Иммунитет тушса одам турли касалликларга тез чалинади. Ҳолсизлик, уйқу босиши, иштаҳа бўлмаслиги, тери, соч ва тирноқлар ҳолатининг бузилиши — булар барчаси иммунитет етишмаслиги белгилари бўлиб, меъёрида овқатланмаслик оқибатида келиб чиқади. Шу боис организмни қувватлантириш, қандай маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш талаб этилади.
Хўш, иммунтитет нима ўзи? Иммун тизими инсон аъзолари, ҳужайралар, тўқималар ва бошқа ҳаётий муҳим элементларни ўз ичига олган мураккаб тизимдир. Унда оқсил ва ҳужайралар алмашинуви тез содир бўлади, тана ҳужайралари ҳар куни янги синтезланган иммуноглобулин ва ферментлар билан тўлдирилиб туриши керак. Шунинг учун кундалик овқат таркиби қувватни тикловчи, иммунитетни мустаҳкамловчи аминокислоталар, ёғлар ва углеводларга бой бўлиши лозим.
Қайси вақтда одам ўз овқатланишига эътибор бермайди? Бу саволга биринчи ўринда, иш кўплиги, стресслар оқибатида иштаҳа бузилишини ва баъзан бошқа ижтимоий сабабларни рўкач қилиб кўрсатамиз. Аммо булар қимматли соғлигимизни қўлдан бой беришга сабаб бўлолмайди.
Фойдали маслаҳатлар
Табиий неъматлар, янги пишган ва қуритилган мева-сабзавотлар, кўкатлар ҳамда сут-қатиқ маҳсулотлари витаминлар конидир. Тез тайёрланадиган, сунъий тайёрланган шўрва ва бўтқалар, консервантларни ўз ичига олган егуликлар эса организмнинг ҳимоя тизимини қувватлантира олмайди. Шу билан бирга доим бир хил таркибли овқат истеъмол қилиш иммунитетни заифлаштиради.
Сув, суюқлик ҳимоя тизимига қувват беради. Агар одамда иммунитет тушиши билан қабзият, ошқозон-ичак тизими муаммолари, тез-тез шамоллаш, тери тошмалари кузатилса, у кам суюқлик ичади, деб таҳмин қилиш мумкин.
Сут-қатиқ маҳсулотларини етарли миқдорда истеъмол қилмаган одамлар ичагида чиритувчи бактериалар кўпайиб, токсик метаболитлар ҳосил бўлади. Сут-қатиқ, кефир, йогурт таркибидаги фойдали бактериялар ичакларда токсинлар бош кўтаришининг олдини олади.
Саримсоқпиёз ва лавлаги иммунитетни кўтаришда энг кучли восита. Улар ҳатто ривожланиб келаётган саратон, сил ва бошқа жиддий касалликларнинг ҳам олдини олиши мумкин.
Сульфидларга бой бўлган редиска, турп моддалар алмашинувини яхшилаб, тромб ҳосил бўлишидан асрайди.
Антиоксидантларга бой малина, клупнай каби резавор мевалар юрак-қонтомир хасталикларига қарши курашади. Брокколи, гулкарам, сабзи, селдир иммун тизимини қувватлантирувчи, турли ўсмаларнинг олдини олувчи антиоксидант таъсирга эга.
Бодринг таркибида эса холестеринни камайтириб танага мадор бўладиган моддалар мавжуд.
Асалнинг беқиёс фойдаси, шифобахш наъматак дамламасини билмайдиганлар кам бўлса керак.
Яшил маҳсулотлардаги пектин ва хлорофилл қонни гемоглобин ва кислород билан таъминлашда ҳамда азот алмашинувини кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Балиқ, гўшт, тухум, дуккакли экинлар ва дон маҳсулотлари организмдаги иммун таначаларини синтез қилишга ёрдам беради.
Ёнғоқнинг танага куч-қувват ато этиши азалдан маълум.
Қўзиқорин таркибида эса Д витамини мавжуд. У бу витамин бўлган ягона табиий маҳсулотдир.
Иммунитетни тиклашда тўғри овқатланишнинг ўзи камлик қилади. Шу билан бирга носоғлом одатлардан воз кечиш, бадантарбия қилишга одатланиш, стрессдан сақланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Гулшан тайёрлади