Дастлабки даволанишдан икки ой ўтиб такроран COVID-19 аниқланган 89 ёшли аёл вафот этди.
Нидерландияда 89 ёшли аёл янги турдаги коронавирус вирусини қайта юқтирганидан сўнг вафот этди, деб хабар бермоқда РИА Новости Оксфорд университети матбуотига таяниб.
Олимларнинг фикрига кўра, қон ҳужайралари касаллиги ва иммунитет танқислиги бўлган бемор биринчи инфекциядан тахминан икки ой ўтгач, иккинчи марта юқтирган. Кўп ўтмай унинг аҳволи жуда ёмонлашди ва икки ҳафтадан сўнг вафот этди.
BNO нашрининг таъкидлашича, ушбу ҳолат қайта юқтиришдан сўнг дунёдаги биринчи ўлим бўлган.
Аввалроқ РИА Новости Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 инфекциясини такроран юқтириб олиш ҳолатларини ўрганиш учун махсус гуруҳ ташкил этганини хабар қилган эди.
The Lancet илмий-тиббий журнали 12 октябрь куни COVID-19 такроран юқиши мумкинлигини тасдиқловчи тадқиқот натижаларини эълон қилган. АҚШнинг Невада штатида яшовчи 25 ёшли фуқаро коронавирусга чалиниб, даволаниб бўлганидан тахминан бир ярим ой ўтиб қайтадан инфекция юқтириб олган. Иккинчи ҳолатда касаллик оғирроқ кечган, бемор шифохонага ётқизилиб, унга доимий кислород кўмаги талаб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус билан такроран касалланиш ҳолати илк бор Гонконгда қайд этилган эди. 33 ёшли эркакда соғайиб кетганидан қарийб беш ой ўтганидан сўнг иккинчи марта COVID-19 аниқланган эди.