Интеллектуал салоҳиятли ёшлар мамлакат равнақига хизмат қилади. Уларни тарбиялашда ҳал қилувчи куч оила ва мактаб ҳисобланади. Ҳозирги вақтда айрим оиладаги катталарнинг асосий вақти ишда ўтиши, дам олиш кунлари ҳам қўшимча пул топиш ташвиши билан банд бўлиши боис болалар билан шуғулланишга вақтлари кам қоляпти. Мактабларда эса ўқувчилар интеллект даражаси асосида сараланган синфларга ажратилмайди. Билим даражаси, дарсни ўзлаштириши турлича бўлган болалар бир синфда ўқитилади. Жаҳондаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики мактаб ва боғчаларда заковатли қиз ва ўғилларни махсус синфларда чуқурлаштирилган дастур асосида ўқитиш лозим. Мактаблар ва бошқа марказлар қошидаги “Ёш табиатшунослар”, “Ёш техниклар”, “Ёш рационализаторлар” каби тўгараклар ишини қатъий асосда тизимли ташкил қилиш, уларга ўқувчиларни кўпроқ жалб қилиш керак.
Олийгоҳларда ҳам интеллектуал клублар ташкил қилиб, кучли қиз ва йигитларни бириктириш яхши натижа беради. Бу чоралар ўқувчи-талабаларнинг билим доирасини оширишга, IQ cи юқори ёшларни ўзаро таништириб, интеллектуал оила ришталарини шакллантиришга замин яратади.
Дунё тажрибаси барчага ибрат
Ҳозирги вақтда дунёнинг бир қатор ривожланган давлатларида никоҳ агентликлари фаолият олиб боради. Уларнинг асосий вазифаси ижтимоий ва интеллектуал даражаси мувофиқ бўлган ёшлар ўртасида мақсадли оилаларни шакллантиришдан иборат. Улар бўлажак жуфтларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўз ихтиёри билан оила қуришларини ташкил қилишади. Шу мақсадда иқтидорли талаба-ёшларни таништириш, уларнинг интеллектуал клублар, спорт заллари, кафе ва кинотеатрларга бирга қатнашлари, маданий хордиқ чиқаришлари учун шароит яратиб беришади. Никоҳ қайд этилгандан кейин эса уй-жой ва қимматли мукофотлар билан тақдирлашади. Бундан ташқари интеллектуал оилаларда дунёга келган иқтидор генларини ўзига мерос қилиб олган болалар қобилиятини янада ривожлантириш, саломатлигини назорат қилиб туриш, ўқитувчи-репетиторларни ёллаб кўпроқ шуғуллантириш, таълим сифати юқори мактаб-боғчаларга беришга ҳам катта эътибор қаратилади.
Хорижий мамлакатлардаги социолог мутахассисларнинг кузатувларида маълум бўлдики, олий маълумотли, номзодлик ва докторлик диссертациясини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган аёллар илмга ва иш фаолиятига кўп вақт сарфлаши сабабли оила, эр, бола-чақага етарли вақт ажрата олмайди. Буни назарда тутган ўқимишли ва раҳбар лавозимларда ишлашни кўзлаган эркаклар ўқимаган бўлса ҳам ўзини оиласи ва фарзандларига бағишлайдиган аёлларга уйланишни афзал кўришади.
Бундан ташқари ўзини илмга бағишлаган аёллар кеч турмуш қуришади ва 1-2 дан ортиқ фарзанд кўришни хоҳлашмайди. Табиийки бу жамиятда интеллектуал оилалар камайиб кетишига, интеллектуал соғлом, ота-онадан ақл-заковат генлари ўтган болалар кам туғилишига олиб келади.
Биз қанча маблағ сарфлаб ўқитмайлик, мактаб-боғчалар моддий-базасини қанча яхшиламайлик, педагог-кадрлар ойлигини қанча кўтармайлик генетик кодланмаган фарзандларда интеллектуаллик даражасини кўтара олмаймиз. Яна бир асосий нарса шуки фарзандлар рисоладагидек ўқиб-таълим олиши учун иложи борича уларни оиладаги иқтисодий муаммоларни ечишга жалб қилмаслик зарур. Иқтисодий таъминот ота-онанинг вазифаси. Аксинча фарзандларининг келажагини, наслининг юқори салоҳиятли бўлишини ўйлаган ота-она уларнинг қўшимча ўқиб-ўрганиши учун, турли секцияларга қатнаши учун сарфланадиган пулни етказиб бериши шарт. Бунинг учун ўзининг барча интеллектуал имкониятларини ишга солиши керак.
Кўриб турганингиздек интеллектуал соғлом ёшларни вояга етказиш учун ҳаракатни аввало оила қуришдан бошлаш керак. Шундай оилалар кўпайса келаётган аср бўсағасида мамлакат ривожланишда етакчи ўринларга чиқиб олади. Шу ўринда Сингапурда татбиқ этилаётган интеллектуал оила қуриш тизимини яратган Ли Куан фикрларини келтириб ўтамиз: “Ҳукумат таълимни ривожлантиришга мисли кўрилмаган маблағлар сарфлаётган экан, келгусида мамлакат тараққиётини таъминловчи насллар етишиб чиқишига умид қилишга ҳақлидир”.
Ҳаётхон РАСУЛОВА, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги
академик лицейнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли