Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Ҳамшира – 2019” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Мазкур танлов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Республика Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.
Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида турли йўналишлар бўйича беш минг нафарга яқин олий маълумотли бакалавр хамширалар тайёрланди, юзга яқин ҳамширалар магистр даражасига эга. Яна бир эътиборли жиҳати, 18 нафар олий маълумотли ҳамшира тиббиёт соҳасида фалсафа доктори (PhD) илмий унвонини олган.
Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари янада такомиллашди. Танловда асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт билан бирга мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси баҳолашнинг муҳим мезонларидан этиб белгиланди.
Танлов натижаларига кўра, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева биринчи ўринни қўлга киритди. Фарғона вилояти перенатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зуҳрахон Хайдарова иккинчи, Жиззах вилояти Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси ҳомиладорлар патологияси бўлими муолажа ҳамшираси Сарвиноз Қўшбоқова учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.