Жонажон оиласи бағрида, ота-она меҳридан баҳраманд бўлиб улғаяётган ҳар қандай қиз борки бир умр бахтли бўлиб яшашни, орзуларига эришишни ният қилади. Бироқ ҳаёт чигалликлари инсонни турли куйларга солиб уни синовлардан ўтишга мажбур этар экан. Аслида ҳар бир ота-она ҳам ўз фарзанини каму кўстсиз улғайтириб, унинг яхши оила қуришини, шириндан-шакар фарзандлар кўришини, набираларга бобо ва буви бўлиб кексалик гаштини суришни истайди. Ана шу истак баъзан ортиқча орзу ҳавасга айланиб билиб-билмай фарзандининг ҳаётини азоб-уқубатга тўлдириб қўяди. Ён атрофимизда бўлаётган ҳаётий мисоллар, чигал тақдирлар бунга яққол мисол бўла олади.
Аёл зўрлик учун яралган эмас…
Гулчеҳра эндигина 19 ёшини оиласи, яқинлари даврасида қалбидаги чексиз ҳурсандчиликлар билан нишонлади. Бу кун гўё ундан бахтли қиз йўқдек эди. Ҳамма самимий дил изҳорлари, гўзал табриклар билан уни қутлар экан, бахтли бўлишни, узоқ умр кўришни, орзуларига эришишини тилаб қувончига шерик бўлишди. Шу куни меҳмонлар орасида келган икки нотаниш аёл Гулчеҳрани ота-онасини розилиги асосида уни ўғиллари дилшодга фотиҳа қилиб кетишди. Зиёфатдан кейин буни эшитган Гулчеҳра бу тўйга рози эмаслигини айтиб онасига оҳу зор қилди.
—Ахир танимаган билмаган йигитга қандай турмушга чиқаман. Унинг дунёқарашини, феълини билмасам қандай яшайман, дея кўз ёш қилди. Аммо онаси отасининг қарори қатъийлигининг ўша оилага ваъда беришдими, уни бажаришлари шартлигини айтиб, қизини юпатишга ҳаракат қилди.
Гулчеҳра Дилшод билан бир марта кўришгандаёқ ўзини тутиши унга ёқмаганди. Бир томондан қизнинг кўнгли бир маҳалла нарида яшовчи Дониёр исмли йигитда эди. Дониёр бу вақтда ҳарбий хизматда бўлиб, хизматдан қайтгач совчи юбориб тўй қилишларини айтганди. Гулчеҳра онасига Дониёрда кўнгли борлигини қанча тушунтирса ҳам Дилбар опа қизини қўллаб-қувватламади. Бир сўзли, инжиқ феълли турмуш ўртоғига қарши чиқолмай тез орада тўйни ўтказишди. Тўй катта орзу ҳаваслар билан дабдабали тўйхонада ўтказилди. Дастурхонга қўйилган қимматбаҳо нозу неъматлар, қуда томонидан аталган келин ва куёв сарполар, зиёфатларнинг чегараси кўринмайдиган эди. Гулчеҳрага унинг дугоналари ҳавас билан боқишарди. Қизнинг шундай бой, орзу-ҳавасли оилага келин бўлаётгани омаддек кўринаётганди улрнинг назарида.
Тўй ўтиб, гўшангага келинчакни олиб киришди. Аммо Гулчеҳранинг кўнгли ёришмасди. Ҳамон кўзларидан ёшлари ёмғир каби томчилаб турарди. У эртагу достонлар ўқиб, эндигина улғаяётган бола каби эди. У китобларда ўқиган шаҳзода ва маликалар минг қийинчиликдан ўтса ҳам ниҳоят бахтли бўлишганди. Лекин унинг бахти эртаклардагидек якун топмади. Тоҳирнинг ўрнига Қоработир у томон яқинлашиб келаётганини қўрқув билан сезиб турарди.
Орадан бироз вақт ўтиб гўшангага куёвни олиб киришди. Куёвга салом қилган Гулчеҳра ердан кўзини узмай куёвга энди чой узатаман деганида унинг қалбида қўрқув уйғотган нотаниш куёв беҳосдан ерга йиғилди. У ўз-ўзидан қалтираб оғзидан оппоқ кўпик кела бошлади. Ўзи шундоғам қўрқув ичида турган Гулчеҳра қичқириб юборди. Гўшангага югуриб келган янгалар ваҳима ичида қолишганди.
Шу тобдаёқ куёвнинг ота-онаси кириб келишди. Бу ҳолатни кўрган куёвнинг отасининг юраги дош бермай, учинчи инсультни бошдан кечирди ва шу куни ҳаётдан кўз юмди. Бу воқеадан қаттиқ ваҳима ва шокка тушган қайнона кутилмаганда оқ либосдаги келинчакни дўппослай кетди. Бари кўргуликларга уни айбор эканини айтиб уриб хўрлар, «шумқадам, ҳосиятсиз» деб ҳақорат қиларди. Унинг бақувват қўлларидан қизнинг янгалари зўрға қутқариб олишди.
Улар қудага ўғлининг касалини яшириб келин олишнинг оқибати шу эканини қанча тушунтиришмасин куёвнинг онаси сочларини юлиб, янгаларни ҳам келинни ҳам ҳайдаб юборди. Шу кунги ноҳуш манзарани бутун маҳалла-куй гап-сўз қилди. Кимдир бокира келинга раҳми келса кимдир уни иффатини йўқотган ҳаёсизга чиқаришди.
Бу ҳолат келиннинг ота-онасини оғир изтиробга солди. Гулчеҳранинг отаси буни иснод деб қизини даст аввал уйига қабул қилмади. Кейин барчасини эшитиб, қизини кечирди ва уйига олиб келди. Орадан бироз вақт ўтиб. Гулчеҳранинг уйига яна совчилар кела бошлашди. Ўшандан буён шармандачиликдан бошини эгиб юрган отаси Гулчеҳрасини шу оғиз солганлардан бирига узатиб яна хатога йўл қўйди.
Ҳиёнатнинг олови вужудни куйдиради
Яна- хўнг-хўнг йиғлаб Гулчеҳра ўзга уйга келин бўлди. Бу сафар аввалги тақдиридан бошқачароқдек кўриниб, куёвга кўнгли илиқиб бахтли ҳаёт кечиришаётгандек эди. Баҳром Гулчеҳранинг кўнглига йўл топиб, ширин сўзлар билан унга меҳр кўрсатди. Фақат бу бахтиёр кунлар жуда қисқа эканини ёш келин билмасди.
Гулчеҳра келин бўлиб тушган уйда қайнакаси ва овсини билан яшар, овсини унга баъзан ҳар хил илмоқли гаплаб қилар, барчанинг олдида уни уялтрар эди. Рўзғор ишларида хато ва камчиликларини топиб, қайнона, қайнотасининг олдида гапга қолдирарди. Шу сабаб қайнонасидан кўп танбеҳ эшитар шунда ҳам тишини-тишига қўйиб чидарди.
Орадан кунлар ўтиб, қайноғаси сафарга кетди, овсини болалари билан уйда қолди. Шундай кунларнинг бирида Гулчеҳра овсини ва турмуш ўртоғини ногоҳ айвонда қўлни қўлга бериб ўтиришганидан кўриб дахшатга тушди. Аввалига бу шунчаки ваҳима, балки улар опа-укадек гаплашиб туришгандир, деган хаёл кейинги куни барбод бўлди. Ишдан уйга қайтган Гулчеҳра эндигина оёқ кийимини ечиб уйга кираётганидан уйидан кулгу овозини эшитиб титраб кетди. Уйга киргач эса овсини ва турмуш ўртоғини хиёнат устида ушлаб, эс-хушидан айрилай деди. Ўзига келганида эса қаттиқ оғриқдан инграб юборди.
Ундан кечирим сўраш ўрнига бемаврид кириб келган хотинни Баҳром дўппослаганди. «Агар буни бировга ғиринг десанг ўлдираман» деб қўрқитди. «Хиёнатнинг аламли, оғриқли олови бутун вужудни куйдиради» деганларидек, ёш келин нафрат ва алам оловида куйиб, адо бўлди.
Кўз ёшли, изтиробли, азоб уқубатли кунларнинг бирида. Гулчеҳрани шифохонага олиб келишди. шифокорлар қийноқлар, дўппослашлар оқибатида ёш келиннинг ички аъзоларига қаттиқ жароҳат етганини айтишди.
Бу сафар қизининг хўрликларига чидолмаган она уни уйига олиб кетди. Лекин орадан уч ой ўтмасидан танасидаги оғриқларга дош беролмай Гулчеҳра ҳаётдан бевақт кўз юмди .Ота-онасининг ўйлаб-ўйламай қилган хатоликлари, турмуш ўртоғининг азоблари сабаб бир гулдек аёл умри увол бўлди.
Қишлоқнинг чекка бир бир ерида энди тинмай бир ўкинчли, нолали овоз эшитилар. Бу шу ердаги яқин қабристондан келарди. У ерда рўмоли қўлида, сочлари тўзғиган онаиззор бевақт хазон бўлган дилбандининг қабри устида аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкарди. Гулчеҳранинг дўппайган қабри эса қип-қизил, гулу лолалар билан бурканганди. Гўёки бу ранг унинг жароҳатларидан сизиб чиққан қизил қон рангига ўхшарди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, одамлар фарзандингизга бахт тилаб уни оташга отманг. Аёл зўрлик учун эмас бахт учун яралган. Унинг ҳам дунёда бошқалар қатори узоқ умр кўргиси, соғ-саломат бўлгиси, фарзандларининг роҳатини кўргиси келади. Бундай орзуларга эришишларидан уларни мосуво қилманг. Огоҳ бўлайлик! Зеро ногоҳ бармоғимизга кирган тикан бутун танани зириқиратганидек, биргина хато кўзимиз оқу қораси бўлган фарзандларимиз келажагини барбод этмасин.
Фотима ЎКТАМОВА