Шу туфайли оилаларда ота-она ва фарзандлар, эр ҳамда хотин ўртасида ҳар хил келишмовчиликлар юз бермоқда. Бундай ҳолатларни қандай таҳлил қилиш ва қандай қарорга келиш ҳақида психолог маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Эксперт: Зебинисо АҲМЕДОВА, психолог
«Фарзандим одамови бўлиб қолди…»
“Фарзандимда руҳий ўзгаришлар пайдо бўляпти. У 9 ёшда. Мактабда жуда яхши ўқирди. Ҳозир дарслар масофавий режимга ўтгандан буён бироз қийналяпти. Унинг мактабга қатнаб ўқишига рухсат бермадим. Чунки саломатлигидан хавотирдаман. Аммо у жуда маъюс бўлиб қолган. Ҳамма нарсага бефарқ, кўпинча деразадан кўчага қараб ўтиради. Иштаҳаси ҳам йўқ… Маслаҳат беринг, нима қилай?”
Латофат, Тошкент шаҳри
–Масофавий таълим аввало ўқувчи имкониятларини ҳисобга олганда жуда қулай ўқитиш услуби. Масалан:
- спорт билан жиддий шуғулланувчи ва бирон санъат турига қатнайдиган, бунга кўп вақтини бағишлайдиган болалар учун;
- ота-оналари иш тақозоси билан асосан кўчиб юришига тўғри келувчи ўқувчилар учун;
- репетиторсиз ўз кучи билан билимини оширмоқчи бўлган болалар учун;
- пандемия шароитида хавфсизлик нуқтаи назаридан масофавий таълимни танлаган оилалар учун.
Аммо афзалликлари билан бирга масофавий таълимнинг болага салбий таъсирларини ҳам таҳлил қилиш керак. Аввало кутилмаганда кундалик ҳаётда содир бўлган ўзгариш ҳаммада ҳам тезкорлик билан бунга мослашишни талаб қилади. Тўғри, карантиннинг дастлабки кунлари ўқувчиларнинг таътил кунларига тўғри келди. Шу сабабли уларга олдинига унчалик сезилмаган бўлиши мумкин. Аммо ёзги таътилдан кейин доим ўқувчилар кучли ҳаяжон билан мактабга интиладилар. Сентябрда мактабга бормай онлайн тартибда ўқиётгани болага жиддий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Биз болалар телефон ва интернетга ўрганган, масофавий дарсларни ҳам осон ўзлаштириб олади, деб ўйлаймиз. Аммо тенгдошлари билан бевосита мулоқотнинг йўқлиги уларга салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Бундан ташқари фарзандингиз 9 ёш бўлса, жинсий етилиш босқичига қадам қўймоқда. Ўсмирларда бу даврда руҳиятдаги ўзгаришлар кузатилиши табиий ҳол. Болалар ўтиш босқичида тенгдошлари даврасида бўлса, руҳий стресслардан йироқ бўлади. Агар у жисмонан соғлом бўлса ва ундаги руҳий тушкунлик ўтиб кетмаса, албатта, гигиенага риоя қилиб, мактабга қатнашига, дўстлари билан мулоқот қилишига рухсат берганингиз маъқул.
“Қизимга нималар бўляпти?..”
“Қизим 11 ёш. Масофавий таълимга тез мослашди. Топшириқларни ўз вақтида бажаряпти. Аммо жуда асабий бўлиб қолган. Кечаси туш кўриб уйғониб кетади. Кундузи эса бирон иш буюрсангиз, гап қайтаради, сабабсиз овозини баландлатади. Кеча “Қизим, ўқишларинг қолиб кетмасин, дарсларни ўз вақтида қилдингми?” десам, “Нега дадам ҳам, сиз ҳам битта нарсани ҳадеб такрорлайверасизлар” деб, эшикни қарсиллатиб ёпди, хонасига қамалиб олди. Унга нима бўлаётганини тушунмаяпмиз… Бундай одати йўқ эди, ёки ўта талабчан бўлганимизга бизни ёмон кўриб қолдими?..”
Ширин, Чирчиқ шаҳри
–Саломатлик нуқтаи назаридан олиб қараганда, компьютерлардан фойдаланишда бошланғич таълимда 15 дақиқа, катта синфларда 20 дақиқа меъёр ҳисобланади. Ҳозир эса масофавий таълимни танлаган аксарият болалар кунига 30-40 дақиқалик 3-4 та дарсда қатнашишмоқда. Албатта, бу ҳаддан ортиқ зўриқишга сабаб бўлади. Уйида компьютер ва ноутбук бўлмаган болалар смартфондан фойдаланмоқда. Бунинг натижасида бола биринчидан электромагнит нурланиш олади, иккинчидан, кўзи ва мияси зўриқишга учрайди. Қолаверса, бу ҳолат бир кун эмас, бир неча ойдан буён давом этмоқда. Бошқа томондан қарасак, бу ҳолат биз учун бир тажриба. Тиббиётчилар ва физиологлар, психологлар ва педагоглар, албатта ота-оналар билан биргаликда бу ҳолатни чуқур таҳлил қилишлари, хатога йўл қўймаслик учун ҳеч бўлмаса масофавий таълимни кундалик эмас, камида кунора тартибга ўтказишлари керак.
Манзура БЕКЖОНОВА