РЎЗА ДАСТУРХОНИ: Бунда қандай чекловлар мавжуд?

Рўза тутиш ўзига хос жараён бўлиб, у муайян қонуният ва тамойилларга асосланади. Илмий манбаларга таяниб, маълум қоидаларга амал қилиб тутилган рўза саломатлик учун фойдалидир.

Аввало саҳарлик қилмасдан тутилган рўза зарарли эканлигини яна бир бора таъкидлаб ўтамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган экан: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир».

Шифокорлар рўза тутувчиларга саҳарлик вақтида мураккаб углеводлар: йирик янчилган буғдой унидан қилинган қора нон, турли ёрмалардан тайёрланган бўтқалар, янги узилган сабзавотлар ҳамда қуруқ мевалар истеъмол этишни тавсия этади. Мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт давомида ҳазм бўлади, шунинг учун организмни тўқ тутади, танани қувват билан таъминлайди. Уларга гўшт, балиқ, тухум ёки сут маҳсулотлари киради. Саҳарлик дастурхони гўшт, ўсимлик ёғи ва сабзавотлардан тайёрланган енгил таомлардан иборат бўлиши керак. Димланган гўшт, тухумли қуймоқлар организмга куч-қувват беради. Аммо уларни еганда иложи борича гуруч ва нон маҳсулотларини камроқ истеъмол қилган маъқул. Негаки крахмал ва углеводлар оқсиллар билан аралашса ошқозондаги овқатнинг бижғишига олиб келади. Натижада қорин дам бўлиб, жиғилдон қайнаши каби ҳолатлар кузатилади.

Дудланган, консерваланган гўшт, колбаса, сосиска каби маҳсулотлар ҳақида тўхталсак, улар таркибига маҳсулот яроқлилик муддатини узайтирувчи холестерин, ёғ, кўп миқдорда туз ҳамда ҳазми оғир бошқа озиқ моддалар қўшилади. Бундай қўшимчаларни инсон саломатлиги учун безарар деб бўлмайди.

Яна бир энг асосий жиҳатга эътибор қаратамиз: кун давомида оч юриб, ифторда бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, инсон саломатлигига салбий таъсир қилади.

Рўза тутишнинг қандай фойдаси бор?

Энди рўзанинг фойдасига тўхталадиган бўлсак, рўза тутган одам ўзини ёшаргандек ҳис қилади, вужудида шижоат, ҳаётий куч сезади. Шу билан бирга меъёрий очлик бош мия томирларининг барча турғун хилтлардан тозаланишига, бунинг самарасида диққатни жамлаш, тушуниш, англаш, фикрлаш, ҳис қилиш қобилиятлари юксалишига замин яратади. Рўза тутиш, очлик жараёнида тананинг яширин имкониятлари ишга тушишига туртки беради.

Кейинги пайтда очлик ёрдамида даволаниш мавзусида қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улар очлик, яъни рўза инсон организми учун фойдали эканлигини тасдиқламоқда. Жумладан ҳужайраларда содир бўладиган емирилиш жараёнини йигирма йиллик ҳаёти давомида ўрганган япон олими Есинори Осуми аутофагия бўйича янги кашфиёт яратди. Бу  кашфиёти учун  2016 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлди.

“Аутофагия” грекча сўзлардан шаклланган бўлиб, “ўзини ўзи емоқ” деган маънони англатади. Бу оч қолган организмда ҳужайраларнинг нобуд бўлган қисмларини утилизация қилиш жараёнидир. Мазкур жараёнда организм барча инфекция ва токсинлардан тозаланади. Оч қолганда барча тизимлар зўр бериб ишлай бошлайди ва ҳужайралар ичкарида тўпланиб қолган ёғлар, шлаклар, гижжалар, хавфли ҳужайраларни “ёқиб” энергия ишлаб чиқаради. Демак рўза касалликлардан, эрта қаришдан сақлайди, эски ҳужайралар емирилиб, янгилари пайдо бўлишига замин яратади. Меъёрий тарзда, барча соғлом овқатланиш талабларига риоя қилган ҳолда рўза тутиш инсон организмидаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтириши, семизликка қарши монеълик пайдо қилиши, тўқималарда тўпланиб қолган ортиқча моддалар ҳамда тузларни ҳайдашга ёрдам бериши тиббиётда ўз исботини топган.

Нималарга эътибор бериш керак?

Тана учун энг муҳими – организмдаги сув меъёрини жойига келтириш, бунга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ифторликдан саҳарликкача бўлган вақтда энг камида икки литр сувни 4-5 мартага бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ухлагунча ҳар соатда 0,3 литр сув ичиш мақсадга мувофиқ. Агар ифторлик сувига  бир қошиқ асал қўшилса, нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади. Бундан ташқари рўза пайти бекорга хурмо истеъмол қилишмайди. Хурмо инсон танасидаги энергияни тиклаб, витамин ва минераллар билан бойитади.

Яна бир жиҳат: рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган чой ва қаҳвадан тийилган маъқул. Улар танадаги намликни қуритади, муҳим минералларни чиқариб юборади. Агар ифторликда чой ва қаҳвадан, ширинликлардан ўзингизни чеклай олмасангиз истеъмол қилинадиган сув миқдорини оширинг.

Кечки дастурхонда хилма хил таомлар кўп бўлиши керак эмас, бунда қовурилган ва хамирли таомларни чеклаш керак. Ёғли ва қовурилган овқатлар, таркибида шакар жуда кўп бўлган маҳсулотлар кун бўйи бўш турган ошқозонга оғир ботади, ҳазм қила олмаслик, жиғилдон қайнашига олиб келади, вазнни кўпайтиради. Турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбатлари истеъмол қилинса айни муддао бўлади. Чунки мевалар сабзавотлардан ҳам тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш йўлларини очади ва танани витамин, минералларга тўйинтиради. Уй шароитида янги тайёрланган шарбат ва компотлар қабзиятга қаршилик қилиб, танадаги заҳарли моддаларни чиқаришга, овқат ҳазмига ва қон айланишини яхшилашга хизмат қилади.

Ифторликда секинлик билан таомланиш зарур. Чунки очликдан кейин кўп миқдордаги овқат билан ошқозонни тўлдириш организм учун стресс ҳисобланади. Иложи борича, ўрталикка риоя қилинг, ифторни хурмо билан бошланг, сўнг сув ичинг, ундан кейин эса шўрва ва салат ейиш мумкин. Озроқ муддат ўтказиб асосий таомни ейишга киришса бўлади. Ифторни иссиқ шўрва билан бошлаш узоқ очликдан кейинги энг яхши таомланиш ҳисобланади, чунки, у организмдаги озуқавий моддалар захирасини тўлдиради ва баданни асталик билан қаттиқроқ таомга тайёрлайди.

КИМГА ҚАНДАЙ ТАВСИЯ ВА ЧЕКЛОВЛАР БОР?

Рамазон ойида ҳамюртларимизнинг деярли барчаси мусулмонлик фарзларидан бири – рўза амалини адо этишни хоҳлашади. Шу ўринда савол туғилади: рўза тутиш организм учун салбий таъсир кўрсатмайдими? Ёшу қари, бемору соғлом, меҳнат аҳли ёки уй бекалари учун рўза тутиш борасида қандай тавсия ҳамда чекловлар мавжуд?

Рамазон ойида рўза тутиш ҳар бир соғлом, балоғатга етган мусулмон эркаку аёл учун фарз ҳисобланади. Тўғри ҳозир ёз пайти, иссиқ, кимга қийин, кимга осонлигига келсак, бу ҳар бир инсоннинг иродасига боғлиқ. Мусофирлар, яъни бошқа шаҳарда юрганлар, оғриб қолган одамлар, жуда кексалар, ҳомиладор ёки гўдакка сут эмизувчи аёллар, ой кўрган қиз-жувонларга рўза тутмасалар узрли ҳисобланади.

Ўсмирлар ва болаларнинг рўза тутишига келсак, балоғатга  етган инсонларгагина рўза фарз қилинган. Балоғатга етмаганларга рўза фарз эмас. Лекин ота-она ва болага масъул бўлган кишилар, агар боланинг тоқати етса, уни рўза тутишга тарғиб қилсалар бўлади. Бу ҳолатда боланинг жисми, қуввати, об-ҳаво инобатга олингани маъқул. Агар бола рўзасини очиб қўйса, уни қазо тутишга мажбурланмайди.

Манзура Бекжонова тайёрлади. 

Эксперт: олий тоифали шифокор Гулжаҳон Йўлдошева 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: