Дунёдаги барча халқлар хушбўй ҳидли ўсимликлар, суюқликлардан саломатликни асрашда фойдаланишади. Турли ифорларнинг антисептик (микробларни зарарсизлантирувчи), хашаротларни қочирувчи, асабни тинчлантирувчи, иштаҳани очувчи ва кайфиятни яхшиловчи хусусиятлари мавжуд.
Қадимги табиблар беморларни даволашда олов ёқиб, инс-жинсларни ҳайдашда ҳидли ўсимликларга мурожаат қилишган. Қадимги Шарқ, Ҳиндистон, Юнонистон алломаларининг битикларида ўша даврларда турли касалликларни даволашда ифорли мойлар ва экстрактлардан фойдаланилгани ёзилади. Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида ҳам ёқимли ифорга эга бўлган юзлаб ўсимликларга таъриф бериб ўтилган.
Ёқимли ҳидлар инсонни чарчоқ, тушкунлик ва бош оғриғидан халос қилади. Оғиз, тана ва оёқдаги ёки хонадаги нохуш ҳидларни йўқотишда самара беради. Меҳнат қилиш учун куч йиғишда ҳам хушбўй ифорларнинг тутган ўрни ўзгача. Ароматерапия муолажа усули 3 гуруҳга бўлинади.
Ифорли ванналар
Қадимдан иссиқ ҳаммом қабул қилиш билан кўп касалликларни даволашган. Агар ваннадаги сувга қарағай шоғ-шаббалари, атиргул барглари ва бошқа ифорли ўсимликлар, эфир мойлари солинса ҳаммомнинг шифобахшлиги янада ортади.
Шифобахш муолажалар
1-тавсия (тинчлантирувчи, бўшаштирувчи, асабий зўриқишни бартараф қилувчи таъсирга эга): 2 томчи майоран, 2 томчи арча, 2 томчи арпабодиён, 2 томчи лаванда мойларини аралаштириб, ундан 4-6 томчисинисутга, асалга ёки соч ювадиган шампуньга қўшиб тайёр сув тўла ваннага қўшасиз. Сув ҳарорати 38 даражадан, ванна қабул қилиш муддати 20 дақиқадан ошмаслиги керак.
2-тавсия (чарчоқни бартараф қилиб, кайфиятни кўтаради): 1 г эфир мойини 1 пиёла асал ва 0,5 литр сут билан аралаштирасиз, сўнг ваннадаги иссиқ сувга қўшасиз ва ичига тушиб 15-20 дақиқа ётасиз. Бундай ароматик ваннани қабул қилиш учун олдиндан душ қабул қилиниб, тана совун билан ювилиши керак.Ваннадаги сувга бир неча томчи мандарин ёки атиргул мойини қўшиб чўмилсангиз ҳам бўлади
Марказий Осиё халқлари аёллари ётоқхонадаги токчаларга беҳи ва олмаларни териб қўйишади. Бу одамни тинчлантириб, уйқу сифати яхши бўлишини таъминлайди. Райхонни қулоғингизга тақиб юрсангиз кайфиятингиз кўтарилади. Қадимдан оналаримиз тез-тез исириқ тутатиб юқумли касалликларнинг олдини олишган.
Барча эфир мойлари бактерицид, антисептик, яллиғланишга қарши хусусиятга эга. Шу билан бирга косметик ва дерматологик афзалликлари билан ажралиб туради. Улар организмнинг ўз-ўзини янгилаш жараёнларига туртки беради. Бироқ ҳар бир ифорли мойнинг ўз шифолик манзили ва мақсади бор. Шу сабабдан ўзида қўлламоқчи бўлган киши, албатта, уларнинг турлари ва ўзига хослигини мутахассислардан билиб олиши керак.
Маълумки, эфир мойларининг кўпчилиги теридаги нуқсонлар ва куйгандан қолган изларни йўқотишга ёрдам беради. Уларнинг аксарияти жинсий майл қўзғатиш хусусиятига эга. Шунингдек нафас аъзолари фаолиятига яхши таъсир кўрсатади ва қон айланишини меъёрига келтиради.
Айримлари ҳазм тизими ишига ижобий таъсир қилади. Баъзилари танани йиғилиб қолган зарарли моддалардан тозалайди, ички секреция безлари ишини яхшилаб, гормонлар даражасини меъёрига келтиради ҳамда иммунитетни кўтаришга ёрдам беради. Улардан фойдаланиш тана хусусиятлари ва шифокор маслаҳатларига асосланиши керак.
Бир қатор ифорли мойларни ички паразитар касалликларни даволашда ёрдамчи восита сифатида ишлатиш мумкин. Хоналарни тозалаганда полларни артиш учун тайёрланган сувга бир неча томчи эфир мойи ёки ифорли ўсимликлар қайнатмасидан қўшилса дезинфекцияловчи ва ёқимли ҳид таратувчи самара беради.
Қачон мумкин эмас?
Ифорли муолажалардан мунтазам фойдаланиш, кам шамоллатиладиган хоналарда кўп исириқ тутатиш ва ифорли шамчаларни қўллаш тавсия этилмайди. Ҳар қандай шам ва чўпчалар парафин ва турли хилдаги бўёқлар аралашмасидан тайёрлангани сабабли уларнинг ёниши, туташи жараёнида чиққан токсик моддалар аллергия, астма, тери касалликларини қўзғаши мумкин.
Айниқса аллергик хасталиклар билан оғриган кишилар ифор танлашда ўта эътиборли бўлишлари керак. Цитрус мевалардан аллергияси бўлганларга лимон, мандарин, апельсин ва грейфрут, шунингдек бергамот ифорлари тавсия этилмайди.
Турли ифорлар ҳаридида айниқса, ҳомиладор ва эмизикли аёллар эътиборли бўлгани маъқул. Нотўғри танланган маҳсулот ҳомиладор аёл организмига ножўя таъсир этиши, эмизикли аёлларда эса болада аллергия келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Эфир мойини текшириш
Уй шароитида маълум эфир мойига сизда аллергия йўқлигини текшириб кўриш учун терига бироз теккизиб 12 соат кутиш лозим. Агар терида қизариш, шиш ва бошқа ўзгаришлар бўлмаса бемалол косметик ёки гигиена воситаларига қўшиб даво мақсадларида ишлатиш мумкин.
Шуни таъкидлаш керакки, ифорли мойлар сувда яхши эримайди. Шунинг учун уларни қўллаганда ваннага денгиз тузи, асал ёки иссиқ сутдан ёки суюқ совун ҳам қўшиш талаб этилади.
Оздирувчи ифорли уқалаш
Эфир мойи асосидаги уқалаш амалиёти айниқса мушаклар кучини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо уларни фақат ўзини ишлатиш мумкин эмас. Бу тери таъсирчанлиги ошишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун эфир мойидан бир неча томчисини оддий ўсимлик мойига қўшиб уқалаш тавсия қилинади. Қориндаги ёғларни кетказиш мақсадига қаратилган (антицеллюлит) уқалаш учун апельсин, лимон, кипарис, лаванда, райхон, арпабодиён, грейпфрут каби ўсимликлардан олинган эфир мойлари ишлатилади.
Бўшаштирувчи массаж учун эса кашнич жасмина, занжабил, ялпиз,ва бошқа мойлар тўғри келади.
Сочларни ифорли мойлар суриб тараш уларнинг таркибини яхшилашга, тўкилишини тўхтатишга ҳамда ифорли бўлишини таъминлашга ҳисса қўшади. Фақат бу муолажада ёғоч тароқ ишлатилиши керак. Райхон ва кедр ёғи суртиб сочлар таралса илдизи мустаҳкам бўлади, ёронгул (герань) ёғи эса қазғоқдан қутулишга ёрдам беради.
Эфир мойлари ва ифорли ўсимликлар қайнатмасини нафас йўллари шамоллаганда ингаляция қилиш учун ҳам қўллаш мумкин. Бунда ингаляция мақсадида тайёрланган сув ёки қайнатмага эфир мойидан 1-2 томчи (эвкалипт, райхон, ялпиз қарағай мойлари) қўшиб юборилади. Буни қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг!
Ёқимли ифорларнинг яна бир хусусияти шуки ўзингизга ёққан эфир мойини ҳар доим ишлатадиган шампунь, крем, лосьон кабиларга қўшиб қўйсангиз уларнинг такрибини бойитади, ўзингиз ҳам кун бўйи яхши кайфиятда юрасиз.
Гулшан тайёрлади