанасида бу ҳақда айтиб ўтганди. 2022 йилнинг майида Конституцион ҳайъат тузилиб, аҳолидан Асосий Қомусни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қила бошлади. Президент конституцияга киритиладиган тузатишларни референдум воситасида тасдиқлаш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Конституциясининг тўлдирилган варианти ҳали муҳокамада, унга киритиладиган ўзгартиришлар узил-кесил тасдиқлангани йўқ. Демак тартибсиз тўполонларга ҳам ўрин йўқ эди. Ҳар бир ўзбекистонлик каби қорақалпоғистонликларнинг ҳам ҳуқуқ-манфаатлари ҳимоя қилинади. Агар конституциянинг қайсидир қўшимчасига қаршилик бўлса, тинч йўл билан мурожаат қилиш мумкин эдику. Бу тўполон бошидагиларнинг фарзандлари, оиласи йўқми? Улар нотинч ҳамдўстлик давлатларидаги каби урушни қўмсаяптими?
Қорақалпоғистонда ҳам Жуқорғи Кенгес бор, у ерда етук, кенг салоҳиятли, давлат раҳбари ишонган, ҳудудни оқилона бошқара оладиган кадрлар ўтирибди. Қолаверса, айни тўполонга сабаб бўлган масала биринчи бор кўтарилмаяпти. Шу пайтгача ҳам бу мавзуда тушунмовчиликлар бўлган ва доим дўстона ҳал этилган. Ҳар доим тарих гувоҳлик бериб турган сахийлигимиз ва дўстпарварлигимиз бизни муросага чорлаган.
Намойишлар марказий бозордан бошланганининг ўзи бу режали сценарий бўлганини айтиб турибди. Қаерда “шох-шабба” тўпланса, ўша ерда бензин пуркаб ўт ёқишга шароит бўлади. Бозор, талабалар шаҳарчаси каби жойларда ғаламислар келиб, ташвиқот ўтказиши, керак пайти “старт” берилиши бизга ёт сценарий эмас.
Ҳаммасига бошқарув ва ҳуқуқ-тартибот органларининг эътиборсизлиги сабабчи бўлган. Карантинда “маска” киймаганларни зўрлаб кийдирганлар нечук бу масалада огоҳликни йўқотиб қўйди?! Нега улар жамоатчилик назоратини жорий қилмади? Нега халқ орасида бунчалик қўзғолон авж олишига йўл қўйди. Тўртта одам йиғилгандаёқ бундай тушуниксиз “толпа”ни тўхтатиш мумкин эдику? Ҳалиям қўзғолон каттага кўтарилиб кетмасидан вақтида бостирилди. Бунда президент шахсан ўзи аралашгани, ҳудуднинг ўзида оқилона мулоқотга киришгани яхши бўлди.
Ўзбекистон тинч ривожланиш йўлидан борар экан, бундай қалқишлар хоҳлаган вақтда ва ҳудудда рўй бериши мумкин. Чунки дунёни шатранж қилиб ўйнаётган ўйинбошилар қурол-яроғ сотиши керак, бунинг учун ҳамма синовларни сабр билан енгаётган юртда нотинчлик уруғини сепиши керак, умуман Марказий Осиёда гегемонликни ўз қўлига олиши керак. Томирида Амир Темур, Тўмарислар қони оқаётган халқлар кучайиб кетиши уларга манфаатли эмас. Шунинг учун ҳар хил фитналарни ишга солиб, тинч миллатларни бир-бирига қайрашади. Миллий низо эса уруш чиқаришда энг қулай йўл.

Аслида улар ун ва нон нархлари, электр тўловлари ошиши билан мамлакатда оломон қалқишини кутишган эди. Шукурки биз бир майизни қирқ бўлиб ейдиган андишали халқмиз. Ер сўраганга еримизни, ош сўраганга ошимизни, нон сўраганга оғзимиздаги луқмамизни ҳам берамиз. Қорақалпоқ ватандошларимиздан ҳам сабрли бўлишларини илтимос қиламиз. Ота-боболаримиздан қолган меросни бўлишолмай дунёга кулги бўлмайлик. Аҳилликда, биродарликда ҳудудларимизни ривожлантирайлик. Президентимиз “Мен Қорақалпоғистон фарзандиман!” деб турганида, бизлар миллат айирмайлик. Аслида ер юзида тоза миллат йўқ. Аллақачонлар ўзбек ва қорақалпоқ қони қўшилиб, бир жон-бир тан бўлиб кетган.
Университетда бирга ўқиган қорақалпоғистонлик курсдошларимиз бўларди, кейинчалик Олий адабиёт курсида ўқиганимизда ҳам истеъдодли қорақалпоқ қизлари билан бирга ўқиб, бир хонада яшаб, “Алпомиш”ни бирга ёд олгандик, Ватанимиз ҳақида бирга шеърлар ёзгандик. Улар жуда ақлли, кенг салоҳиятли ёшлар эди. Мен уларнинг мана шу оломонга қўшилиб намойишга чиққанига ишонмайман. Бу намойишчилар, тўғрироғи уларни кўчага чиқишга гиж-гижлаганлар асли бизнинг ватандошимиз эмас. Уларда эс йўқ, ўзини онгли бошқара олмайдиган одамлар. Агар мушоҳадага лаёқатли бўлсалар ҳар қандай эркинлик халқлар тинчлигидан, оилалар фаровонлигидан, миллат фарзандлари кўзидаги қувонч ва тинчлик тантанасидан устун эмаслигини тушунган бўлишарди.
Мен яна бир бор қардошларимиздан чуқур ўйлаб иш қилишларини, давлатимиз раҳбари куни кеча чин дилдан айтган сўзларни бафуржа “ҳазм” қилишларини, бундан кейин бегона ғояларга тобе бўлиб, қонунга қарши ҳаракат қилмасликларини сўраб қоламан.

Манзура БЕКЖОНОВА, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: