–Бу нима? – деди хўранда официантни чақириб:
— Бу, бу, ие пашшага ўхшайдими?
— “Яшанг”, бир эмас икки пашша-я.
Хўранда дарҳол санэпидстанция идорасига қўнғироқ қилди. Шу пайт бош ошпаз Очкўзбоев келиб, ўшқириб деди:
— Бу ерда нималар бўлаяпти ўзи?
— Нима бўлаётганини санэпидстанция ходимлари келганда биласиз,- деди хўранда идишни Очкўзбоев олдига сураркан.
Очкўзбоев идишга кўз ташлаган эди иккита пашшани овқат юзида сузиб юрганини кўрди.
— Ие, шунга шунча жанжалми? – Мана, деди-да идишдаги иккита пашшани олди-да оғзига солиб ютиб юборди. Ана, энди еяверинг.
Шу пайт санэпидстанциянинг икки ходими кириб келди-да нима гаплигини эшитиб:
–Қани пашша? — деди ходимлардан бири хўрандага.
–Овқатда бир эмас иккита пашша бор эди. Аммо мана бу киши пашшаларни еб юборди.
— Ақлингиз жойидами ўзи? – Бизни чақирдингизми пашшани кўрсатинг? Биз далил бўлмаса ҳеч нима қила олмаймиз?
Тушдан кейин дарҳол “Иштаҳа” кафесида мажлис чақирилди.
— Сизларни йиғишдан мақсад ишхонамиз обрўсига гард юқтирмаслик, деди “Иштаҳа” кафеси директори Ўпқонов. – Ҳозирги воқеадан хабарингиз бор. Яхшиям бош ошпаз Очкўзбоев хўранданинг идишидаги пашшаларни еб бизни бир фалокатдан қутқариб қолди. Шунинг учун маъмурият Очкўзбоевни мукофотлашни лозим деб топди. Сизлар нима дейсиз?
— Мен жуда маъқуллайман, — деди бош ошпаз ёрдамчиси. Агар Очкўзбоев пашшаларни еб юбормаганида борми, ҳозир аҳволимиз нима кечарди?
— Кафемиз ёпилиб, ишсиз қолардик, — деди кассир Чаққонбоева.
— Яшанг, — деди Ўпқонов, – демак Очкўзбоевни мукофотлашга ҳаммангиз розисиз шундайми?
Бараварига маъқуллаймиз деган овозлар янгради.
-Кафемизнинг обрўси учун фақат Очкўзбоев эмас ҳамма бирдек курашмоғи керак, — деди Ўпқонов офицант Нозикхонга юзланиб.
Мен ундай “маҳлуқ”ларни ея олмайман, — деди Нозикхон. – кўнглим айнийди.
-Ие, нега ея олмайсиз? – Очкўзбоев иккита пашшани еганида нега сиз битта ҳам ея олмайсиз? Агар “далил” йўқота олмасангиз ана катта…
Нозикхон ҳар кунги тушумдан мосуво қолишни истамади шекилли рози бўлгандек жойига ўтирди.
-Яна ким ея олмайди, — деди Ўпқонов.
-Пашша ея олмайман-у аммо қанча чивин бўлса ейман, — деди бош ошпаз ёрдамчиси Бақалоқбоев.
Ўпқонов ҳеч нима демади-да омбор мудири Тўймас Олғирбоевга юзланди:
— Мен умрим бино бўлиб пашша, чивин еб кўрмаганман.
— Емаган бўлсангиз энди ейсиз! Омборхонангиз чивин, пашшага тўлиб кетди-ку.
-Бунга мен айбдор эмасман деди Олғирбоев. – Электр тез ўчаётганидан музлаткичлар ишламай маҳсулотлар айнимоқда.
-Электр тармоқлари бошлиғи Чароғоновга кучимиз етмайди, — деди Ўпқонов. – У кўнглига тушганда ўчириб, кўнглига тушганда ёқади.
— Унда каттароқ электр двигатель сотиб олсак яхши экан. Музлаткичлар узлуксиз ишласа ҳамма пашша ва чивин ейишдан озод бўларди.
-Ие, ўйлаб гапираяпсизми? – деди Ўпқонов. – Унақа катта ҳаражатни айтгунча неча пашша ва чивин емоқчилигингизни айтинг!
— Шунча пашша ва чивинни қандай қилиб еб битираман,- деди Тўймас ака.
— “Бўкиб ўлиб қолсам нима бўлади?”
— Ҳой, қанақа одамсиз ўзи, — деди Ўпқонов. – Жуда кўп мамлакатлар аҳолиси денгиз “маҳлуқ”ларини еб ўлаётгани йўқ. Қайта соғлом бўлиб, узоқ умр кўришмоқда.
Мажлис анча чўзилса ҳам якуни яхши бўлди. Ҳамма бир овоздан хўранда идишидан пашша ва чивин чиқса еб, санэпидстанция врачи келгунча “далил” қолдирмасликка келишиб олди.
Хеч қўрқмасдан келаверинглар. Агар идишингиздан пашша ва чивин чиқса ўзимиз еймиз. “Иштаҳа” кафемизга марҳамат.
Барди ЖУМАНИЁЗОВ.