«Қиш бўйи совқотган бойчечак каби, илк бор ҳаётимда уйғонди баҳор…»

 

Хуршида НИШОНОВА 

1987 йил 21 январда Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилган. Наманган Педагогика коллежида, сўнг Ўзбекистон Республикаси ёзувчилар уюшмаси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида ташкил этилган Олий Адабиёт Курсида таҳсил олган.

“Ширин азоб” (2006), “Сирли Бедорлик” (2007), “Рангин фасллар” (2017) номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

***

Умрнинг энг тотли лаҳзаларини

Кўзимда ёш билан япроққа битдим.

Ёз кетди…

Боғларни авради ҳазон

Ҳазонга эврилиб тупроққа етдим.

 

Умрнинг энг ғамгин дақиқаларин

Булутларга белаб самога осдим.

Ғамларни оқартди қаҳрабодек қиш

Қорларга буркади, сочимга осдим.

 

Умрда улғаяр сарғайган соғинч,

Гуллашга чоғланди ҳасратлар минг бор.

Қиш бўйи совқотган бойчечак каби,

Илк бор ҳаётимда уйғонди баҳор.

***

Ҳамма гап юракда,

Ҳамма гап дилда.

Тақдирга тўнкадим гуноҳларимни.

Ҳамма гап тилакда,

Ҳамма гап тилда,

Қай касга атадим дил оҳларимни.

 

Яна қайтиб келдим, о, шўрлик Мажнун,

Оллоҳ ҳурматичун хатоимдан кеч.

Менинг ҳам руҳимни ўртади жунун

Биламан, энди кеч.

 

Қанча шамолларни кўрди бу замин,

Қанча эврилишлар кўрди юрагим.

Умр савдосидан олиб бир бор тин,

Мажнуним, келяпти бир сени кўргим.

***

Борлиқни бағрига олар қора тун,

Кимдир қимор ўйнар сўрига миниб.

Одамлардан бўшаб қолди кекса дун,

Майсалар ўкинчи шабнамга иниб.

 

Эски увададек ташландиқ йўлдан,

Кўзларини ишқаб ўтар автолар.

Қаршимдаги нурга интила борсам,

Мени таъқиб қила бошлар хатолар.

 

Ҳеч ким гувоҳ эмас Ўзидан бўлак.

Ҳеч нарса келмайди менинг қўлимдан.

Қувончни ортади кифтим ўнгига,

Ғамни сургун қила бошлар сўлимдан.

 

Кўлнинг меҳробидан эшитилади,

Ёқимли қироат улуғвор сано.

Туни бўйи қидириб топади тонгни,

Кўзларидан кечган бир хилқат танҳо…

***

Муҳаббат айлана, айлантиради

Сенинг ўйларингни,

Хаёлларингни.

Бир куни қошингга олиб келади

Тақдирга исёнкор саволларингни.

Бахт эса тўртбурчак,

Тўрт томони бир

Қай ёнга қарама манзил бир қадам.

Кўз юмиб очгунча шу бахт қасрида

Умрин ниҳоялаб қўяди одам.

Армон билан орзу параллел гўё,

Ажратиб бўлмайди биридан бирин,

Ҳар иккиси аро телбавор одам

Қидириб яшайди,

Ҳаётнинг сирин.

 

ЛУТФИЙ ҒАЗАЛИГИ МУСАДДАС

 

Балоларга мубтало қилурсен,

Ишқим дашти карбало қилурсен,

Аламларим ибтидо қилурсен,

Қувончларим интихо қилурсен.

Нега жонима жафо қилурсен?

Вақт ўлди агар вафо қилурсен.

 

Илдизим мани Момо Ҳаводир,

Йўлларимда йўлиққани риёдир.

Дилингда мудом кайфи сафодир,

Қалбимда ҳануз шўхи наводир.

Ўлтир мани ноз ила, раводир,

Гар ҳожатими раво қилурсен.

 

Дун солмасин аламни кўзинг узра,

Парвона бўлойин сўзинг узра.

Шодлик либосин ёй рўзинг узра,

Қадаҳга тўлайин тўзинг узра,

Ул зулфни солма юзинг узра.

Ким юз била минг бало қилурсен.

 

Хуршидни кўп ила ошно қилғил,

Дардима фироқни даво қилғил.

Йўлларимга минг хил бало қилғил,

Бу йўлда висолни даъво қилғил.

Жондин илкингни Лутфий ювғил,

Чин ишқ ила мархабо қилурсен.

***

Ибтидодан интиҳо қадар ишққа ташнаман,

Аршнинг соясин тилаб магар ишққа ташнаман.

 

Имдодинг туҳфа этсанг менда истиғно этдим,

Елдирим оқибати камар ишққа ташнаман.

 

Тонгда, тунда эсирик каби симирдим бода,

Зарифим, кўргин дилим бесар ишққа ташнаман.

 

Беиш ва ёрти кўнгул хаёлотимда такфин,

Шўришдан дилим бўлиб қамар, ишққа ташнаман.

 

Хуршида ихтиёр эт, пойида ҳок ўлмоқни,

Дайрдин кетдим бадар, ишққа ташнаман.

* * * 

Мағрурлик чарчатди,

Ғурур оғритди.

Бошимни кўтариб булутга етдим.

Булутлардан ўтдим, ойни опичлаб

Юрагимдан кетдим…

 

Сўнг дайдиб юрибман бошқа юракда

Алам, армон деган йўлаклар аро.

Сенинг дардларингга тўлган юракнинг

Куни ҳам,

Туни ҳам,

Уни ҳам яро.

 

Далли-девоналик қадаримми ё

Балки саргардонлик умрим оҳлари.

Мен ҳануз йўллардан кетиб боряпман,

Тўкилиб бормоқда бор гуноҳларим…

***

Руҳимда тинмасдан

Юз одамга қарши кураш қилади

Беш инсон…

Одамлардан чўчиб денгизни эмас,

Самони жунбушга солар

Посейдон.

Бугун Ахиллнинг товонин чирмаб,

Исёнкор руҳимни қўйганман боғлаб.

Бир майса Худонинг раҳмати билан

Турибди ўн уч йил

Номусим сақлаб.

Елена,

Ситани восита қилиб,

Троя,

Ланканинг кўрдим кулини.

Энди майда ғамлар,

Одамлар ичра,

Қидириб юрибман ишқнинг гулини.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: