Ялпиз асабларни тинчлантиради

Инсоният ялпиз турларидан бир неча минг йиллардан буён фойдаланиб келади. Қадимги Юнонистонда бу ўсимликдан хушбўй атир тайёрлашган. Римликлар асал аралашган ялпизли мусаллас билан нафас йўлларини тозалашган.

Қадимги табиблар қолдирган манбаларда айтилишича, ялпиз умрни узайтирувчи дори сифатида ажойиб воситадир. Меъда-ичак ҳамда сийдик йўли хасталикларида, йўтал ва бош оғриғи синдромини даволашда, кишини ҳашарот ёки илон чаққанда ҳам ялпизнинг фойдаси кўп. Ялпиз чойга ёки таомларга қўшиб истеъмол қилинса, танани қиздиради, қон айланишини яхшилайди, асабни тинчлантиради, хасталикдан тузалаётган организмнинг қувватини оширади. Буюк ҳаким Ибн Сино: “Ялпиз меъдани қувватлантиради, таом ҳазмига ёрдам беради, шиллиқ моддани камайтиради ва қон қусишни тўхтатади. Унинг сариқ хасталиги муолажасида нафи кўпдир”, деб ёзган. Рус халқ табобатида ялпиз барглари, тозаловчи, тер ҳамда пешоб ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади.

Ялпиз юрак фаолиятини яхшилаши, юрак тез урганда секинлаштириши, қон айланишини равонлаштириши ва терлатиш хусусиятлари азалдан маълум. Ота-боболаримиз, кекса момоларимиз бу ўсимликдан шамоллашни даволашда ва иситмани туширишда фойдаланишган. Ялпизнинг бўшаштирувчи хусусиятга эга. Уни салат ва таомларга қўшиб истеъмол қилиб юрилса аъзолар яллиғланишига қарши таъсир кўрсатади.

Ялпиз таркибида органик кислоталар, минерал тузлар ва дармондорилар мавжуд бўлиб, у жиғилдон қайнашида ёрдам беради, турғун сафрони ҳайдаб, жигарни тозалайди. Унинг таркибидаги тахир моддалар жигар ва ўт қопини мустаҳкамлайди, ўтдаги тошларни туширишда ҳам ялпиздан фойдаланса бўлади.

Ялпизнинг шифобахшлиги колитда, ичак ярасида, ич қотишида синалиб ўз исботини топган. Қорин дам бўлганда, меъдада оғриқ, санчиқ, оғирлик бўлганда, жиғилдон қайнаши, ҳиқичоқ, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниши қийнаганда ялпизнинг кўмагига таяниш мумкин.

Бўғимлар яллиғланишига оид артрит ва подагра каби касалликларда оғриган соҳага ялпизнинг янги узилган барглари эзилиб боғланса оғриқни қолдиради.

Ҳозирги вақтда тиш пасталари, оғизни чайиш элексирларига ялпиз қўшилади. Демак, ялпиз тиш-милк касалликларида беназир малҳамдир. Милклар яллиғланиши билан боғлиқ “денгиз касаллиги”да ҳам бу неъмат ажойиб муолажа бўла олади.

Ялпиз мойи – шифонинг кони

Ялпиз бугунги кун фитотерапияси, ароматерапия ва фармокологиясида ҳам кенг қўлланилади. Бу ўлан таркибидаги эфир мойлари, айниқса, камфора ва ментол мойи аъзоларни совуқ урганда даволовчи, бирор жой тилинган ёки чақа бўлганда газак олиб йиринглашдан сақловчи яхши антисептикдир. Шунингдек, ялпиз мойи нафас йўллари хасталикларида ҳидланса ва томоқ оғриғини қолдиришда оғиз чайиш воситаси сифатида сувга қўшиб ишлатилса самарали фойда беради.

Ялпиз мойи тиш оғриғини қолдиради, бир томчиси қулоқ оғриғига даво. Бу мой чўмилганда ваннага солинса тери тонусини оширади, бадандаги турли тошмалардан халос қилади. Бош айланганда ва ҳушдан кетиш ҳолатларида ҳидланса онгни тетиклаштиради.

Ошпазлар ҳамроҳи – ялпиз

Ялпиз сувида эфир мойи, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, глюкоза, рутин, С дармондориси ва яна бир қатор фойдали моддалар бор. Айнан шунинг учун овқатланиш таркибида самарали қўлланилади.

Озиқ-овқат саноатида ширин кулча, ўткир спиртли ичимликларга ёқимли ифор ва таъм бериши учун ялпиз ёғи қўшилади. Шунингдек, ялпиз пазандаликда, қандолатчиликда ҳамда ликёр-ароқ саноатида кенг қўлланилиб келади. Унинг янги узилган барглари турли салатлар, шўрваларга, мастава, мошхўрда ва бошқа гўштли таомларга қўшилади.

Ёзда қуритиб, олиб қўйилган барглари яхна ичимликлар тайёрлашда ишлатилади ёки чойга қўшиб дамланса ажойиб ифор беради. Қуритилган ялпиз баргидан дамланган чой турли меъда-ичак бузилишларида шифо бўлади.

Ортиқча вазндан қутулишда ҳам ялпизнинг нафи катта. Масалан, қиш фаслида одам бироз вазн тўплайди. Баҳор келиши билан ҳар икки соатда янги узилган ялпиз баргини ҳидлаб, ундан сабзавотли салат ёки қатиқли окрошка тайёрлаб истеъмол қилинса иштаҳани пасайтиради, қоринни тўқ тутади. Бундай парҳез натижасида бир ҳафтада икки-уч кило вазн ташлаш мумкин.

Фойдали маслаҳатлар

  • Шамолламаслик учун ялпизли чой ичиб юринг. Бундай чой руҳий безовталикни, асабийликни даф этади, уйқуни яхшилайди. Дераза токчасида гултувакда ялпиз ўстирсангиз шамоллашдан, аллергиядан йироқ бўласиз, ўзингизни бардам сезасиз.
  • Эрталаб бир стакан қайноқ сувга бир ош қошиқ қуритилган ялпиз солиб, ўн дақиқа дамлаб ичсангиз, кун давомида яхши кайфият сизга ҳамроҳ бўлади.
  • Бошингиз оғриса бир чой қошиқ кўк чой ва бир чимдим ялпиз солиб, бир чойнак чой дамланг. Бу чойга 5 дақиқа дам бериб, 2-3 пиёла ичинг. Орадан 20 дақиқа ўтиб, бош оғриғидан батамом қутуласиз.
  • Ялпиз шираси асал суви билан аралаштириб, 2-3 томчи қулоққа томизилса оғриқни тўхтатади.

Ҳайз маромининг бузилишида, климаксда руҳий ҳолатни мувофиқлаштиришда ялпизли дамламалар тавсия этилади.

  • 1 ош қошиқ ялпиз барглари бир стакан қайноқ сувда дамланиб, 15 дақиқа тиндириб қўйилади. Бу дамлама докадан сизиб, кун давомида 1-2 марта илиқ ҳолда ичилса тумов ва йўтални тўхтатади.
  • Ич қотишини даволашда 4 ош қошиқ ялпиз барглари 1 литр қайноқ сувда дамланади ва идишнинг оғзи маҳкам беркитилади. Тайёр дамлама сузилиб, кунига 3 маҳал ярим стакандан ичилади.
  • Ялпиз балғам кўчириш хусусиятига ҳам эга. Шу сабабдан нафас йўли касалликларининг олдини олиш ва даволашда кенг қўлланади.
  • Ялпиз ошқозон ости бези иш фаолиятига ҳам яхши таъсир кўрсатади, шу боис уни қандли диабет билан оғриган кишиларга тавсия этишади.
  • Гипертония, атеросклероз, стенокардия, невроз, уйқусизлик, ошқозон ва ичак касалликларида фойда беради. Чунки асабларни тинчлантириб, бош оғриғини қолдиради, қонни суюлтиради. Уйқудан олдин ичилса, чарчоқни ёзиб, яхши дам олишни таъминлайди.
  • Ялпиз таркибидаги ментол моддаси артериал қон босимини туширишда ёрдам беради.
  • Оёқларда замбуруғли касаллик бўлганда ялпиз шарбатини туз билан аралаштириб, касалланган жойга то у буткул соғайиб кетгунига қадар компресс қилиб қўйилади.
  • Невралгия, артрит, миозитда ялпиздан оғриқ қолдирувчи ҳамда яллиғланишга қарши восита сифатида фойдаланиш мумкин.
  • Ялпиз таркибидаги ментол моддаси унга ўзига ҳос ифор беради. Ана шу ёқимли ҳиди сабабли у кўпгина маҳсулотлар таркибига қўшилади. Бу модда мия фаолиятини кучайтириши аниқланган.

Эслатма!

 Ялпизни кўп истеъмол қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда у юрак ўйноғи ва уйқу бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ялпизли чойларни қон босими паст кишилар ичиши тавсия қилинмайди.

Ялпиз таркибидаги моддаларга сезгирлиги юқори бўлган одамлар уни истеъмолдан чеклаганлари маъқул.

Веналарнинг варикоз кенгайишида ҳам ялпизга ружу қўйиш мумкин эмас.

Эркаклар кўп ялпиз истеъмол қилса жинсий қувватни заифлаштириши мумкин.

ГУЛШАН тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: