Ўзида тажриба ўтказган шифокорлар

Тиббиётда шундай воқеалар бўлганки, у ёки бу назарияни исботлаб бериш учун айрим шифокорлар ўзида тажриба ўтказиб, муҳим кашфиётлар яратган. Қуйида шундай врачлар ҳақидаги фактларни ҳавола қиламиз.

А.Уайт

Ўтган даврларда инфекциялар қўзғатадиган хасталикларнинг қандай тарқалиши, кечиши ва давосини аниқлаш мақсадида кўпгина шифокорлар амалиёт олиб боришган. Улар инсонлар саломатлигини асраш йўлида тап тортмасдан касалликни ўз танасига юқтириб, тадқиқот ўтказишган. Шундай мутахассислардан бири инглиз шифокори А. Уайтдир.

А.Уайт ХIX асрда ўлат касаллигини ўрганиш мақсадида Мисрга боради ва ўзига бу касалликни юқтириб олади. Довюрак шифокор бу қалтис қарори оқибатида ўлат касаллигидан вафот этади. Бироқ ўз кундалигига ўлатнинг ривожланиши ва кечиши борасидаги реал кузатувларига асосланган муҳим қайдларни ёзиб қолдиради.

Бу воқеадан роппа-роса 100 йил ўтиб, XX аср бошларида Африка ва Американинг бир қатор ҳудудларида безгак касаллиги кенг тарқалган. Ўшанда шифокорлар кўп сонли аҳолининг ўлимига сабаб бўлаётган хасталикнинг тарқалишига тупроқдан буғланиб чиқаётган газлар сабаб бўлаётганини тахмин қилишган. Фақат кубалик доктор Карлос Финлей безгак қўзғатувчиси тропик чивинлар эканлиги ҳақидаги назарияни илгари суради. У ҳатто Париж академиясида бу ҳақда маъруза ҳам қилади. Аммо унга ҳеч ким ишонмайди.

Джесс Лесеар

Доктор Финлей илгари сурган тахминни исботлашни шифокор Джесс Ласеар ўз зиммасига олди. У тропик чивинга ўзини чақтиради ва безгак хасталигини юқтириб олади. Ласеар вафот этади аммо ўз жонини фидо қилиб бўлса ҳам касалликнинг келиб чиқиши ҳақидаги қарашларни асослаб беради.

Тиббиёт тарихида туляремия, захм, сўзак, терлама, лейшманиоз ва бошқа кўплаб юқумли касалликларни ўрганиш учун ўз танасига юқтириб, тадқиқ қилган олимлар кўп бўлган. Улар ҳаётини хавф остига қўйиб, касалликлар қандай пайдо бўлиши, қандай юқиши ва тарқалиши, қандай кечиши ва қай чоралар уларни енгишга ёрдам беришини ўрганишган.

Эммерих Ульман

Тиббиётда янги кашф этилган касалликларга қарши эмдорилар (вакциналар)нинг самарасини синаб кўриш ҳам муҳим вазифа бўлган. Мисол учун бир пайтлар француз олими Луи Пастер қутуриш касаллигига қарши вакцинани яратган эди. Аммо бу вакцина билан беморни фақат қутурган ит тишлаганда эмлаш лозим. Негаки, одамни тишлаган ит қутурмаган бўлса, эмланган одам қутуриш касаллигига дучор бўлиши мумкин, деган тахмин ҳам йўқ эмасди.

Мазкур препаратнинг хавфсизлигини исботлаб бериш учун Эммерих Ульман исмли шифокор уни ўзида синаб кўришга қарор қилади. Ит тишламаган бўлса ҳам у дорини ўз танасига юборади ва омон қолади. Шу тариқа вакцинанинг соғлом кишилар учун тамоман хавфсиз эканлигини аниқлашга катта ҳисса қўшади. Унинг мардлиги натижасида қутуришга қарши дори воситаси тиббиётда кенг миқёсда қўлланила бошлайди.

Джозеф Гольдбергер

1916 йилда америкалик профессор Джозеф Гольдбергер ва унинг касбдошлари пеллагра (авитаминознинг бир тури, никотин кислота танқислиги оқибатида келиб чиқадиган касаллик)нинг хусусиятларини аниқлаш мақсадида бир неча кун давомида ўз овқатига зарарланган зарраларни қўшиб истеъмол қилишди. Аммо улардан ҳеч бирида касаллик аломатлари кузатилмади. Шу тариқа пеллагранинг юқумли касаллик эмаслиги аниқланди.

Ален Бомбер

Франциялик шифокор Аллен Бомберни ҳар доим бир савол қизиқтириб келарди. Нега кемалар ҳалокатга учраганда мустақил равишда ўз ҳаётини асраб қолувчилар камдан-кам топилади. Кема чўкканда қайиқда омон қолган одам овқат ва ичимлик сувисиз қуруқликка етиб олгунча бардош бериши мумкинми?

Бомбер буни ўз тажрибасида синаб кўрмоқчи бўлди. Шу мақсадда 1952 йилда Атлантика океани бўйлаб Канар оролларидан Барбадос оролига қараб йўлга чиқди. Бомбер уммон оша деярли 2375 миль (4400 км) масофани қайиқда сузиб ўтди. Бу вақт мобайнида (65 кун) фақат балиқ ва планктон билан озиқланди. Сув қолмаганда океаннинг шўр сувидан ичди. Шу тариқа оз эмас, кўп эмас 25 кг вазн ташлади. Бу унинг саломатлигига жиддий зиён етказди. Оролга етиб келганида олинган таҳлиллардан маълум бўлдики, унинг қонидаги гемоглобин даражаси аянчли кўрсаткичларга тушиб кетган, танасига турли тошмалар тошган, оёқларидаги тирноқлари тамоман кўчиб тушганди. Кўриш тизими ҳам жиддий ўзгаришларга учраган эди.

Бироқ вақт ўтиши билан 28 яшар олимнинг организми аввалги ҳолатини тиклаб олди. Шундан кейин 80 ёшгача умргузаронлик қилди. Олим кема ҳалокатига учраб, омон қолганларни очлик ва сувсизлик эмас, қўрқув ва ҳимоясизлик ўлимга маҳкум этишини амалда исботлаб берди.

Санторио

Санторио — Ўрта асрларда яшаб ўтган машҳур шифокор. У симобли ҳарорат ўлчагич (градусник)ни ихтиро қилган. Санторио ўз фаолияти давомида одам организмидаги моддалар алмашинуви жараёнларини тадқиқ қилиб, тиб илми тараққиётига катта ҳисса қўшган.

Мазкур врач ўтказган энг муҳим тадқиқот 30 йил давом этган. Бу тадқиқотда у ўз вазнини ҳар куни икки марта (эрталаб ва кечқурун) ўлчаб кўрар эди. Шунингдек ўзи истеъмол қилган барча маҳсулотлар, ҳатто сувнинг ҳам оғирлигини ҳисоблаб, организмидан табиий йўл билан чиқувчи ажралмаларни ҳам назорат қиларди.

Шу тарзда у танага кириб келувчи маҳсулотлар вазни танадан чиқувчи чиқиндилардан оғирроқ бўлишини аниқлади. Истеъмол қилинган озиқлардаги намликнинг бир қисми тери орқали буғланиб кетиши ва тер кўринишида ташқарига чиқишини исботлаб берди.

Бугунги кунда бу ҳеч ким учун янгилик эмас. Аммо илм-фан йўналишида янги сўз айтган олимлар тазйиқ остига олинган XVI асрда бу тадқиқотни амалга ошириш мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди.

Доктор Экстази

Мазкур америкалик кимёгар, доришуноснинг қаҳрамонлиги бир қарашда аҳамиятли туюлмайди. Ҳатто кинояли кулгуга сабаб бўлиши мумкин. Руҳий фаолликни оширувчи моддаларнинг инсон организмига таъсирини ўрганиш бўйича тажрибалар олиб борган олим, рус эмигрантининг ўғли Александр Шульгин бутун дунёда “Доктор Экстази” номи билан машҳур бўлган. Чунки у шу номдаги психотроп дори воситасини яратган ва тажрибадан ўтказган. Бу препаратни у фақатгина ўзида эмас, рафиқасида ҳам синаб кўрган.

Гап шундаки, олим гиёҳванд модда эмас, айрим руҳий хасталикларни даволашда қўл келувчи доривор препаратни яратишни мақсад қилган эди. Бу воситани қабул қилар экан, унинг ўз организмига қандай салбий таъсирлари борлигидан тамоман бехабар эди. Негаки, ушбу синаб кўрилмаган дори ҳар бир организмга турлича таъсир кўрсатиши, яъни уни қабул қилган одам ақлу хушидан вақтинча эмас, бир умрга ажраб қолиши ёки саломатлигига бошқа бир зиён етиши эҳтимоли ҳам йўқ эмасди.

Шундай қалтис тадқиқотни ўзида синаб кўрган олим, бу модданинг салбий жиҳатларини аниқлаб берди. Шульгин тажрибадан сўнг омон қолади ва 2014 йилда 88 ёшида вафот этади. Унинг рафиқаси эса бундан ҳам кўпроқ яшаган. У ҳам психотроп моддаларнинг дори воситаси сифатида амалиётда қўлланилишига қарши фаолият олиб борган.

ГУЛШАН тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: