Миллий марказда “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар сифатини юксак даражага кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида, Республика Кинопрокат маркази” Дук директори Маъруф Мухторов ягона кинопрокат тизимини жорий этиш, ҳудудларда намойиш этилаётган фильмлар тўғрисида маълумот беришди.
Бугунги кунда ўзбек киноси ривожланишнинг янги палласига кирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 7 августда имзоланган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 24 июлда “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарорлари соҳани ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди. Ҳозирда профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар томонидан тасвирга олинган барча фильмлар бадиий кенгаш томонидан жиддий ўрганиб чиқилмоқда. Ўтган йили жами 32 марта Бадиий кенгаш йиғилиши ўтказилиб, 39 та бадиий, 48 та ҳужжатли, 19 та мультипликацион, 14 та қисқа метражли фильмлар кинолойиҳалари муҳокама этилди. Шулардан, 27 та бадиий фильм, 46 та ҳужжатли фильм, 10 та қисқа метражли фильм лойиҳалари ижобий баҳоланди.
Давлат маблағлари асосида ХХ аср бошида яшаб ўтган хоразмлик ислоҳотчи вазир ҳақида “Исломхўжа”, буюк муҳаддис ҳақида “Абу Исо Муҳаммад Термизий”, мўғул босқинига қарши курашган аждодларимиз ҳақида “Элпарвар”, буюк ёзувчи қисмати ҳақида “Саид билан Саида”, ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳақида “Берлин-Оққўрғон” каби тарихий мавзудаги бадиий фильмлар томошабинларга тақдим қилинди. Бу фильмлар хорижий мухлисларга ҳам манзур бўляпди. Хусусан режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзишича «Исломхўжа» фильми ҳозиргача 10 дан ортиқ давлатлар томонидан сотиб олинган. Шу кунларда Хоразм хонлиги тарихига бағишланган яна бир фильмнинг тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга Жалолиддин Мангуберди, Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Умархон ва Нодирабегим, Абдулла Авлоний ҳақидаги фильмларнинг тасвирга олиш ишлари давом этмоқда.
Замондошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Иссиқ нон”, “Сарвқомат дилбарим”, “Ҳаёт”, “Тинчлик ортида”, “Опа”, “Парвоз” каби фильмлар ҳам томошабинларга манзур бўлмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорига асосан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тизимида “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Ҳудудларимизда аҳоли сони кўп, лекин киносаройлари, клублари бўлмаган туманлар ҳам бор. Уларда яшовчи аҳолининг талабига биноан чекка ҳудудларда кинопрокат тизими йўлга қўйилди. Вилоятларда Республика кинопрокат маркази давлат унитар корхонасининг филиаллари ташкил этилди.
Айни вақтда барча вилоятларда Миллий банк кредит маблағлари ҳисобига тадбиркорлар томонидан 25 та бир этажли, 12 та икки этажли ва 12 та очиқ (ёзги), жами 49 та замонавий кинотеатрлар қурилмоқда. Улар 2019 йилнинг якунига қадар фойдаланишга топширилади. Вилоят ва туманларда май ойидан бошлаб, “Саид ва Саида” ва “Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизий” бадиий фильмлари намойиш этилади.
“Республика кинопрокат маркази” жорий йилнинг 18-21 март кунлари Гонконгда ўтказилган Осиё қитъасидаги энг йирик “FILMАRT” кино ва телевизион маҳсулотлар кинобозорида биринчи марта “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган 14 та давлат ва 1 та хусусий фильмлар билан иштирок этди.
Киноклублар қишлоқларга кириб боради
Чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳоли учун миллий фильмларни етказиш мақсадида 2 та дамас автомашинаси базасида махсус киноклуб ташкил этилиб, Андижон ва Навоийда сновдан ўтказиш учун бериди. Шу йил сўнгигача киноклуб автомашиналари барча вилоятларга берилади.
Бундан ташқари МАN автомашинаси базасида ташкил этиладиган иккита киномобил хизмати ҳам йўлга қўйилмоқда. Ушбу киномобилнинг афзаллиги шундаки ундан мамлакатимизда исталган ҳудудида ва ҳар қандай шароитда 50 ўринли кинотеатр сифатида фойдаланиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмасига асосан Ягона республика кинопракат электрон тармоғини ишлаб чиқиш ва фильмларни рақамли етказишни таъминлаш мақсадида кинотеатрларни оптик толали алоқа линияси орқали ягона электрон тармоғига улаш бугунги кунда олдимизда турган энг асосий вазифлардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. Бу лойиҳани амалга ошириш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига топширилган.
Шаҳризода ОТАБАЕВА