Салқин таомлар ва ичимликлар жазирамада мадор бўлар

Ёз чилласида кўпчилик иссиқ овқатларни суриб қўйиб, салқин таомларни кўнгил тусаб қолиши табиий. Шарқ ошхонасини машҳур қилган дармонбахш қуртова, чалоб, гўжа кабилар шулар жумласидандир.

Улар ёз мавсуми қийинчиликларига чидам ва бардош билан қарши туришга кўмаклашади. Келинг, миллий салқин таомлар ва чаноқовбосди ичимликларнинг фойдаси ҳамда тайёрланиш усуллари ҳақида билиб оламиз.

АЙРОН

Айрон иссиқ кунда чанқоқни яхши қондиради. Унинг организмга фойдаси жуда катта: тез ҳазм бўлади, Меъда ва ичаклар ишининг меърий ҳолатда бўлишини таъминлайди. Ўт ва ошқозон шираси яхши ажралишига замин яратади, ичак микрофлорасини тиклайди, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Доимий тарзда айрон ичиб юрадиганларда иммунитет кучли бўлади. Шунинг учун нафас тизимида муаммоси бўлган беморларга йилнинг тўрт фаслда айрон ичиш фойдалидир.100 гр. айрон таркибида 2,79 гр. углеводлар, 1 гр. миқдорида ёғлар, 1,74 гр. оқсил, 8 мг аскорбин кислотаси мавжуд. 100 гр. айроннинг калорияси 27 ккал. ни ташкил этади.

Тайёрланиши: айрон учун дастлаб сузма тайёрлаш керак. Сузма 3-4 кун аввал ивитилган, нордон қатиққа ўзидан 3 баробар кўп сув солиниб (1 литр қатиққа 3 литр сув), халтачага қуйилиб маълум вақт илиб қўйиб тайёрланади. Илинган халчадаги сув оқиб кетиб сузмаси қолади. Ана шу сузмага бироз совуқ сув қўшиб, обдан чайсангиз, айрон ҳосил бўлади. Бу ичимликка райҳон, кашнич ва бошқа хушбўй кўкатлар солиб ичилади. Нордон олма бўлаклари қўшилса, бу ҳам ўзгача таъм беради.

Унутманг, айронни бир кеча-кундуздан узоқ сақлаш мумкин эмас. Меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраларида кўп айрон ичиш тавсия қилинмайди.

ЧАЛОБ

Ўзбек халқи азал-азалдан севиб истеъмол қиладиган чалоб ўзининг табиийлиги, шифобахшлиги, танага тетиклик бағишловчи хусусиятлари билан ажралиб туради. Уни Марказий Осиё халқлари хуш кўриб истеъмол қилади. Негаки бу ҳудудда ёз мавсуми жуда иссиқ бўлиб, салқин ичимликлар ва совуқ таомларга эҳтиёж катта бўлади. Чалоб очлик ҳиссини қондириш билан иссиқда хориган организмга тетиклик бағишлайди. Ҳазм тизимига оғирлик қилмайди. Турли витаминларга бой бўлиб, организмни бақувват қилади,  ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди, ҳужайраларни ёшартириб мушаклар фаоллигини оширишга ёрдам беради. Чалоб аъзолардаги турли хилтларни чиқариб ташлайди. Таркиби ёғли қатиқдан иборат бўлса ҳам вазн ортишига олиб келмайди. Чунки ундаги кальций ёғларнинг қайта ишланишига бевосита таъсир кўрсатади.

Тайёрланиши: бир литр қайнаб совиган сувга 5 ош қошиқ янги ивитилган қатиқ қўшилади. Сув иссиқ бўлса, қатиқ куйиб, ўз сифатини йўқотиши мумкин. Чалоб миксерда аралаштирилгач тўғралган помидор, бодринг, шивит (укроп), кинза, петрушка, райҳон қўшилади, таъбга кўра тузланади.

ҚИМИЗ

Қимиз (бия сути) шарқ халқларининг иссиқда хуш кўриб ичадиган чанқоқбосди ичимлиги. Қимиз деб ачитилган бия сутига айтилади. Унинг таркибида инсон танасига енгил сингийдиган оқсиллар бор.  Қимизда фойдали бактериялар кўп бўлгани сабабли моддалар алмашинувини яхшилайди. У танани совитиш ва кўп дардларга шифо бахш этувчи хусусиятга эга.  Бу салқин ичимлик А, В, С дармондориларига бой. Шу сабаб асаб тизимини мустаҳкамлайди, иштаҳани очади, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади, камқонлик, миокард инфаркти, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яллиғланишлари, гастрит, цинга (милк касаллиги), ўпка, нафас олиш йўли хасталикларида, дармонсизликни даволашда яхши натижа беради. У ошқозон шираси ажралишини тартибга солади, юракни бақувват қилади. Қимиздаги микроорганизмлар сил таёқчалари ривожланишига тўсқинлик қилиши аниқланган.

Тайёрланиши: қимиз тайёрлашнинг ўзига хос усули мавжуд. Чўл қимизини тайёрлашда бия сутига ачитқи қўшилиб, 28 даража иссиқда ачитилади. Кейин кувига солиб пишилади. Сўнг шиша идишларда ўртача ҳароратда бир соатча сақланади, бунда табиий газ ҳосил бўлиб, қимиз етилади. Уни совиткичда сақлаб, кунига 2-3 стакандан ичиш мумкин.

Диққат, юрак хуружи, гипертония, иситмалаш, меъда шираси кўпайиши ва бошқаларда қимиз ичиш тавсия этилмайди. Буйрак, жигар хасталиклари, подагра ва диабетда шифокор руҳсати билан ичиш лозим. Кечки овқатдан кейин қимиз ичиш тавсия этилмайди

ҚУРТОВА

Қуртова ёки қуртоба — қурутни қайнаган сувда эзиб, айронни қайнатиб тайёрланадиган парҳез тансиқ таомдир. Бу таом ҳам айрон ва чалоб каби дармонбахш хусусиятларга эга.

Тайёрланиши: қурут туйилиб ёки сузма ийлаб эзилиб элакдан ўтказилади ва қайнаган иссиқ сувда ёғоч қошиқ билан аталасимон масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади. Қозонга солиб суст оловда қайнатилади. Қайнаш давомида пиёз тўғраб солинади, кейин сариёғ солиб аралаштирилади. Сариёғ эриши билан косаларга сузиб совитилади. Ошкўкатлар таъбга кўра солинади.

ГЎЖА

Ушбу таом саҳарликда, эрталабки нонунштада истеъмол қилиш учун жуда маъқул. Чунки у витаминга бойлиги, тўйимлилиги ва ташналик чақирмаслиги билан аҳамиятлидир.

Тайёрланиши: 500 гр. гўшт, 300 гр. жўхори ёрмаси, 100 гр. ёғ, 2 бош пиёз, 2 донадан картошка ва шолғом, таъбга кўра кашнич ва райҳон.

Қозонга ёғ солиб, қизигач, аввал майда тўғралган гўштни, сўнг пиёзни солиб, яхшилаб қовурилади. Сўнг сув қуйиб, ивитилган жўхори солинади.

Таом 45 дақиқа қайнагач, тўртбурчак шаклда майда тўғралган картошка ва шолғом қўшилади. Гўжа ошига масаллиқларнинг барчаси пишгачгина туз солинади.Таом косаларга сузилгач, совитилиб, устига тўғралган кашнич ва райҳон сепилади.

ОКРОШКА

Биз биламиз, қатиқ организмдаги ортиқча ёғлар ва турғун зарарли моддаларнинг душмани. У ичакларни тозалаб, маҳсулот қолдиқларини ювиб чиқаришга ёрдам беради. Қатиқли салқин таомлардан бири окрошкадир. Унинг таркибидаги маҳсулотларни ҳар ким ўзича ўзгартириб, ўзига хос маза бериб тайёрлаши мумкин. Окрошка таркибидаги сабзавотлар ва қайнатиб пиширилган бошқа масаллиқлар ошқозон ва ичак йўлларида осон ҳазм бўлади, танани зарур витаминлар ва микроэлементлар билан тўйинтиради. Окрошкани тайёрлашда организм хусусиятларини эътиборга олиш керак. Агар тухум, лимон ёки бошқа маҳсулот организмингизга ёқмаса, уни салыин таомга қўшмаганингиз маъқул.

Тайёрланиши: кўкпиёз, кўкатлар, бодринг, колбаса, редиска, майда тўғралади. Картошка, тухум ҳам пишириб, майда кесилади. Сўнг масаллиқлар бироз туйилиб, қатиқ, қайнаб совиган сув, туз солинади. Тайёр “окрошка”га лимон бўлакчаларини солиб, мазасини ростлаш мумкин.

ШИВИТ ОШИ

Хоразмча “Шивит оши” деб номланган таомни барча севиб истеъмол қилади. Уни тайёрлаш усули Шарқ халқларининг бетакрор чўзма лағмонига ўхшаб кетади. Лекин фарқи шундаки, шивит ошининг хамири оддий сувдан эмас, шивит (укроп) сувидан тайёрланади. Бу таомнинг ўзига хос хусусияти – кесилган хамири пиширилгандан сўнг муздай сувда суюлтирилган сузмага аралаштирилади. Устига қайла солиниб истеъмол қилинади. Ёз пайти тушликка есангиз, танадан иссиқликни ҳайдовчи ундан яхши таом бўлмайди. “Шивит оши”нинг асоси шивит бўлгани учун осон ҳазм бўлади. Сузма эса организм учун зурур витаминлар ва микроунсурларга бой. Иштаҳани очади, есангиз узоқ вақт қоринни тўқ тутади.

Тайёрланиши: қиймалагичдан 500 г шивитни майда қилиб чиқариб оласиз. Кейин лаганчага 2 стакан сув ва майдаланган шивит ва ун солиб билан қаттиқ хамир қорилади. 1 соат дам олдириб қўйилади. Кейин ёйиб, лағмон каби кесилади. Кесилган хамир тузли сувда пишириб, совуқ сувга олинади.

Қайласини тайёрлаш учун гўшт майда тўғраб ғда қизартирилади. Сўнг майда тўғралган пиёз, картошка ва помидор солиниб, 10-15 дақиқа паст оловда димлаб қўйилади. Суви кетгач, картошка, туз ва мурч солинади. Кейин устидан 1 л. сув қуйиб, ўртача оловда пиширилади.

Дастурхонга тортишдан олдин пиширилган хамир ликопчаларга солиб, суюлтирилган сузма билан аралаштирилади. Қайласини солиб совуқ ҳолда истеъмол қилинади.

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: