«Матоларимиз табиий тола, табиий бўёқдан тайёрланади»

Марказимизда кўпгина қиз-жувонлар ишлайди, ўнлаб шогирд қизларга ҳунар сирларини ўргатяпмиз. Улар кашта, сумка, хамён, дўппи каби буюмларни ишлаб чиқаришяпти. Буларни олиб туристлар хурсанд бўляпти, сотиб даромад ошиб аҳолимиз ҳам хурсанд бўляпти.

Сурхон воҳаси ўзининг бетакрор табиати, танти одамлари билан яққол ажралиб туради. Воҳа ҳақида сўз кетганда аввало, чанқовуз чалаётган, лапар айтаётган момолар, қир-адирларда дўмбира чалиб, достон куйлаётган бахшилар кўз олдимизга келади. Минг йиллардан бери яшаб келаётган халқ қўшиқлари, уларга ҳамоҳанг рақслар ва ўзига хос либослар нафақат вилоят, балки мамлакатимиздаги кўплаб санъат ихлосмандларининг  қалбидан  жой  олиб  улгурган.

Тамаддун бешиги, тилсимотлар маскани, Бойсун маданий муҳити  илк бор  2001 йил жаҳон ҳамжамиятлари маданий объектларининг 19 номинантлари орасида ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. Бу ўз навбатида Бойсун ҳудуди маданияти ва унинг бадиий анъаналарини сақлаш ва ёзиб олиш ҳамда кенг кўламда илмий тадқиқ этиш жараёнига сабаб бўлди. Бойсуннинг  пурвиқор тоғлари, булоқ ва дарёлари, гўзал табиати, ғурури тоғдек баланд кенг юракли одамлари, раққосу раққосалари, ҳофизу санъаткорлари ҳам ўзига хос.

Бойсуннинг географик муҳити кўпгина  маданиятлар анъаналарини табиий ҳолда сақланиб қолишига имкон берди – булар анъанавий турмуш тарзи, ўзига хос халқ ижодиёти, унинг фольклор мусиқаси ва оғзаки поэтик ижоди ҳамда халқ эпос – достонлари, ҳунармандчилик ва миллий либослар, қадимий маросим ва урф-одатлар, халқ ўйинларида намоён бўлган.

–Бизнинг тўқиган матоларимиз, тиккан маиший совғабоп буюмларимиз фақат табиий тола, табиий бўёқлардан тайёрланади, – дейди Бойсун туман Миллий ҳунармандлар маркази раҳбари Ханифа Салимова. – Масалан сариқ, малла рангларни пиёз пўстидан оламиз. Тўқ қизил рангни анор пўстидан, жигарранг, тўқ офоб рангларни ёнғоқ пўстидан, сиёҳранг, пушти рангни бўян деган ўсимликдан оламиз. Индиго деган ўсимликдан чиройли кўк ранг тайёрлаймиз. Ипларимизни ўзимиз бўяймиз. Табиий рангларнинг афзаллиги шундаки, улар ювганда чапланиб кетмайди, офтобда оқармайди. Қуёшда қанча кўп кийиб юрсангиз рангги очилаверади.

Қадимдан машҳурликда донг таратиб келувчи жанда, адрас, беқасам каби матоларни қўлда ясалган ёғоч дастгоҳларда тўқиймиз. Бундай қўлбола усулда тўқилган матоларнинг нархи ҳам баланд бўлади.

Бу ҳунар бизга ота-боболаримиздан, момоларимиздан бизга мерос бўлиб авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Биз тўқиган жимжимадор матоларни хорижликлар ҳам ўзимизнинг қиз-жувонлар ҳам қизиқиб олишади, миллий кийимлар тикдириб кийишади. Жандадан бетакрор сурхон чопонлари тикилади.  Марказимизда кўпгина қиз-жувонлар ишлайди, ўнлаб шогирд қизларга ҳунар сирларини ўргатяпмиз. Улар кашта, сумка, хамён, дўппи каби буюмларни ишлаб чиқаришяпти. Буларни олиб туристлар хурсанд бўляпти, сотиб даромад ошиб аҳолимиз ҳам хурсанд бўляпти.

Манзура БЕКЖОНОВА, Сурхондарё, Бойсун

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: