COVID-19 билан боғлиқ бир неча ой давомида Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бунинг сабаби нима? Мутахассисларнинг фикрича бунга биринчи навбатда оиладаги иқтисодий етишмовчиликлар ва стресслар сабаб бўлиши мумкин. Яна бир омил эса бизда доимий догмага айланган янглиш фикр «аёлни эркакка тобе деб қараш». Айрим эркаклар буни суистеъмол қилмоқда.
Ҳозирда эркакларнинг оилада зўравонликка учраши денгиздан томчи холос. Бизнинг ҳудудларимизда оилада айнан аёлларга нисбатан зўравонликлар юқори поғонага чиқаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Бизнинг жамиятимизда «аёл – заифа, аёл – ожиза» деб эркак шахсига ҳаддан ташқари юқори баҳо берилади. Оилада ҳам эркак устун, эркак хўжайин деган қарашлар баъзи эркакларнинг аёллар ҳурмати, уларнинг андишалилигини суистеъмол қилишларига олиб келмоқда.
БМТнинг статистик маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи аёл жисмоний зўравонликка учрайди. Ушбу кўз юмиб бўлмайдиган ижтимоий муаммо Ўзбекистонда ҳам мавжуд.
2019 йил сентябрь ойида қабул қилинган «Aёлларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун бу масалани ҳал қилишда муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат нафақат аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, балки гендер тенглиги масалаларини янада ишончли тарғиб қилишга имкон бермоқда.
Асл сабаби – мурожаат қилмаслик, «оила сири» деб қараш
Аёлларга нисбатан зўравонликларда аралашмаслик, бунга «оила сири» деб қараш мазкур муаммонинг жамиятда кенг илдиз олиб кетишига олиб келади. Негаки эркак аёлга дўқ урса, шикаст етказса, дўппосласа ва бунга чора кўрилмаса, гап оиладан ташқарига чиқарилмаса, албатта бу ҳолат доимий тус олади.
Оиладаги зўравонлик нафақат жисмоний, психологик, балки бу жинсий ёки иқтисодий зўравонлик кўринишида намоён бўлиши мумкин. Масалан, бўкиб ичиб келган эркак хотинига беҳурматлик қилиб, уни сўкса, урса ва шу вақтнинг ўзида уни тўшакка ётишга мажбурласа, бу жинсий зўравонлик ҳисобланади. Аёлда хоҳиш бўлмаса ҳатто ўзининг эри ҳам жинсий мулоқотга мажбурлашга ҳаққи йўқ.
Мутахассисларнинг таъкидлашича оилалардаги айнан иқтисодий, руҳий ва жинсий зўравонликлар сир сақланади ва натижада айбдорлар жазоланмайди. Шу боис бундай ҳолатлар ҳамон давом этиб келмоқда. Бу борада айрим жабрдийдаларнинг аноним иқрори гувоҳлик беради.
«Эрим маошимни тийин-тийинигача тортиб оларди. Ўзи эса ишламасди…»
Ш.А: Мен эрим билан севишиб турмуш қурганман. Аммо тўйдан кейин унинг хулқ-атвори ўзгарди. У йиллар давомида бирон муқим жойда ишламади. Ишга кирса ҳам ким биландир уришиб, тез орада бўшаб келарди. Доим менинг ойлигимни тийин-тийинигача қўлимдан тортиб оларди.
Орада бир нафар қизлик бўлдик. Иқтисодий шароитимиз оғир бўлгани учун фарзандим 2 ёшга тўлиши билан ишга чиқиб кетдим. Ойлигимни олиб келиб, эримга берардим, ҳатто қизимга 0,5 кило печенье олсам ҳам, «нега бесўроқ олдинг» деб мени уришарди. Ўзи ҳам уйга озиқ-овқат олиб келмасди. Яна бўлар-бўлмасга жанжал кўтариб, қўлига эрк берарди. Уйимизда ҳатто шакар, тухум бўлмаган, фарзандимга ним едиришни билмаган вақтларим бўлган.
Шу сабаб кўпроқ пул топиш учун 3 яшар қизимни қайнонамга ташлаб, хорижга кетишга мажбур бўлдим. Россияда мева сотувчи бўлиб ишладим. Ҳар сафар уйга қайтганимда топган пулимни эримга бериб кетардим. У эса мен меҳнат қилиб топган пулларга бу ерда маишат қилиб яшаган. Фохишахоналарга борган…
«Ўз оиламда жинсий зўравонликка чидай олмадим…»
Ф.И.: Эрим ичкиликни яхши кўрарди. Ўзи пулга ароқ олиб ичмасди, аммо тўйларга кетса, оёғида туролмайдиган даражада маст бўлиб қайтарди. Шу куни кечаси билан мени руҳан эзиб чиқади. Эски гапларни қўзғарди. Мен билан уришиш ва калтаклаш учун ҳар хил баҳоналар топарди.
Кейин тўшакка судрарди. Ўлгудай маст аҳволда, оғзидан ароқ сасиб ётса ҳам зўравонлик билан хирсини қондирмоқчи бўларди. «Йўқ» десам, «Сен бошқасини топгансан, сезиб юрибман!» деб туҳмат қиларди, куракда турмайдиган ёмон сўзлар билан ҳақоратларди. Сочимдан тортиб урарди. Нима қилишимни билмасдим. Охири ажрашиб кетдик…
Эксперт, психолог Зебинисо АҲМЕДОВА фикри: биринчи ҳолатда эр ўз хотинини эксплуатация қилган. У ўзи ишламай, хотинини ишлатиб, ойлик маошини қўлидан тортиб олган. Аммо оиласига озиқ-овқат олиб келмаган. Бу ҳолатда иқтисодий зўравонлик шакли намоён бўлмоқда. Қачонки аёл эрига топган пулини беришни тўхтатса, эркак ўз эҳтиёжларига пул топиш учун меҳнат қилишга мажбур бўлади. Бу индивидуал масала. Лекин кўпчилик эркаклар ишлаб пул топмаса ҳам аёлини зориқтириб қўймайди. Бу ҳолатда эса эркакнинг ноқобил характери ўзгача ёндашувни талаб этади. Бу вазиятда топганини эрига келтириб бергани аёлнинг хатоси.
Оила – бу жуфт ҳўкиз. Эр ва хотин бирга ҳаракат қилиши, оила бюджетини биргаликда тўлдириши керак. Агар эр хотинини ишлатиб, уйда еб ётса, бунинг устига пул бермаса, фарзандини ҳам боқишни ўйламаса, бу эркакнинг руҳий носоғлом эканлиги, ноқобил тарбия олганлигидан далолат. Бундай эркакни тўғри йўлга солиш жуда қийин. Унга ишлаш ва оиласига қарашга яна бир имконият бериш зарур. Агар ўз вақтида оила, хотин ва фарзанд олдидаги масъулиятини тушуниб етмаса, бу оила таназзулга юз тутади. Бундай эр билан яшагандан яшамаган маъқул.
Психолог ва социологлар таъкидлашича, оилавий зўравонлик ҳолатларининг, мамлакат ҳудудларида тобора кўпайиб боришига, иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ҳам таъсир кўрсатади. Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир, стрессни бошдан кечиради. Билиб ё билмай ўз аламини аёлидан олмоқчи бўлади.
Аёллар эса бундай ҳолатда ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги сабабли ва бу ишларга оила сири деб қараганлиги боис ташқаридан ёрдам сўрамайди. Ёки улар ўзларининг ягона боқувчисини йўқотиб қўйишдан қўрқиб сукут сақлашади. Масалан, эри жиноий жавобгарликка тортилиши ва қамалиб қолишидан қўрқишади.
Ҳозирги вақтда гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия ташаббуси билан «Зўравонликка йўл йўқ!» Телеграм-канали очилган, ҳудудлардаги фаол аёллар томонидан «Биз кучлимиз, биз зўравонликка қаршимиз» каби гуруҳлар ташкил этилган. Уларнинг аъзолари сони кундан кунга ошиб бормоқда. Бу гуруҳлар ва каналларнинг мақсади оиладаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олишдир. Бу ерда аёллар бепул юридик маслаҳат олишлари мумкин, шунингдек, оилада уларга босим ўтказилса, психологик, терапевтик ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади.
Зўравонлик авж олган оилаларни яраштириш имконсиз
Самарқандда эри томонидан ўта қийин тазйиқларга дучор қилинган аёл ҳақидаги видео ва қизғин муҳокама, мунозаралар анчагача давом этди. Ниҳоят жоҳил ва зўравон эр қамалиб, қилмишига яраша жазоланди.
Олдинига ҳатто бу аёлни эри билан яраштириб қўймоқчи ҳам бўлишди. Аммо бундай ҳолатда оилани яраштириб қўйиш имконсиз. Бунинг оқибати қотиллик ёки суиқасд билан тугаши мумкин. Қолаверса, шунча руҳий ва жисмоний жароҳатлардан кейин аёл шу эркак билан яшаб кетиши амримаҳол. Ҳатто орада фарзандлар бўлиши ҳам бу масалани яраштириш билан ҳал қилишга асос бўлолмайди.
Негаки бу вазиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг саломатлиги, ҳаёти хавф остида турибди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл эри билан ярашиш ёки ярашмасликни ўзи ҳал қилиши керак. Уни бу ишга ундовлар, тазйиқлар ва бошқа панду насиҳатлар билан ҳеч ким мажбурлай олмайди. Аммо бизда шу пайтгача маҳаллада, туманда ва вилоятда ажрашишлар статистикасини кўпайтирмаслик мақсадида зўравонликка учраган аёллар имкон қадар яраштириб келинган. Бу айрим жойларда ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин зўравонлик ва камситишлар авж олаётган оилани яраштириш иложсиз. Бундай жуфтликлар балки ажрашиб, ўз ҳаётини тўғри изга солиб олишса, ҳар иккаласи учун ҳам яхши бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда зўравонлик жабрдийдаларига ҳимоя ордери бериш билан уларга ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу жамиятда ўз самарасини бермоқда. Барча ҳудудларда ишонч телефонлари ишлаб турибди. Уларга мурожаат қилувчилар сони ортиб бормоқда.
Бу ҳозирда зўравонлик ҳолатлари кўпайганинигина эмас, жабр кўрганлар томонидан ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат бошланганини билдиради. Бу эса «оила сири» деб қаралган азалий муаммонинг ҳал этилиши сари қўйилган илк қадамдир.
Буни рамзий маънода беморнинг ўз соғлигига вақтида эътибор қаратиб, поликлиникага мурожаат қилишига қиёслаш мумкин. Дарҳақиқат, агар бирон касаллик аломатлари сезилганда шифокорга мурожаат қилинмаса, касаллик авж олиб кетади, уни даволашнинг имкони бўлмайди. Даво қилинмаган касаллик асоратлари эса жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Ишонч телефонлари ишончлими?
Ишонч телефонлари фаолияти дунёдаги кўпгина мамлакатлар тажрибасида синалган бўлиб, оиладаги зўравонликларга қарши курашда яхши самара бермоқда. Бу телефонга тушган мурожаатлар асосида жабр кўрганларга руҳий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ишонч телефонларига жабрдийдаларнинг яқинлари, гувоҳлар, қўшнилар ҳам мурожаат қилишмоқда. Бу эса зўравонликнинг олдини олишда жамоатчилик назорати ҳам яқин кўмакчи бўлаётганидан дарак беради.
Айни пайтда ҳудудларда зўравонлик ҳолатларида жабр кўрганларга ҳимоя ордери берилмоқда. «Хотин-қизларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан, жабрланувчининг илтимосига кўра, агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, у ҳолда ҳимоя тартиби 30 кунга узайтирилади.
Зўравонликка учраганларни, албатта ҳимоя қилиш даркор, зўравон жазосиз қолмаслиги керак. Агар муҳим чоралар кўрилмаса, тажовузкор ўзининг жазосизлигини ҳис қилади.
Бунда оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг, хотин-қизлар ҳамда оилалар билан ишлайдиган жамоат ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти жуда муҳимдир.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист