Касалликка енгилмаган буюклар

Касаллик одамни бой ёки камбағал, чиройли ёки ҳунук, яхши ёки ёмон, деб танлаб ўтирмайди.

Одам касалликдан азият чекканда кўзига бойлик ҳам, мансаб ҳам кўринмайди. Ҳатто байрам ва шодликлар татимайди. Бор бисотини, молу дунёсини сарфлаб бўлса ҳам, касалликдан қутулишни истайди. Айримлар пул ва бойлик бўлса, жиддий касалликларни ҳам даволатиш мумкин, деб ўйлашади. Бироқ бу нотўғри фикр. Хасталик авж олишга улгурган бўлса, одамнинг ўзида ҳаракат, ирода ва қатъият бўлмаса, бойлиги, мавқеи ҳатто малакали шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам ёрдам беролмайди.

Касаллик одамни бой ёки камбағал, чиройли ёки ҳунук, яхши ёки ёмон, деб танлаб ўтирмайди. Бир-икки марта “гапга солиб кўради”, агар кучсизлигини билиб олса, ҳужум бошлаб, то маҳв этмагунча қўйиб юбормайди. Ҳар бир касалликни жазо эмас, синов деб қабул қилиш, иззат-икроми битгач яна ўз йўлига кузатиб қўйиш керак.

Бу ишни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Қуйида оғир касалликни енга олган тарихий шахслар ҳақида ҳикоя қилиб берамиз. Уларнинг ҳаётий тажрибаси бошаларга ҳам ибрат бўлиши мумкин.

Антоний ГАУДИ

Фото: Википедия

XIX асрда яшаб ўтган каталониялик меъмор Антоний Гауди туғилган оилада чақалоқлар кўп нобуд бўларди. Антоний ҳам оғир туғуруқ асоратлари билан дунёга келганди. У туғилганда ҳам шифокорлар “кўп яшамайди” дея ҳулоса қилишди. Шу боис, чақалоқни чўқинтириш билан боғлиқ расм-русумлар бир неча кунга кечиктирилган эди. Аммо болакай қанчалик заиф ва нимжон бўлмасин, соғайиб яшаб кетди. Бу ҳам етмагандек, дунёга донғи кетган архитектор бўлиб етишди.

Кўргилик экан, унга болалигида ревматизм касаллиги ташхиси қўйилди. Бу касалликнинг ўзидан ҳам асоратлари хавфли эди. Аммо Антоний ўз иродаси билан ҳамжиҳат бўлиб, бу касалликнинг ҳам танобини тортди, авж олишига йўл қўймади. У тариқа ўз орзулари, яратган лойиҳаларининг ҳаётий ифодасини кўриш, ижодга йўғрилган ҳаётда яшаш завқи барча ташхислардан устун эканлигини исботлаб берди.

Мигель де СЕРВАНТЕС

Фото: Википедия

Таниқли испан ёзувчиси Мигель де Сервантес жуда чайир ва курашувчан инсон бўлган. У денгиз қўшинларида хизмат қилганида безгак билан оғриб ётганида ҳам ўз ихтиёри билан жангга чиққан. «Иситмам кўтарилиб, касаллик ҳаддидан ошганда ҳам палубага яшириниб ётгандан кўра, чин аскар бўлиб жангга киришни афзал биламан”, – деган эди у ўшанда.

Сервантес ҳарбий хизматда ўз бурчини ўташ чоғида бир неча бор яраланган, чап қўлидан ҳам айрилган. Ўзининг “Парнасга саёҳат” асарида у ҳазиллашиб шундай ёзади: “Ўнг қўлимнинг шон-шуҳрати учун чап қўлимни қурбонликка бердим”.

Сервантес ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам ижод қилишдан тўхтамади.  У 69 ёшида истисқодан (водянка) вафот этган. У ўз касаллиги ҳақида фалсафий юморларидан бирида “узоқ давом этган бемаънилик” деб эслатиб ўтган эди.

Людвиг Ван Бетховен

Фото: Википедия

Бу таниқли композитор ҳақида билмайдиган одам бўлмаса керак. У ўз олдига қўйган мақсадларига етишиш, ҳақиқий ижод лаззатини туйиш учун ҳаётда кўплаб синовларни енгиб ўтишига тўғри келган. “Истеъдодли ва меҳнат қилишга меҳр қўйган одамга ҳеч қандай қийинчилик тўсиқ бўлолмайди”, деган ҳикматли гап ҳам айнан унга тегишли.

Бетховеннинг 26 ёшлик чоғидаёқ оғир касаллик оқибатида эшитиш қобилияти заифлаша бошлади. Бироз вақт ўтиб эса тамоман кар бўлиб қолади. У қулоғи тамоман “том битиб” қолгандан кейин ҳам ўз ижодини тўхтатиб қўймайди. У ўзининг машҳур “Ой сонатаси” ва бошқа кўплаб ажойиб мусиқий асарларини буткул кар бўлиб қолганидан кейин ёзган. У: “Мусиқа менинг ич-ичимда жаранглаб туради ва мен уни эшита оламан”, – дер эди.

Бундан ташқари, 9-концерти пайтида кар бўлишига қарамай, композиторнинг ўзи оркестрга дирижёрлик қилган.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: