Асосан биз қайнатма шўрва тайёрламоқчи бўлсак, қозонга совуқ сув тўлдириб, кейин унга гўштни солиб газга қўямиз. Сув қайнаши билан унинг юзига чиққан кўпикни ола бошлаймиз. Аслида бу кўпик ивиган оқсилдан бошқа нарса эмас.
Гўшт совуқ сувда қиздирилганда эриган оқсиллар ва минерал тузлар сувга чиқади, агар гўшт қайнаб турган сувга солинса, витамин ва тузлар гўштнинг ўзида қолади. Демак шўрванинг гўшти жуда эзилиб кетишини хоҳламасангиз ва фойдали моддалар гўштда қолишини истасангиз, аввал қозондаги сувни қайнатиб, кейин унга гўштни солинг. Сув устига қалқиб чиққан кўпикни олиб ташлашга ҳам шошилманг. Бу шўрвани ширин қилувчи ажойиб озиқ қийматига эга моддалар бўлиши мумкин. Шўрва юзидаги кўпиклар таъбингизни хира қилмаслиги учун қайнаб турган сувга тозаланган пиёзни кесмасдан ташлаб қўйинг. Шунда шўрвадаги оқсил кўпириб кетмайди.
Шунингдек, қайнатма шўрва пиширганда кўпикнинг рангига ҳам эътибор бериш керак. Мисол учун у қорамтир ёки оқ рангда бўлиши мумкин.
Қорамтир кўпикни тезроқ олиб ташланг, оқ кўпик таркиби эса оқсил ва ёғлардан иборат.
Шўрва тайёрлаш бўйича фойдали маслаҳатлар:
- Агар қайнатма баланд оловда пиширилса унинг гўшти ширинроқ бўлади. Паст оловда пиширилса шўрва ширинроқ чиқади.
- Агар сиз ўзингиз билмаган ҳолда шўрвага кўпроқ туз солиб қўйган бўлсангиз, қайнаб турган қозонга докага ўралган гуручни ташланг. Гуруч пишгунча ортиқча тузни ўзига тортиб олади. Кейин докадаги гуручни ториб оласиз.
- Гўштли шўрвага тузни у тайёр бўлишидан ярим соат олдин солган маъқул. Балиқ шўрвага эса қозонни газга қўйиб, сув қуйган вақтда туз солиш керак.
4.Агар қайнаб чиққан кўпикни олиб ташлашга улгуролмай қолган бўлсангиз ва у шўрванинг тагига чўкиб кетган бўлса, қозонга бир стакан совуқ сув солинг. Шунда кўпик яна шўрва юзасига чиқади ва сиз уни олиб ташлайсиз.
5.Унутманг, совуқ сув шўрванинг таъмини бузади, қайнаган сув унинг таъмига таъсир қилмайди.
- Гўштли шўрва пишишига 3-4 дақиқа қолганда унга бир дона майдаланган саримсоқпиёз солсангиз таъми янада яхшиланади.
7.Шўрва тайёрбўлганда ундаги лавр баргларини териб олиб ташлаш лозим.
8.Балиқ шўрва пишгач, ундан балиқни олмай 20 дақиқа кутиш зарур. Шунда мазаси тотли бўлади.
- Агар шўрвага бироз совуқ сувда эритилган ун қўшиб юборсангиз, у бироз қуюқ бўлади ва таомдаги С витамини парчаланиб кетмайди.
Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади.