Кеча “Бойсун баҳори” фесивали ишига якун ясалди. Ушбу кенг қамровли тадбир элимизнинг ўзига хос халқ ижодиёти, фольклор мусиқаси ва оғзаки поэтик ижоди билан уйғунлашиб, ажиб бир қиёфада намоён бўлувчи ўзбек миллий тимсолини яратиб берди.
Бизнинг турли вилоятларимиз бир-бирини такрорламайдиган ўзига хос миллий либослар, қадимий маросим ва урф-одатлар ҳамда халқ ўйинларига эга. Биргина Бойсуннинг турк, қўнғирот, қатағон, чағатойи, қарлуқ, дурман, жуз, хардур, барлос каби этник гуруҳларининг қадимий анъаналари бу ернинг маданий муҳити, аҳолининг турмуш тарзи билан чамбарчас боғланган ҳолда ўзгаришсиз сақланиб қолган.
Бойсун маданий муҳити ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. “Бойсун баҳори” фольклор мусиқа фестивали ўтказила бошлагандан буён унинг доирасида элликка яқин ёдгорликлар аниқланди. Кўплаб тарихчи, археолог, этнограф, филолог ва санъатшунос олимлар ҳамда ҳунармандлар халқ тарихи ва маданиятини ўрганишга ҳисса қўшмоқдалар.
Айтиш жоизки, бу фестиваль қарийб 10 йилдан бери ўтказилмай тўхтаб қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Бойсун баҳори” фольклор фестивали яна қайта тикланди. Шундан буён у иккинчи бора ўказилмоқда.
Фестиваль доирасида миллий халқ ўйинлари ва санъаткор бахшиларнинг дастурлари ҳам намойиш этилмоди. Жумладан халқаро фестивалларда иштирок этиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона”, Андижон вилоятининг “Сайқал”, Бухоро вилоятининг “Сахро саболари”, Жиззах вилоятининг “Гаштак”, Навоий вилоятининг “Ёр-Ёр”, Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Чинор”, Сирдарё вилоятининг “Сайҳун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Тошкент шаҳрининг “Бувижонларим”, Хоразм вилоятининг “Машъал”, Фарғона вилоятининг “Шодиёна”, Қашқадарё вилоятининг “Занжир сарой” каби энг намунали фольклор жамоалари ўзларининг мусиқали дастурларини намойиш этишди.
Фестивалда халқ ансамбллари ва бадиий жамоалари қадимий урф-одат ва анъаналар акс этган чиқишлари билан томошабинларни мамнун этишди. Бахши-шоир, оқин ва жировлар беллашуви, кураш мусобақаси, варрак учириш, тош кўтариш, арқон тортиш каби халқ ўйинлари ташкил бўлиб ўтди. Миллий либослар намойиши, дорбозлик томошалари, театрлаштирилган саҳналар, ёшларнинг шоу дастурлари уюштирилди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, фестиваль ҳакамлар ҳайъатининг раиси Ўрозали Тошматовнинг таъкидлашича ғолибларни аниқлашда халқ этнографик жамоалари қўшиқларининг оҳангига, қўшиқдаги сўзларнинг маъноси, жозибадорлигига, либосларнинг миллийлигига, фонограммадаги ва реал саҳнадаги чолғуларнинг уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга айрим жамоалар олдинги фестиваллар ва оммавий байрамларга тайёрлаган дастурлари билан келишган. Фестиваль танлови талабларига кўра янги саҳна композицияларини тайёрлаб келиш тавсия қилинган эди. Шу билан бирга айрим жамоалар композицион саҳна эмас, шунчаки концерт дастурини тайёрлаб келишган. Бу фестиваль шартларига тўлиқ жавоб бермайди. Бундан ташқари, энг асосий мезон томошабинлар жамоалар чиқишини қандай кутиб олиши, уларнинг саҳна санъатига гулдурос қарсаклар билан жавоб беришларига қаратилди. Дарҳақиқат энг холис эътирофни халқ беради.
Фестивалда белгиланган мезон асосида энг яхши деб топилган жамоаларга совринли ўринлар ва рағбатлантирувчи дипломлар топширилди. Биринчи ўрин Хоразмнинг “Машъал” ва Сурхондарёнинг “Бойсун”жамоаларига берилди. Иккита иккинчи ўрин Жиззах вилоятининг “Гаштак” ва Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари” жамоаларига насиб этди. Учинчи ўринни Тошкент вилоятининг “Тўрғай”, Қорақалпоғистон Республикасининг “Афсона” ҳамда Навоий вилоятининг “Ёр-ёр” фольклор-этнографик жамоалари қўлга киритди. Хорижий меҳмонлардан фестивалда фаол қатнашган афғонистонлик бахшилар ҳам эсдалик совғалар билан тақдирланди. Тадбирда яхши натижа кўрсатган ва кўп сонли томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлган иштирокчиларга, фестиваль ташкилотчиларига, шунингдек тадбирларни кенг ёритиб борган журналистларга ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.
Ўйлаймизки, фольклор қўшиқлари ижрочиларининг “Бойсун баҳори” фестивали кедгусида ҳам мунтазам равишда ўтказилади ва янги-янги истеъдодли жамоаларни кашф этишга ҳисса қўшади.
Манзура БЕКЖОНОВА
Аҳмаджон Тўра олган суратлар.