Фақат фан олимпиадаси эмас, баъзида бошқа танловларда ҳам шундай дилхираликлар кузатилади. Кимнинг ўқитувчиси ўқувчиси учун кураша олса, қаттиқ туриб ҳаракат қилса, омад ҳам ўша томонда бўлади. Дейлик, ўқувчи қолган иштирокчилардан яхши натижа кўрсатди, аммо унинг ўқитувчиси талашиб тортишишни, бир сўз билан айтганда, ўқувчисини ҳимоя қилишни билмайди.
Синглим мактаб даврида она тили ва адабиёти фанидан олимпиадада қатнашди. Ишончи синиб келди. Ютқазгани учун эмас, ўзидан паст натижа кўрсатган ўқувчининг ғолиб бўлгани учун! Мактаб даврида қайтиб олимпиадага қатнашмади. Аммо лецийда француз тилидан республика босқичида иштирок этди. Ютқазса-да бир олам таассуротлар билан қайтди.
–Кучли иштирокчилар кўп экан, уларга жуда ҳавас қилдим. Яна ўқиб ўрганишим кераклигини тушундим, – дея кўзлари порлаб танлов тафсилотларини баён этди. Ҳаттоки, ички босқичларда ҳам баъзида ўқувчининг билими адолат билан баҳоланмайди. Ота – онаси ёки мактабининг, ўқитувчисининг ўрни ҳал қилувчи ролни бажаради. Асл билимни қадрлайдиган, ҳудуднинг, вилоятнинг шаънини ўйлайдиган ҳакамлар ҳам бор. Минг афсуски, беш қўл баробар эмас.
–Ўқувчини фан олимпиадаси ёки кўрик-танловларга тайёрлаган ўқитувчилар бу ҳолатни яхши билади, – дейди Термиз шаҳар 13-умумтаълим мактаби маънавий-аҳлоқий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Гулчеҳра Ашурова. – “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичида (2000 йилдаги воқеа) ҳакамлар балларни нотўғри ҳисоблашди. Баллар йиғиндиси бўйича мактабимиз иккинчи ўринда эмас, десам ҳам ҳакамлар эшитмади. Шунда вилоят ҳокими ўринбосари Муҳиддин Абдуллаев танлов жараёнидаги видеони кўриб чиқиб, 1-ўрин соҳиби – 13-мактаб деди. Ўқувчиларнинг хурсандчилигини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Педагогик фаолиятимда содир бўлган кўплаб шундай воқеаларни мисол қилиб келтиришим мумкин. Ўша танловда гуруҳ сардори бўлган Зуҳриддин исмли ўқувчим ҳозирги кунда республика прокуратурасида ишлаяпти. Хуллас… иш фаолиятимда адолат учун курашавериб қон босими касаллигини орттириб олганман.
Ҳамма ўқитувчи ҳам ўқувчиси учун курашавермайди. Тўғри, ишхонадаги, уйдаги ташвишлардан ортиб, югур-югур қилишнинг ўзи бўлмайди, аммо ҳақиқий педагог учун ўқувчиси ўз боласидек азиз, тақдири муҳим бўлади.
–Олимпиадада бўладиган ноҳақликлар бизнинг туманда ҳам авжига чиққан, дейди кимлиги сир қолишини сўраган ўқитувчи. – Ҳамма ҳакамлар ўзига қўшимча дарсга борадиган ўқувчиларга ўринларни бериб юборади. Ҳаттоки, ижодий ишларни текширмай юқори балл қўйишгача боришади. Жуда ҳам кўп ноҳақликлар, адолатсизликлар бўлади. Бу ҳолат қачонгача давом этади? Давлатимиз коррупцияни йўқотиш учун фаол курашаётган бир пайтда шундай воқеалар бўлса-я? Юқорига арз қиламиз десак, раҳбарлар қўрқитади. Фақат исмимни ёзманг, боиси кейин босим остида қолишни истамайман. 1-ўринни олган ўқувчининг иншосини ўқимай туриб, 40 баллдан 37 балл қўйишганини ўзим кўрдим.
Бола ишлаган тестининг тўғрилигига ишониб турибди. Аммо ҳакам тўғрини ҳам нотўғри қилиб баллни пасайтириб юборган. Кейин эса «имзо қўй, бизнинг уйимиз йўқми», деб уришиб ташлаган. Қўрққанидан имзо қўйиб чиқаверган бола бечора. Биринчи йил қатнашиши бўлгани учун талашишни билмаган, – дейди яна бир ўқитувчи.
–Ҳакамлардан ҳамма норози. Ўз ўқувчиларига тест жавобини фақат “с” ҳарфи билан белгилашни уқдиришган. Ҳакам ўз ўқувчисининг тестини текширганда бу ҳарфни а, б, д, е шаклига келтирса бўлади-да! Айёрликда тулкини ҳам доғда қолдиришади. Ҳамма танловларнинг натижасини ДТМ текширса бўлмасмикан?!
Ўқитувчиларнинг сўзларини тинглаб туриб, ўзимнинг ўқувчилик даврим ёдимга тушди. Еттинчи синфда ўқирдим. Кимё ўқитувчимиз мен ва синфдошимни ёнига чақириб, бу фандан иккимизнинг кучли эканимизни, ким билимлар беллашувининг туман босқичида пул берса, ана ўшани чиқаришини айтганди. Уйга бориб ота-онамга билдирганимда «қизим, пора бериш ёмон, биз сендан пулимизни қизғонмаймиз аммо пора бериб нимагадир эришишни ўрганма», дейишган. Шу билан бундай беллашувларга ишонмай қўйганман. Балки ўшанда ўқитувчимиз билимимизни яна бир синаб, юқори босқичлар учун тайёрлаганда ҳаммаси бошқача бўлармиди? Ёки у ҳам ноҳақликларни кўравериб, барибир танлов ҳаққоний бўлишига ишонмай қўйганмикан?!
–Мактабда ўқиб юрганимда ҳуқуқ фанидан олимпиадага борганман, – дейди Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 27-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Ойбек Урунов. — Туманда иккинчи ўринни олиб, хафа бўлиб мактабга қайтганман. Тарихчи устозим бўларди, Ойбек нега кайфиятинг йўқ, нечанчи ўринни олдинг, деб сўраганда устоз, сотилган экан, 2-ўрин бўлиб қолдим, деганимда роса уришдилар. «Демак сенинг билиминг 1-ўринга лойиқ эмас экан, агар билиминг зўр бўлганда 1-ўринни олардинг!» – деб тушунтирдилар. Шундан сўнг кучли тайёрланиб, келаси йил туманда 1-ўринни, вилоятда 3-ўринни қўлга киритганман. Бу воқеа менга бир умрлик дарс бўлган. Ҳозир педагогман, агар шогирдларим шу мавзуда гапирадиган бўлса, устозимдан олган сабоқларимни уларга айтиб бераман.
Тўғри, баъзи ҳолатларда жуда кучли билим билан ҳақиқатга эришиш мумкин. Ҳамма жойда ҳам шахсий манфаатлар устун келавермайди. Олимпиада, танловда иштирок этаётган ўқувчи аввало катта меҳнат қилади, унинг ҳакамларга, адолат борлигига бўлган ишончини, келажакка бўлган умидини сўндирмаслик керак. Баҳолашда ушбу мезонни унутмайдиган виждонли ҳакамлар ҳам бор. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмайди. Афсуски, таълим тизимидаги “курмак”лар туфайли ҳақиқий иқтидорларни аниқлаш ва уларга имтиёз бериш қийин бўлмоқда. Ҳақиқат учун курашмоқчи бўлганлар эса тазйиққа учраши аниқ. Интервью берганлар номини яширишни илтимос қилгани бежиз эмас…
Мени эса доим бир нарса ташвишга солади: ноҳақликни кўриб ўсган, ҳалол курашиб енгилган боланинг синган ишончи вақти келиб аламзадаликка олиб келмайдими? Ота-онасининг “ҳиммати” билан ғалаба қозонган бола-чи? Келажакда ўзи ҳам кимларнингдир “ҳиммат” қилишини таъма қилиб қолмасмикан? Жамиятдаги порахўрлик, коррупция, кўзбўямачилик, адолатсизликларнинг ҳам илдизи ана шуларга бориб тақалади.
Чарос ЁҚУБОВА
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли