СУРАЙЁ МЕЛИҚУЛОВА
1981 йил 10 сентябрда Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшивор қишлоғида зиёлилар оиласида туғилган.
1998 йилда Жума Тоғаев номли 39-ўрта умумтаълим мактабини тамомлаган. 2003 йилда Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтининг “Ижтимоий-маданий фаолият” факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирган. Ўқиш давомида “Моҳият” ижтимоий-сиёсий газетасида, сўнг “Туркистон пресс” нодавлат ахборот агентлигида шарҳловчи бўлиб ишлаган.
2010 йил 4 декабрда вафот этган.
АФАНДИСИ КЎП ҚИШЛОҚ
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг Керага тоғи этагида бир қишлоқ бор. Одамлари хардури бўлиб, хавфу-хатардан хотиржам. Тепасида минг бир гиёҳли тоғ, икки ёғи адирлик, адирликларда боғ-роғлар ундаги меваларни емабсиз, бу дунёга келмабсиз. Қишлоқ тепасида Қорабулоқ чашмаси. Қизиқ чашма суви қишлоқ одамларига оби ҳаёт учун, етмай ҳам қолмайди, беҳудага оқмайди ҳам. Пастда Хўжасоатликлар Вахшиворсой сувидан навбат билан фойдаланадилар.
Одамларнинг айтишича, шу булоқ сувидан бир қошиқ бўлса-да, сой сувига қўшилса баракали бўлармиш. Ана шу қишлоқ одамларининг орасида феъли тоза ва содда кишиларни кўп учратасиз.
Тоғ табиати, қатор олим, шоир, полвон, косиб ва санъаткорларни улғайтиради. Қуйида ана шундай халқ ҳаётида бўлган қизиқ воқеалар ҳақида ҳикоя қилинган.
Бу ҳикоя қаҳрамонлари ҳаётийлиги билан бошқа ҳикоялардан фарқ қилади…
БИСМИЛЛО ДЕЯПМАН-КУ!
Хуррамхон махсум табиатан жуда дилкаш одам. Юзлари чўтирроқ бўлса-да, истаралари иссиқ. Қараганинг сайин қарагинг келаверади. У киши қандай гап гапирмасинлар барибир Вахшиворликлар кулаверадилар. Айни хуфтон қоронғусида, одам-одамни таниш қийинроқ. Катта шаррак яқинига келганларида бир киши кетаётган экан. Қарасалар қўшнилари Тангир ака экан. Шу жойда ажина бор деб ҳамма эшитган, кечаси ҳамма ҳам сал сесканиброқ ўтади. Махсум орқадан етиб келиб: енилгина бир шапалоқ урибдилар, тушунилмас ғудурданибдилар. Шунда довдираб қолган Тангир ака:
–Бис-бис-бисмилло-дебди, зўрға: Чунки, “бисмилло” деса ажина қочади деган гап борда. Махсум яна бир шапалоқ урган эканлар, Тангир ака: Бисмилло деяпман-ку! – деб йиғламсирабди. Махсум ўзларини тутолмай “пиқ” этиб кулиб юборибдилар. Тангир ака махсумни таниб қолиб, хўп чапанилабди. Махсум ҳеч ҳам хафа бўлмай ўтиб кетибдилар. Бу воқеа қишлоқ одамлари орасида анча вақт ҳангома бўлиб юрибди.
Орадан бир неча кун ўтгач махсум боғларига сув боғлабдилар. Катта шаррак олдида сувни иккинчи ёққа боғлайдиган қулоқ бор. Шу жойдан кимдир сувни яширинча боғлаб кетаверибди. Махсум келиб қуритсалар, яна кимдир боғлаб кетаверибди. Секин пана жойдан кузатсалар, Тангир ака атайлаб қуритиб кетаётган экан. Чунки махсумга алами бор эканда. Махсум секин орқага қайтибдилар-у, уйдан шам олиб келиб, шарракнинг ковагига сув тегмайдиган қилиб ёқиб қўйибдилар ва сувни боғлаб яна паналаб кузатибдилар. Салдан сўнг, Тангир ака махсумни ҳалак қилиш учун шоша-пиша шаррак ёнига келиб, энди қулоққа энгашмоқчи бўлган-да ковакдаги шамга кўзи тушибди-ю, “Бис-бис-бис-милло! Бисмилло” деб қочармиш. Орқадан махсум:
–Ҳа, Тангирбой, нима бўлди? – деб қанчалик чақирмасин, “Бисмилло”ни тилидан қўймай, орқасига қарамай чопармиш.
Шу-шу бўлди-ю, Тангир ака шу ердан ўтмайдиган, бошқа вахшиворликлар эса, катта шарракнинг ажинасидан қўрқмайдиган бўлишди.
УЧ ОЙ ОРҚАГА УЧ ОЙ ОЛДИНГА
Хуррам махсум шаҳарга тушибдилар. Бозорни бир айланибдилар-у, соч олдирмоқ бўлиб, сартарошхонага кирибдилар. Салом аликдан сўнг:
–Уста соч-соқолни бир тартибга келтирсангиз,-дебдилар.
–Марҳамат, ўтиринг, – деб уста ишга киришиб кетибди. Косибларни биласиз. Улар ҳар бир одамнинг таъбига қараб, суҳбат қилади. Ўзлари ҳам гапга чечан бўлишади.
–Меҳмон асли қаердансиз? – дебди уста.
–Биз Вахшивордан, – дебдилар махсум.
–Биродар Вахшиворликлар нима иш қилишади? – деб махсумни гапга тутибди сартарош.
Махсум ўйлаб қарасалар, уста шунчаки, эрмак гурунг қилмоқчи. Тоғликларнинг нима иш қиларини Деновликлар билмай ўлибдими, – деб ўйлабдилар-у:
–Вахшиворликлар уч ой олди билан, яна уч ой орқаси билан юради. Сўнг олти ой ётиб олишади, – дебдилар.
Бу гапга устанинг ақли етмабди. Махсумнинг гапларига ажабланибди. Аммо бу одам билан суҳбатда мулзам бўлишини пайқаб индамай қўйибди. Иш тугагач, махсум уста пулини тўламоқчи бўлиб:
–Неча пул бўлди укажон? – деб чўнтагини ковлай туриб.
–Биродар, бояги гапингизга тушунолмадим, аввал шуни тушинтирсангиз, – дебди уста махсумга кулимсираб:
–Нимасини тушинмайсиз, уч ой ер пойбеллаб, экин экишади. Янаги уч ойида хашак, ўроқ ўришади. Ер пойбелда орқага қараб юрилади, ўроқда олдинга қараб юрилади, олти ой ётиб дам олиш эса, тоғда олти ой қиш бўлади, – деб жавоб берибдилар. Уста махсум узатган пулни олмай:
–Э, пулни қўйинг. Сиз доно одам экансиз. Сизга биз пул бериб соқолингизни олайлик, – деб уста кулиб қўйибди.
ЭШАГИМНИ ЎЙЛАМАБСИЗЛАР-ДА!
У вақтлар Вахшивордан Денов бозорига эшакда қатналарди. Йигирма-ўттиз бозорчи ғала-ғовур қилиб йўл юрардилар. Денов бозорига бориб келгунча, уч кун вақт кетарди.
Ана шундай бозорчиларнинг бир гуруҳига мулло Ҳотам бобо ҳам ҳамроҳ бўлдилар. Кечқурун эшаксаройга эшаклар боғланиб, ҳар ким ўз яқинларининг уйига тарқалишарди. Эртасига олди-сотди қилинар, зарурмандлар шу куни кечаси билан қайтишар, фуржали кишилар, бугун эшакларга дам бериб, эртасига қайтардилар…
Хуллас, кўпларнинг бозорчилиги тугаб, эшакларнинг юкини шайлаб қўйдилар ҳамки, муллодан дарак йўқ. Ахтариб боришсалар, “Жарқин” чойхонасида бир сўри одамга гурунг бериб, бамайлихотир ўтирибдилар.
–Мулло ака ҳамма тайёр бўлиб, сизни кутишяпти, – деди борган йигит.
–Одамлар бозорлигини қилиб, уй-уйига кетаверса Жарқиннинг чойини ким ичади, – дедилар ҳазиломуз ва ўтирганлар билан хушлашибдилар.
–Эшаксаройга келганларида, шериклари юкларни ортишяпти. Ким қолди? Ҳеч нарса қолмадими? Эшакларни ҳайдаб йўлга солишибдилар. Мулло Ҳотам бобо одатдагидай пиёда йўл бошлабдилар. Улар Қизилсув дарёсидан кечишга келибдилар. Сувдан ўтиш учун ҳар ким эшагига минибди. Муллога эшак етишмасмиш. Қарасалар муллонинг эшаклари йўқ. Шунда шериклари:
–Мулло ака, эшагингиз қани, Саройдан чиқарувдингизми?, – деса.
–Ўзимни ўйлабсизлар-у, эшагимни ўйламабсизлар-да, – дебдилар.
Йигитлардан бири эшагини муллога бериб, саройга қайтиб келсаки, муллонинг эшаклари кетида юки билан кечаги боғланган жойида турган эмиш.
КЎЗИНГ МЎЛТИРАМАЙ ЎЛ
Карим ака Боев умрини деҳқончилик билан ўтказган одам. Нафақага чиққанларида ҳам қадрдон даласи-ю, боғларидан қолмадилар. Ҳамон эшакни миниб олиб, якшанбасиз ишлар экан.
Бир куни даладан чарчаб, зеҳни койиб келаверсалар қишлоқнинг марказий кўчасида одам гавжум. Кўплари ҳали бардам, ёш йигит ўспиринлар. Кеч бўлишига қарамай, сафсатабозлик қилиб ўтирибдилар. Карим бува уларни узоқдан кўриб, зеҳни яна баттар койибди. Одамларга рўпара келгач, икки оёқларини эшакнинг олдинги оёқларига чалиштириб, одамларга эшиттириб:
–Их,их! – десалар эшак юрмасмиш. Бундай ҳолда табиий, эшак бир қадам ҳам юрмайди. Шунда чапанилаб эшакни сўкиб, – кўзинг мўлтирамай ўл! Кеч бўлганини билмайсанми? Сани уйинг йўқми, уйга боргинг келмайдими? – деб роса халачўп билан савалабди. Эшак ҳа деб айланармиш-да, бир қадам ҳам юрмасмиш. Одамлар кулармиш, болалар шовқин солармиш. Ўтирганлардан бири:
–Гўрингга куласанми? У одам эшагини эмас бизни сўкаяпти, – деса, яна бири:
–Тўғри айтасиз ўтиргилигимиз қолмади, – деб ўрнидан турибди. Ўзини билганлар қўзғалишибди. Калта ўйловчилар ҳамон шовқин солиб кулишармиш. Карим ака ҳам эшагининг оёғини бўшатибди.
–Ҳқ, қўзғалмасакансан-а, ана шундай юрасан, баҳас қилмай ўлгин! – деб эшагини йўрғалатиб кетибди. Неча кунлардан кейин одамлар Карим бувани эмас, ўзларини кулиб масхара қилганлигини англаб етишибди.