Манзура БЕКЖОНОВА
(Манзура Бахтиёр)
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини тамомлаган. Сўнг университет қошида ташкил этилган Олий адабиёт курсида таҳсил олган.
«Таскин», «Наъматак ифори», «Иқрор», «Тўёна» номли шеърий китоблар муаллифи. «Фарзанд уволи» номли ҳикоялар тўплами чоп этилган.
«Ақчакўл илҳомлари», «Атиргул», «Ижодкор аёл», «Экожурналистика» каби танловлар ғолиби.
«Туркистон-пресс» ахборот агентлигида, «Хива тонги», «Шифо-инфо», «Сирли табобат» газеталарида фаолият олиб борган. Ҳозирда «Тафаккур қаноти» нашриёти бош муҳаррири.
ОҚ ТОНГЛАР
Оқ тонглар висолдан этганда огоҳ,
Илҳоминг энтикиб, сўрганда қалам –
Ой-куни етгандир, дард тутар ногоҳ.
Бахтлисан, келмишдир сен кутган олам!
Яноғинг шабнамлар мушкига чайсанг,
Кипригинг бўсалар ишқи куйдурса,
Дил – кундан нур олиб бўй чўзган майса,
Орзулар жилмайиб хонатлас кийса…
«Мен келдим!» деганда шивирлаб шамол,
Ҳисларнинг қўйнига отилса юрак,
Қувончлар ёпинса ям-яшил рўмол –
Бу севги, бу ёшлик қайтибди демак!
Жисмингни илитса жонбахш бир ёғду,
Ғуборинг аритса гулнинг ифори,
Ороминг кўзига келмаса уйқу –
Кутиб ол, қайтибди қалбнинг баҳори!
Кел, эркам, ичайлик бахтнинг бодасин,
Умидлар сочига тақиб тол баргак.
Ўриклар кийганда келин либосин,
Рўёбга айлансин биз севган эртак.
БАҲОРНИ СОҒИНИБ
Юзим босиб ях ойналарга
Деразадан термулиб кутдим.
Сабрим тўлиб паймоналарга,
Мен баҳорни соғиниб кетдим.
Майин еллар тезроқ етказинг
Яшил майсаларнинг бўйини.
Интиқ бўлган диллар яйрасин,
Наврўз чалсин севги куйини.
Музлаб қолган кўллар эрисин,
Далаларда чопсин ирмоқлар.
Кулсин юртнинг ёшу қариси,
Чечак терсин шўх қизалоқлар.
Бахти кулган келинчак каби
Эркаланай қучоқларингда.
Гул баҳорим жисмимни тезроқ
Ҳалос эт қиш чарчоқларидан.
Қиш уйида орзиқиб кутдим,
Аҳволимга кулди деворлар.
Қалдирғочдек шўнғидим кетдим,
Пешвоз чиқди менга баҳорлар!
КЕЛ, БАҲОРИМ
Тоғда мудраб ётган бодом кўзин очди,
Музлар эриб, сойнинг кўнгли тўлиб тошди,
Тонг шамоли димоғимга атрин сочди,
Кел, бир ўпай, баҳоржоним, сени соғиндим!
Гул косада шароб тутса ошиқ қушга,
Юлдузлардан нур ёғилгай дала-даштга,
Сирим очай қайтиб келган қалдирғочга,
Кел, бир ўпай, баҳоржоним, сени соғиндим!
Ёноғидан бўса олгин қизғалдоғинг,
Ёмғир бўлиб эркалат сабза ўтлоғинг,
Кўр, чечакка тўлиб кетган боғу роғинг,
Кел, бир ўпай, баҳоржоним, сени соғиндим!
Тушда эртакларга элтган сен эмасмидинг?
Кўнгилларга ишқ уруғин сен экмасмидинг?
Гулдай бўлиб остонамга тўкилмадингми?
Кел, баҳорим сен менчалик соғинмадингми?
***
Қошимга қиличнинг сояси тушди,
Кўзим дарёсида лойқаланди сув.
Чилбир чўлларида ақлим адашди,
Ишқсизлар севгимга солганда қутқу.
Мен Барчин бўлишни хоҳладим, Алпим,
Қирқ кокилни ўраб, чамбарак қилдим.
Бардошимга аза очмади қалбим,
Вафони ўзимга сингил деб билдим.
Осмонлар дўқ урса, қовоғин солиб,
Рўмолим тушса ҳам еллар қўлига,
Тутинган синглимни бағримга босиб,
Бедор термуламан Алпим йўлига.
Қайтингиз, Алпомиш, баҳор ҳам қайтди,
Кўнглим мулки ичра танҳо тўра – Сиз!
Булбуллар тушимда ёр-ёрлар айтди,
Мен-да куйлаб юбораман, кўрасиз!
Қайтинг, йўлингизга тўшалай чимдай,
Бахтимиз боғидан чечак терамиз.
Баҳорга интизор оқ ўригимдай
Гулга бурканаман ҳали кўрасиз!
БАҲОР КЕЛДИ
Ҳисларим югуринг, тоғларни туртинг,
Боринг, уйқудаги боғларни туртинг.
Анҳорларга “тур” денг, сойларга “тур” денг,
Қаранг, баҳор келди, баҳор келди!
Соз чалиб уйғотинг мастоналарни,
Куйланг дилдан ёниб тароналарни,
Саришталанг уйни, остоналарни,
Қаранг, баҳор келди, баҳор келди!
Қўл беринг чиқайлик лолазорларга,
Ҳаёт таратайлик дала-боғларга.
Юртим тўлсин сара қизғалдоқларга,
Қаранг, баҳор келди, баҳор келди!
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: