Абитуриентларга қандай қулайлик ва имтиёзлар яратилди?

2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тегишли қарори билан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказилади.

Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси эса тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат ОТМларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни битирган абитуриентлар учун ҳужжат топшириш ва тест синовларида иштирок этиш бепул. Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун ЭКИҲ ярим баравари  (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Чет тили бўйича сертификат олган абитуриентлар учун

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 395-сонли қарори билан 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга кириш синовларида бир қатор имтиёзлар белгиланди. Жумладан, тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили (инглиз, немис, француз, испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тиллари) биринчи (асосий) фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро сертификатнинг белгиланган даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

Энди олимпиада ғолиблари ҳам имтиҳон топширади

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Сертификат соҳибларига ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади. Эслатиб ўтамиз, илгари улар тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинар эди.

3 майдаги ПҚ-4306-сонли Президент қарорига биноан, ғолиблари давлат ОТМларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, қуйидаги 5 та халқаро олимпиада ғолибларига ана шундай имтиёз берилади:

  1. Халқаро математика олимпиадаси – International Mathematical Olympiad (IMO)
  2. Халқаро физика олимпиадаси — International Physics Olympiad (IPhO)
  3. Халқаро кимё олимпиадаси — International Chemistry Olympiad (IChO)

4.Халқаро биология олимпиадаси — International Biology Olympiad (IBO)

5.Халқаро информатика олимпиадаси — International Olympiad in Informatics (IOI)

Яъни юқорида саналган 5 та халқаро олимпиададан бошқа барчасида ғолиб бўлган ўқувчиларга тест синовисиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилмайди, балки қайси фандан ғолиб бўлган бўлса, фақат ўша фандан максимал балл берилади. Лекин қолган 2 та фанини ўзи ишлашига тўғри келади.

Кейинги йилдан 5 та фандан имтиҳон топширилади

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади.

Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган қуйидаги учта фан киритилади:

она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили);

математика;

Ўзбекистон тарихи.

Иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: