Биз чойни яхши кўрадиган халқмиз. Айниқса, кекса кишилар унинг фойдасини яхши билишади. Кунига бир марта бўлса ҳам мириқиб чой ичишмаса, бир нимасини йўқотгандек бўлиб юришади. Чунки бу ичимлик айниқса ҳозиргидек ёз палласида чанқоқни яхши қондиради, қон босимини меъёрига келтириб, чарчоқдан халос қилади, бундан ташқари, мияни тиниқлаштиради, танага куч-қувват беради. Бироқ ушбу мақола айнан чой ҳақида эмас, балки унинг шамаси ҳақида.
Шаманинг айрим мўъжизакор хусусиятларини ҳали кўпчилик одамлар билишмайди. Шу сабабдан ҳам чой дамлангандан сўнг ишлатилган чой пакетчаларни чиқиндига улоқтиришади. Келинг, чой шамасининг кундалик турмушда фойдали бир қатор хусусиятларини санаб ўтамиз.
Қўл, юз, оё ва терингизнинг бошқа жойида қандайдир муаммо борми? Масалан тирналган, кўкарган, кесилган, қизарган ёки хашарот чаққан, ялллиғланган соҳалар… Уларни шамали пакетчалар ёрдамида билинмайдиган қилиш мумкин. Бунинг учун ишлатилган чойли пакетчани совуқ сув остида бир пас ушлаб турасиз ва азиятли жойга 15 дақиқа қўйиб оласиз. Чой таркибидаги дубил моддалар яллиғланиш, қизариш ва шишларни даволашда ёрдам беради. Албатта, буни синаб кўринг, шунда ишонч ҳосил қиласиз!
- Теридаги пигмент доғлар, лабдаги герпес учуғи ва кўз остидаги салқиган шишларни ҳам совуқ шамали пакетчани босиш ёрдамида йўқотса бўлади.
- Чой пакетчаларини яхшилаб қуритиб, поябзалингиз ичига тиқиб қўйинг. Қуруқ шама намлик ҳамда нохуш ҳидларни ўзига сингдириб олиш хусусиятига эга. Агар ишдан кела солиб этиклар ичига ишлатилган ва қуритиб олиб қўйилган чой пакетчаларини солиб қўйсангиз, оёқ кийимингиз тер ҳиди ва намдан ҳоли бўлади. Шу тариқа жамоат жойларида ҳижолатликдан қутулиш мумкин.
- Идиш-товоқларни ювишда кимёвий воситаларни ишлатишни хоҳламайсизми? Унда ишлатилган бир марталик чой пакетчалари билан уларни ювишингиз мумкин. Бу усул тамоман безарар бўлиб, ликопчалардаги қотиб қолган овқат қолдиқларини тозалашга ҳам яхши ёрдам беради. Бунинг учун каттароқ лагандаги сувга барча ювуқсиз идишларни ва бир нечта чойли пакетчани солиб, эрталабгача қолдириш керак. Эрталаб коса-товоқларингизни ювганда улар худди садафдек ярақлайди.
- Чойли пакетчаларнинг ҳиди уйингизга бесўроқ кириб олган майда кемирувчилар ҳамда хашаротларга хуш ёқмаслиги аниқ. Улар чой ҳидидан қочишади. Демак ишлатилган чойли пакетчаларни хашаротлар ва бошқа зараркунандалар макон қурган жойларга ташаб чиқсангиз, фойдадан ҳоли бўлмайди. Бунда чақирилмаган меҳмонлар узоқ кетади ва сизникига бошқа қайтмайди!
- Агар фойдаланилган чойли пакетчаларни қуритиб, совиткичнинг у ер бу ерига ташлаб қўйсангиз, у ердаги муҳитдан ҳар доим хушбўй ифор анқиб туради. Чунки чой совиткичдаги маҳсулотларнинг нохуш ҳидларини ўзига тортиб олади ва у ерда меъёрий намлик бўлишини таъминлайди.
- Кўздаги говмучча (ячмень)ни илиқ чой пакетчаси ёрдамида даволаш мумкин. Бунда ҳар куни 2-3 марта илиқ шама тўла пакетчани 2-3 дақиқа давомида кўз қовоғига қўйиб ётилади. Бунда кўк чой ёки қора чой бўлса ҳам бўлаверади.
Гулшан тайёрлади.