Аёлларнинг зўравонликка учраши сабаби биргина ҳуқуқий саводсизлик эмас…

Тан олиш керак, ҳудудларимизда аёлларга нисбатан руҳий ва жисмоний зўравонликлар шу пайтгача ҳам содир бўлган, ҳозир ҳам гоҳ ошкора, гоҳ яширин давом этмоқда. Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий қийинчилик ва руҳий стресслар сабаб бундай ҳолатлар статистикаси янада кўтарилди.

 

Ўзбекистонда зўравонлик тўғрисида расмий статистик маълумотларнинг йўқлигига қарамай тадқиқотлар шуни кўрсатдики, оилаларда психологик ва жисмоний зўравонлик ҳамда иқтисодий ҳуқуқларнинг чекланишини киритган ҳолда зўравонликнинг турли шакллари кенг тарқалган. Ўзбекистон ҳукумати муаммоларни ҳал қилишга тарафдорлик ва  кучли сиёсий иродани намоён этмоқда ва шунга қарамай, мамлакатда кенг жамоатчилик орасида зўравонликнинг туб сабабларини тушунмаслик оқибатида хали-ҳануз бу муаммо давом этиб келмоқда.  

Экспертларнинг айтишича зўравонликлар фақатгина иқтисодий кам таъминланган оилаларда юз бермайди. Айрим гендер тенглигини тан олинмайдиган ўзига тўқ оилаларда ҳам учраб туради. Лекин аксарият ҳолларда паст иқтисодий кўрсаткичли ижтимоий қатламга мансуб оилалар бошига тўғри келади. Шу жумладан, зўравонликлар кўпинча аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий пассивлиги туфайли юз беради, деган қарашлар мавжуд. Шу ўринда зўравонликнинг авж олиш сабаблари қаторига «мажбурий сабрлилик» деган омилни ҳам қўшган бўлардим…

Тан олиш керак, ҳудудларимизда аёлларга нисбатан руҳий ва жисмоний зўравонликлар шу пайтгача ҳам содир бўлган, ҳозир ҳам гоҳ ошкора, гоҳ яширин давом этмоқда. Бундай дейишимизнинг боиси аксарият фуқаролар онгида менталитет ва диний таълимотни нотўғри талқин қилиш оқибатида аёлнинг эркакка тобелиги, шу жумладан «оила сири» деган тушунча турғун шаклланган. Афсуски, бу янглиш «догма»ни қисқа вақт ичида ўзгартириб бўлмайди. Аммо бугун ушбу ҳолатга нисбатан муносабат ўзгарди. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ОАВдаги очиқлик, эркинлик тамойиллари реал ишлаётган даврда ҳудудларимиздаги зўравонлик ва унинг орқасидан келиб чиқаётган жиноят, ҳатто суицидлар ҳақида очиқ айтилмоқда.

Афсуски, бу оғриқли муаммо нафақат оилаларда, балки айрим меҳнат жамоаларида ҳам қиз-жувонларга азият етказмоқда.

Айрим ҳамжамиятлар иддао қилганидек бунинг сабаби аёллар ўз ҳуқуқларини билмаслиги эмас. Кўп ҳолларда айнан уларнинг сабрлилиги, андишалилиги, ўз бахтини эмас фарзандларини етим қилмасликни ўйлагани сабабли келиб чиқмоқда. Аёлларнинг тазйиқларга нисбатан жимлиги баъзида эркаклар томонидан суиистеъмол қилиняпти.

Ўзбекистонда бу масаланинг ечимини топиш борасида турли тадқиқотлар ўтказиляпти. Барча вилоятларда жабр кўрганлар учун очилган мослашув марказлари, уларни бошпана билан таъминловчи, бепул ҳуқуқий ва психологик хизмат кўрсатувчи ННОлар фаолият олиб бормоқда. Бухородаги «Ойдин нур» маркази ва Самарқанддаги «Раҳмдиллик» жамияти шу йўналишдаги нодавлат ташкилотлардан саналади.

Франциянинг АКТЕД гуманитар ташкилоти ва Европа Иттифоқи кўмагида юртимиздаги юқоридаги икки ННО мисолида зўравонлик кўрган аёлларга кўмак беришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг мақсади аёлларга иқтисодий ва ҳуқуқий билимларни ўргатиш воситасида тадбиркорликка жалб қилиш, дастлабки сармояни тақдим этиб, самарали бизнесни йўлга қўйишини таъминлашдан иборат.

«Ойдин нур» маркази мутахассислари ҳаётда қийналган, зўравонликка учраган аёлларни бошпана, озиқ-овқат, психологмаслаҳати билан ёрдам беришдан  ташқари иқтисодий мустақилликка эришиш учун бизнас лойиҳа ёзишни, фермерлик, маиший хизмат, тикувчилик, тўқувчилик каби соҳаларда тадбиркорлик билан шуғуланишни ўргатишади. Ўтган 2019 йили 25 нафар ўз лойиҳаси билан ютиб чиққан хотин-қизларга ҳар бирига 10 миллион миқдорида қайтарилмас кредит берилди. Бу пулга уларнинг имкониятига қараб сигир, қаймоқ чиқариш ускунаси, совиткич, тикувчилик машиналари, салон учун «мойка», катта тошойна, мебель ва бошқа зарур жиҳозлар харид қилинди.
Бугунги кунда улар турли чекка қишлоқларда тадбиркорлик қилиб, даромад топишмоқда. Ҳатто ўзларига ўхшаб зўравонликка учраган бир нечта хотин-қизларни иш билан таъминлашмоқда.

Зўравонлик жабрдийдаларини ўз паноҳига олган «шелтер»лар кўмагида улар ўз маҳсулотларини сотишлари учун ижтимоий ярмаркалар ташкил қилиб турилади. Янги иш бошлаган тадбиркор аёллар бу ярмаркага ўз маҳсулотларини олиб чиқишади. Ярмаркаларга саҳоватпеша ҳомийлар таклиф этилади. Улар ўзи мустақил оила бюджетини таъминлашни бошлаган, энди ўз ҳуқуқини билган ва ҳаётини тўғри изга солиб олган аёлларнинг бир-биридан гўзал ҳунармандчилик маҳсулотларини савдолашмасдан харид қилишади.

–Менга халқаро ташкилотлар кўмагида мослашув маркази томонидан болали сигир, қаймоқ чиқарадиган «сепаратор», катта «холодильник» олиб беришди, – дейди Умида. – Уни олиб келишганда ҳаттоки оғилхонамиз ҳам йўқ эди. Сигир ва бузоқча кўчада қолиб, касал бўлмасин деб уларни уйга олиб кирдим. «Сигир билан бир хонада қандай ётдингиз, деб ҳалиям аёллар бу воқеани эслаб кулишади.  Мана, ҳозир сут-қатиқ сотамиз. Ўзимиз ҳам бу маҳсулотлардан тўйиб истеъмол қиламиз. Шукур, иқтисодимизни кўтариб олдик.

Бир пайтлар зўравонлик кўрган, ҳаёт шу экан деб тақдирга кўнган, ҳатто ўз орзу-умидларидан кечган аёллар бугунги кунда ҳуқуқларини яхши билади. Улар ўзини, оиласини таъминлашда қийналмаяпти. Аввалги қийинчиликларни баъзан кулиб эслашади. «Аёл кучли бўлса, ўзи мустақил иқтисодини кўтарса, бировга қарам бўлмаса атрофдагилар олдида ҳам ҳурмати ошар экан», дейишади. Ҳозирда қаддини тиклаган ишбилармон аёллар ўзига ўхшаган дугоналарига руҳий далда бўлишмоқда, уларга ўз ҳаётий тажрибасини ўргатишмоқда.

Маълумот учун: АКТЕД гуманитар ёрдам ташкилоти 1993 йилда Франциянинг Париждаги штаб-квартираси томонидан ташкил этилган. Бу дунёнинг 38 та мамлакатида ваколатхоналари бўлган халқаро ноҳукумат ташкилот. АКТЕДнинг мақсади инсонларнинг барқарор ўсиши ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун имкониятлар яратиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва инсонлар нуфузини ҳимоя қилишда шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган. АКТЕД Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият олиб бормоқда.

Бухоро вилоятидаги «Ойдин нур» оилаларни ижтимоий ҳимоялаш маркази –зўравонликдан зарар кўрганларга юридик ва психологик кўмак бериш ҳамда хавфсиз турар-жой тақдим этиш билан шуғулланувчи нодавлат-нотижорат ташкилот. Мавлуда Солиҳова – «Ойдин Нур» маркази раҳбари.

2000 йили очилган Марказ томонидан бугунги кунгача 500 дан ортиқ аёл ва болаларга вақтинчалик бошпана, 5000 дан ортиқ она ва болага психологик, 2100 дан ортиқ кишига юридик консультациялар берилган. Кўпгина аёллар Марказ кўмагида ўзларининг ажрим юзасидан олиб бораётган ишларини якунлашлари, касб эгаллашлари ва иш топишлари мумкин.

Самарқанд вилоятидаги  «Раҳмдиллик» жамияти –   2000 йилда ташкил этилган маҳаллий фуқаролик жамияти ташкилоти. Бибисора Орипова – «Раҳмдиллик» жамияти раҳбари. «Раҳмдиллик» жамияти оғир вазиятларда аёллар ва уларнинг фарзандларига  вақтинчалик бошпана, психологик ва тиббий кўмак хамда юридик ёрдамни киритган ҳолда мажмуавий ижтимоий ҳимоялаш хизматларини тақдим этади.  Жамият аёллар ва уларнинг болалари учун таълимий тадбирларни ҳам таклиф қилади ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари каби нохуш ҳолатдаги гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоялайди. Охирги икки йил давомида «Раҳмдиллик» жамияти 1100 дан ортиқ аёлларга консультация ва кўмак берган бўлса, 250 нафар аёлга вақтинчалик бошпана тақдим этган.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: