Халқ байрамлари бугун халқ учун

Авваллари халқ байрамлари раҳбарлар учун ёпиқ саҳналарда нишонланарди. Оддий халқ вакиллари уларни ойнаи жаҳон орқали томоша қилса ҳам хурсанд бўлишарди. Бугун юртимизда икки куннинг бири байрам. Уларнинг барчаси фақат халқ учун.

Фото: М.Бекжонова

Республикамизнинг етакчи ОАВ жамоаларининг бир гуруҳ журналистлари иштирокида Сурхондарё вилоятига медиа-тур ташкил этилди. “Бойсун баҳори” фестивалининг ташкиллаштирилиши, очилиши, бориши ва ундаги ажойиб томошаларни кенг ёритишга қаратилган ахборот-тур ташкилотчилари  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги журналистлар фаолияти учун барча шарт-шароитларни яратиб беришди.

Фото: М. Бекжонова

Тоғ бағридаги чиройли гиламлар ва сўзаналар билан безатилган ўтовда прес-центр ташкил қилинган. Бу ерда бепул интернет – вайфай, замонавий ноутбуклар ОАВ вакиллари хизматида. Бундай баҳаво табиат қўйнида ижод аҳли ўзгача бир илҳом билан ишга киришиб кетган.

Бойсун баҳори бу йилги фестивал меҳмонларини ўзининг сахий ёмғирли оби ҳавоси билан қарши олди. Бу байрамга ўзгача бир шукуҳ берди.

Фото: М. Бекжонова

Кўп сонли аҳоли ва фестивал меҳмонлари, ҳатто соябонсиз келган юртдошларимиз ҳам ажойиб тантаналар, дорбозлик ўйинлари, фольклор жамоалари чиқишлари, кўргазма ва бошқа кўнгилочар томошаларни ташлаб кетишмади. шундай байрам кунида ёққан ёмғирга ҳам бойсунликлар хурсанд.

Ёмғир кўп ёғса ризқ-рўз мўл бўлади. Айтишларича ўтган йил баҳор ёғинсиз келиб, анча қурғоқчилик бўлган экан.

Мазкур фестивалга келган минглаб одамларнинг хушчақчақ, беғубор қиёфаларида ўзбекона самимийлик, кўнгилларни ёритувчи меҳр ифода этади. Ушбу гўзал фотолавҳалар “Бойсун баҳори” фестивалининг бор табиийлиги, улуғворлиги, ҳақиқий байрамона кайфиятини, бор миллийлиги ва табиатнинг эркалиги ёки бироз инжиқликлари билан кўриб ҳис қилишингизга имкон беради.

Фото: М. Бекжонова

Фестивалбугун кечқурун соат 18.00 да очилади ва эртага ҳам давом этади. имкониятингиз бўлса унга ташриф этинг. Ёки бизни кузатиб боринг. Фестивал дастуридаги концертлар, ташкилотчилар ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари, тантананинг ўзига хос янгиликлари ҳақида навбатдаги мақолаларда ахборот бериб борамиз.

Манзура Бекжонова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: