Апельсин антибиотик ўрнини боса оладими?

Апельсин шарбатида микробларга, яллиғланишга қарши самара берувчи фитонцидлар жуда кўп.

Апельсин – дунёда энг кенг тарқалган доимий яшил ёруғликсевар, иссиқсевар ўсимлик. Мазкур цитрус меванинг дарахтлари илк бор Хитойда етиштирилган. Шу сабабли уни қадимда «хитой олмаси» деб аташган. Апельсин сўзи немис тилидан айнан шундай таржима қилинади.

Нордон апельсин тахминан X асрда Европа ҳудудига португалиялик денгизчилар, ширини эса XV асрда генуялик савдогарлар томонидан келтирилган. Дунёдаги айрим халқларда апельсин дарахти ва мевалари муҳаббат рамзи саналади. Реннесанс даври рассомлари ҳам ўз асарларида севишган жуфтликни апельсин дарахтлари остида турган ҳолда тасвирлашган.

Апельсин баҳорнинг бошларида гуллаб, мева тугади. Унинг етилиши деярли етти ой давом этади. Айнан сентябрь-февраль ойларида мевалари пишиб етилади, янги ҳосил шу ойларда магазин пештахталарини безайди. У хомлигича, мармелад, джем ва мурабболар кўринишида, шунингдек кондитер маҳсулотлари таркибида истеъмол қилинади. Мағзи ва пўстлоғи озиқ-овқат саноатида салқин ичимликлар, ликёр ва шаробларга мазали таъм, ёқимли ҳид бериш учун фойдаланилади.

Шифобахш хусусиятлари

  • Апельсинда жуда кўп биологик фаол моддалар бор. Булар фруктоза, глюкоза, калий, магний, фосфор, кальций, темир, клетчатка, лимон кислотаси ҳамда эфир мойларидир. Бу мева А, В1, В2, РР ва асосийси С витамини кони ҳисобланади. Таркибида организмнинг ўсишини таъминловчи ва антиоксидант таъсир кўрсатувчи флавоноидлар сероб.
  • Апельсин иштаҳани яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди, ҳазм жараёнига ижрбий таъсир кўрсатади. Бу цитрус авитаминоз, сурункали чарчоқ кабиларнинг олдини олиш ва даволашда тавсия қилинади. У хатто қандли диабет билан оғриган беморлар учун ҳам фойдалидир.
  • Апельсинни айниқса болалар севиб истеъмол қилишади. Шарбатида микробларга, яллиғланишга қарши самара берувчи фитонцидлар жуда кўп. Шунингдек у яра ва жароҳатларни битказиш, йиринглаган жойларни даволаш хусусиятига эга. Шарбати жигар касалликларини даволашда яхши натижа беради.
  • Апельсин шарбати кам калорияли бўлгани учун уни хоҳлаганчи ичиш мумкин. Совуқ мавсумда бу шарбат шамоллаш касалликларининг олдини олади. Унинг томирлар деворини мустаҳкамлаш, қон босимини тушириш, мия фаолиятини ва қон таркибини яхшилаш, ҳужайралардаги моддалар алмашинувини маромига келтириш каби хусусиятлари айниқса аҳамиятга эга. Бу мева тана ҳарорати кўтарилганда туширишга, бўғимлардаги оғриқларни камайтиришга кўмаклашади. Бактерияларга қирон келтириш хусусиятига кўра уни ташқи ва ички муолажаларда ишлатиш мумкин.
  • Куйиш ва унча катта бўлмаган тери жароҳатларида апельсин мағзини бўтқа ҳолида ярага қўйилса тез битказади. Бу малҳамни қўйганда яхшигина ачиштириши мумкин аммо уни тез даволаш имконини беради.
  •  Апельсин милклар яллиғланиши ва бошқа оғиз бўшлиғи муаммоларида асқатади. Демак уй шароитида оғиз яллиғланишини даволашга бошқа воситалар бўлмаганда бемалол апельсин шарбатидан фойдаланиш мумкин.
  • Таркибида кўп миқдорда пектин танадан шлакларни ҳайдашга ҳисса қўшади, уни мунтазам истеъмол қилиш қабзиятдек нохуш ҳолатга барҳам беради.
  • Сийдик-тош касалликлари ва пешоб йўли шамоллашида ушбу аралашмадан фойдаланиб даволанса бўлади: қора турп шарбатидан 1 қисм, апельсин шарбатидан 3 қисм қўшиб аралаштирасиз. Бу суюқликдан оч қоринга кун давомида тўрт марта бўлиб-бўлиб, жами 100 мл ичасиз.
  • Бу ичимликда витаминлар кўплиги ва юқори кислотали хусусияти учун оғир оқсилли таомларни ҳазм қилишни тезлаштиради. Шунингдек бу восита қондаги холестеринни камайтиришга ҳам ҳисса қўшади.
  • Дунёда семизликдан қутқарувчи қатор апельсинли парҳезлар бор. Таркиби озиқ-моддаларга кон бўлгани учун у озиш парҳези тутувчиларда стрессларнинг олдини олади.
  • Апельсин ошқозон ҳамда ўн икки бармоқли ичак ярасида тавсия этилмайди.

Қандай танлаймиз ва сақлаймиз?

Апельсин сотиб олганда унинг ташқи кўринишига эътибор беринг. Сифатли маҳсулотнинг пўстлоғида тўқ рангли доғлар ва қотишмалар бўлмайди. Кўпчилик унинг рангига аҳамият қаратади. Аммо бу нотўғри, апельсиннинг соғлом ранги тўқ сариқдан оч ва тўқ оловранггача бўлади. Бу меванинг қай навга мансублиги билан боғлиқ.

Апельсиннинг қаттиқ-юмшоқлигига ҳам аҳамият қаратинг. Сархил апельсин юмшоқ бўлмайди. Шунингдек унинг сифатлисининг донаси оғир, кичиклари катталаридан ширинроқ бўлади. Юмшоқ ва ширин ҳид таралиб турган апельсин бўлса, билингки, у янги эмас. Жанубий ўлкаларда етиштириладиган апельсинни совуқни ёқтирмайди. Шунинг учун совиткичда уни узоқ сақлаб бўлмайди. Бундан ташқари целлофанда ва оғзи ёпиқ вакуумли идишларда қўйилса тез айнийди. Салқин, шамол айланиб турган, зах бўлмаган ертўлада олти ойгача, уй ёки балконда 6-10 даражагача хароратда бир ярим ойгача сақланиши мумкин.

Муҳим фактлар

  • Апельсин дарахти юз йилгача умр кўриши мумкин.
  • Апельсиннинг «Валенсия» нави бу меванинг дунёда энг кўп тарқалган нави саналади. Апельсинлар ҳосилдорлик рамзи саналади.
  • Бир дона апельсинда мавжуд клетчаткага эга бўлиш учун етти ликопча маккажўхори бодроқларини истеъмол қилиш керак.
  •  Дунёда шоколад ва ванилдан кейин апельсин ҳиди энг ёқимли ҳид дея тан олинган.
  • Бир дона апельсин таркибида С витаминининг кунлик нормаси мавжуд.
  • Юз учун ниқоб
  • Бу цитрус мева косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Айнан тери қуруқшашида, сочлар кучсизланишида терини ва соч илдизларини витамин билан бойитиш эвазига ижобий самара беради. Бу мақсадда апельсинли ниқоблардан фойдаланиш мумкин.
  • 2 ош қошиқ бирон мева бўтқаси, битта тухум сариғи, 1 ош қошиқ пиширилган сули ёрмаси 2 томчи 100 фоизлик апельсин мойи аралаштирилади. Юзни ювиб артасиз, сўнг ниқобни суриб ва 20 дақиқа қўясиз. Кейин илиқ сувда ювиб ташлайсиз.
  •  Бир ҳафтада уч мартадан бир ой давомида бошқа пардоз воситалари суртмасдан шу усулда юзингизни парваришласангиз у таранг ва ялтироқ ҳолатга келади.

Соч учун ниқоб

Бир дона кичикроқ апельсинни блендерда бўтқа ҳолига келтирасиз (пўсти ва уруғлари солинмайди), унга 2 қошиқ табиий асални аралаштирасиз. Сўнг сочларингизнинг илдизига суртиб целлофан қалпоқча киясиз. Устидан сочиқ ўраб 40 дақиқа кутасиз ва илиқ сувда шампунсиз яхшилаб ювасиз.

Бу ниқобдан кейин фен билан қуритмайсиз. Қуригандан кейин сочларингиз кўркам ва соғлом тусга киради.

Шифобахш апельсинли чой

Апельсин пўстлоғидан солиб дамланган чой шамоллаш ва неврозларни бартараф қилишга қодир. Уни тайёрлаш учун чойнакка бир ош қошиқ майиз ва яримта апельсин пўстлоғини майдалаб соласиз. Кейин одатдагидек бир чой қошиқ қуруқ чой билан қайноқ сувда дамлайсиз. Шифобахш чойга 5-6 дақиқа дам бериб илиқ ҳолда бироз асал қўшиб ичиш мумкин.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: