Юнусобод фожиаси: 6 муаммо ва ечим

Юнусобод метро қурилишида содир бўлган фалокатдан қандай хулосалар чиқариш ва бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш зарур?

Фожиалар инсонийлик туйғуларини ҳаракатга келтириши билан ижтимоий онгни уйғотиш кучига эга. Бир қанча омиллар, сабаблар, эътиборсизликлар заминидан ўсиб чиққан муаммолар тузатиб бўлмас фалокатларни келтириб чиқаради. Прокуратура ва суд терговлари фактларни ўрганиб якуний хулосани жамоатчиликка очиқ ва тўлалигича етказадилар деган умиддамиз. Лекин унгача баъзи кўзга ташланиб турган муаммолар ва уларнинг ечимларини айтиб ўтиш мумкин.

1.  Советча шошқалоқлик муаммоси
Ушбу ҳодиса ҳақидаги хабар кўпчилик хаёлига биринчи келган нарса “байрам санасига битиши зарур!” деган мантиқсиз шошқалоқликни  ёдга солди. “Янги йил”, Наврўз, Мустақиллик нишонлаш кунларига бағишлаб объектлар топширилишига уриниш ҳамон эски  “Совет Иттифоқининг фалончи йиллиги”, “беш йиллик режани муддатидан аввал бажариш”,  “Ғалаба куни”га якунлашни мўлжаллаб қурилиш ишларини режалаш анъанасидан келяпти. Бундай услуб инсонларни меҳнатга моддий ва маънавий рағбатлантиришни уддалай олинмаган шароитда вақтинча самара берган, шунда ҳам турли ҳалокатларга сабаб бўлган.

Ечим: Бундай ёндашувдан буткул воз кечиш, унинг салбий оқибатлари ҳақида бохабар бўлиш, унинг ўрнига замонавий, масъулиятли тафаккурни илгари суриш.

2.  Қурилиш техник меъёрларининг мунтазам бузилиши
Қурилиш ташкилотида олган тажрибамдан келиб чиқиб, бир оддийгина лекин ўта қимматли ҳақиқат билан бўлишсам: сифатли натижа фақат сифатли жараёндан туғилади. Сифатли жараён мутахассислар белгилаб қўйган техник ва технологик меъёрларга жиддийлик билан риоя қилишни англатади. Агар бу меъёрлар бир мартагина бўлса-да раҳбар тарафдан бузишга йўл қўйилса қуйироқ поғоналарда тинимсиз меъёрбузарлик амалиёти бошланиб кетади ва катта фалокатларга сабаб бўлади.

Ечим: буюртмачи ташкилот ва давлат идораси тарафларидан техник назорат мунтазам амалга оширилиши, раҳбарлардан тортиб оддий ишчигача бу нормативларга риоя қилишни қатъийлик билан талаб қилиш. Қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналари белгиланган техник талабларга жавоб берадиганларини ишлатиш.

3.  Хавфсизлик қоидаларининг бузилиши
Эҳтиёткорлик ва соғлиқни асраш қоидалари “қон билан ёзилган”  дейилади. Яъни инсониятнинг кўп асрлик тажрибасидан келиб чиққан эҳтиёткорлик чоралари турли ҳалокатларни қайтармаслик учун белгиланган. Хавфсизлик қоидаларни бир-икки бузганда ҳеч нима бўлмаслиги билан алданиб, эҳтиётсизлик ва бефарқлик одатини оммавийлаштиради ва қурбонлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Ечим: Бу ниҳоятда жиддий масала мунтазам назорат, ишчи ходимларнинг техник хавфсизлик билимларини ошириш ва уларни синашни талаб этади. Тажриба шуни кўрсатадики, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш нафақат ҳаёт ва соғлиқни асрайди балки қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилишини ҳам таъминлайди. 

4.  Меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши
Адолатсизларча кам маош; қўшимча соатларда ишлаб беришга мажбурлаш;  сифатсиз озуқа, ётоқ ва ишчи кийим билан таъминлаш ва шунингдек қурувчиларга нисбатан қўпол муомилада бўлиш буларнинг ҳаммаси меҳнат билан боғлиқ инсоний ҳуқуқларни поймол қилишдир. Ҳуқуқлар фожиага сабаб бўлиш бўлмаслигидан қатъий назар бузилмаслиги шартлиги аён. Лекин фожиалар заминида айнан шундай ҳолатлар катта рол ўйнайди.

Ечим: Меҳнат ҳуқуқлари меҳнат шартномалари хужжатлари билан белгиланиб уни ишчилар жамоаси, касаба уюшмалари, давлат меҳнат инспекцияси тарафидан давомий назорат қилиб борилиши; ёғингарчилик шароитларида хавфли ишларни тўхтатиб туришни талаб қилиш; оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва уларга оид суриштирув ишларини ёритиш. Сўлчи партиялар ва касаба уюшмалари бунда ўз ҳиссаларни кўпроқ қўшсалар яхши бўлар эди.

5.  Коррупция
Қурилиш соҳаси коррупция учун энг қулай иқлимга эгалиги кўпчиликка машҳур факт. Қурилишда етук тажриба ва замонавий бошқарув тизимига эга бўлмаган генпудратчи тендерда қаллоблик билан ғолиб бўлиб, таниш-билишчилик орқали субпудрат ва суб-субпудрат қурилиш ташкилотларини ёллайди, улардан “откат” талаб қилади; қурилиш ишлари учун ажратилган маблағлар номақсадли ишлатиб юборилади, масалан бошқа пули ейилиб кетган объектга йўналтиради ёки оддийгина ўғирлайди. Қурилиш суръати пасаяди, кўплаб техник хатоларга йўл қўйилади, арзон сифатсиз материаллар ва малакасиз бригадалар ёлланади. Тизимга айланган иллатли ҳолат турли нохушликлар ва фалокатларни келтириб чиқаради.

Ечим: Антикоррупцион, шаффоф тендерлар тизимини жорий қилиш. Қурилиш ишларига масъул раҳбарлар ва мутахассисларни аттестациядан ўтказиш, уларнинг таржимаи ҳолларини текшириш ва ҳ.к.

6.  Қолоқ бошқарув услублари ва кадрлар муаммоси
Мансабида қотиб қолган эски раҳбарлар совет зеҳнияти остида бўлиб, иш жараёнлари самарадорлигини ошириш, рискларни бошқариш (риск менежменти) тизимларини қўллашга уринмайдилар. Уларнинг асосий раҳбарлик услубияти болшевиклардан қолган маъмурий буйруқбозлик ва норасмий “кўча тушунчаларига”га асосланган. Ўз навбатида уларнинг ўзлари айнан шундай муомила қилинишга ўрганган ва ўзларига ўхшаган янги кадрларни қолдириб кетадилар.

Ечим: (1) Зудлик билан хориждан профессионал қурилиш бошқарувчиларини ёллаш (улар хоҳ ватандош бўлсин ёки бўлмасин) ва уларга янги бошқарув тизимларини жорий қилишни юклаш. (2) Лойиҳалар бошқаруви (project management) миллий мактабини очиб, унда жаҳоннинг энг илғор бошқарув андозалари (PMI, Prince2, ISO, P2M ва бошқалар) асосида ёш мутхассисларни тайёрлайдиган ўқув дастурларини жорий қилиш. (3) Пудратчи ширкат ёлланилаётганида ундаги бошқарувчи ходимлар малакасига эътибор бериш.

Юқорида келтирилган таклифлар инобатга олиниши, албатта, давлат раҳбарлари, сиёсий партиялар, жамоатчилик фаоллари ихтиёрида. Биз ўзимизнинг мулоҳаза ва ғояларимиз билан бўлишиб қўяверамиз.

Фалокатда вафот этган ватандошларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин. Яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, уларга сабру жамил тилайман.

Жамшид Муслимов

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: