Хитойнинг «Чанъэ-4» автомат станцияси Ойга герметик қадоқларда бир неча турдаги ўсимлик уруғларини олиб чиққан эди. Маълумотларга кўра, улардан пахта уруғи биринчи бўлиб униб чиқди.
Зонд ёрдамида узатилган фотосуратларда космосда унган илк ўсимлик – пахта ниҳолининг ям-яшил барглари кўриниб турибди.
Ойда ўтказиладиган эксперимент учун картошка, пахта, карамнинг икки хил тури, шунингдек, ипак қурти личинкалари олиб чиқилди. Хитойлик тадқиқотчилар бу лойиҳа воситасида космик ускуна ёрдамида коинотда ёпиқ экомуҳитни яратишга имконият бор ёки йўқлигини синаб кўрмоқчи эдилар. Фараз қилинганидай, бу муҳитда личинкалар иссиқхона гази ишлаб чиқаради, ўсимликлар эса фотосинтез жараёнида мазкур газни кислородга айлантириб беради.
Мазкур парвоз «Чанъэ-4» станциясининг Ойга томон биринчи сафари бўлиб, у 2019 йил 3 январ санасида Ойнинг тескари юзасидаги Айтген Жанубий қутби бассейнига муваффақият билан қўндирилган. Тадқиқот бошланганидан буён Ойда фаолият олиб бораётган зонд Ерга 170 га яқин фотосуратларни ҳамда станция қўним топган жойда тасвирга олинган кўплаб видеолавҳаларни юборишга улгурди.
Ойда ўтказилган илк биологик эксперимент ҳақидаги мақола ва фотосуратларни Хитой коммунистик партиясининг «Жэньминь Жибао» газетаси ўз саҳифаларида эълон қилди.
Космик лойиҳа муаллифи профессор Се Гэнсиннинг Гонконгдаги South China Morning Post газетаси мухбирига берган интервьюсида айтишича, бундай тадқиқотлар инсонларнинг коинотда ҳаёт яратиш мумкин, деган тасаввурларига умид беради.