Коронавирусга қарши вакцина ҳақидаги ёлғон ва ҳақиқатлар

Одамлар илгари COVID-19 билан оғриган бўлса ҳам, COVID-19 вакцинасини қабул қилиш маслаҳат берилади.

Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш ва унинг синовлари бошлаб юборилгандан буён дунёдаги вакциналар ва уларнинг самараси ҳақида турли афсона ва ҳақиқатлар пайдо бўлмоқда. Уларнинг айримларига эксперт ёрдамида ҳаққоний жавоб топдик. Қуйида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим «миф»ларга тўғри жавобларни ҳавола этамиз.

1-ёлғон

Тадқиқотчилар COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқаришга шошилишди. Шунинг учун унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига ишониш мумкин эмас.

 Ҳақиқат

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда лицензияга эга бўлган вакциналар қарийб 95 % самарали бўлиб, жиддий ёки ҳаёт учун хавфли бўлган ножўя таъсирларга эга эмас.
— COVID-19 вакциналарини тез ишлаб чиқиш учун жуда кўп сабаблар бор;

  • Компаниялар вакцинани ишлаб чиқариш жараёнида йиллар давомида қўлланиб келинган усулларга таянган;
  • Олимлар вакциналар устида ишлашни бошлашлари учун Хитой зудлик билан COVID-19 ҳақидаги генетик маълумотлар билан ўртоқлашди;
  • Вакцинани ишлаб чиқарувчилар синов босқичларининг бирортасини ҳам ўтказиб юбормадилар;
  • Вакцина лойиҳалари аввалдагидан кўпроқ манбаларга эга эди, чунки ҳукуматлар тадқиқотларга жуда катта маблағ сарфладилар;
  • Ижтимоий тармоқлар компанияларга тадқиқот учун кўнгиллиларни топишда ва жалб этишда ёрдам бердилар ва кўпчилик COVID-19 вакцинаси бўйича тадқиқотларга ёрдам беришга тайёр эди.

2-ёлғон

Агар менда COVID-19 бўлган бўлса, менга эмлашнинг кераги йўқ.

Ҳақиқат

COVID-19 билан касалланган одамлар эмлашлардан фойдаланишлари мумкин. COVID-19 билан боғлиқ соғлиқ учун жиддий хавфлар ва COVID-19ни қайта юқтириб олиш мумкинлиги сабабли, одамлар илгари COVID-19 билан оғриган бўлса ҳам, COVID-19 вакцинасини қабул қилиш маслаҳат берилади.

Одамлар касал бўлганидан кейин (табиий иммунитет) ва қанча вақтгача COVID-19дан ҳимояланади, ҳимояланганми ёки йўқми, дейиш учун ҳозирча маълумот етарли эмас.

Дастлабки далиллар шуни кўрсатадики, COVID-19дан кейинги табиий иммунитет узоқ давом этмаслиги мумкин. Тадқиқотларда илгари вирусни юқтирган бир нечта субъектлар ҳеч қандай ножўя таъсирсиз эмланган. Кўпгина олимларнинг фикрига кўра, эмлаш табиий инфекцияга қараганда коронавирусдан яхшироқ ҳимоя қилади.

3-ёлғон

Турли оғир касалликлари бор аҳоли, масалан, онкологик беморлар, вакцина олишлари мумкин эмас.

Ҳақиқат

Клиник тадқиқотлар асосида шуни айтиш мумкинки, COVID-19га қарши вакциналар хавфсиз ва аҳоли ўртасида, шу жумладан онкологик беморлар ўртасида, коронавирусга қарши жиддий ҳимояни таъминлайди. Бу эса муҳим ахамиятга эгадир, чунки онкологик беморлар COVID-19нинг оғир асоратларидан энг кўп азият чекадиган қатламдир.

Олимлар онкологик беморларга, улар қабул қилаётган даво курсларидан қатъий назар,  эмланишни тавсия қиладилар.

4-ёлғон

COVID-19 вакцинаси таркибида турли мунозарали моддалар ишлатилган.

Ҳақиқат

Ҳозирги кунда лицензияга эга бўлган вакциналарда мРНК ва бошқа кенг тарқалган эмлаш таркибий қисмлари мавжуд. Ушбу COVID-19 вакциналари ҳомила тўқималари ёрдамида ишлаб чиқилмаган ва имплантлар, микрочиплар ёки кузатув мосламалари каби материалларни ўз ичига олмайди.

5-ёлғон

COVID-19 вакцинаси ҳужайларингизга кириб, ДНКни ўзгартиради.

Ҳақиқат

Мавжуд вакциналар одам иммунитет тизимига коронавирус билан курашишда ёрдам бериш учун мўлжалланган. COVID-19 вакциналарининг дастлабки – Пфайзер ва Модерна –турлари таркибига мРНК хужайраларга киради, лекин ДНК жойлашган ҳужайралар ядроси эмас. МРНК ўз вазифасини ҳужайрани иммунитет тизимини рағбатлантириш учун оқсил ишлаб чиқаришга мажбур қилиш орқали амалга оширади ва кейин ДНКга таъсир қилмасдан тезда парчаланади.

6-ёлғон

COVID-19га қарши эмлаш COVID-19 инфекциясига олиб келади.

Ҳақиқат

COVID-19 вакцинаси Сизга COVID-19 инфекциясини юқтирмайди ва юқтиролмайди. Вакцина организмга коронавирус кирганда таниб олиш ва унга қарши курашишда ёрдам берадиган оқсил ишлаб чиқаришда иштирок этади. Бундан ташқари, COVID-19 вакцинасида коронавирус мавжуд эмас, шунинг учун инфекция юқтириб олиш эҳтимоли йўқ. Иммунитет тизимингизга вирусни таниб олиш ва унга қарши курашишда ёрдам берадиган оқсил ҳеч қандай инфекцияни келтириб чиқармайди.

7-ёлғон

COVID-19га қарши эмланган киши ниқоб тақишни тўхтатиши ва коронавирусга қарши чоралар кўрмаслиги мумкин.

COVID-19га қарши эмланган шахслар инфекция юқтиришнинг олдини олишда эҳтиёт чораларни кўришни давом эттиришлари лозим. Эмлангандан сўнг ҳам ниқобни олиб ташламанг, мумкин қадар ижтимоий масофа сақланг, антисептиклардан фойдаланишда давом этинг. Чунки вакцина коронавируснинг органимзга кириб келишига тўсқинлик қилолмайди, вакцина фақат ўртача ва оғир даражадаги COVID-19 ривожланишига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, COVID-19га қарши эмланган одамлар инфекция авж олганда ўзлари касал бўлмасалар ҳам, вирус ташувчи бўлишлари мумкин.

8-ёлғон

Фуқаро Covid-19 вирусига қарши эмланганидан сўнг гигиена қоидаларига амал қилмаса ҳам бўлади.

Ҳақиқат

Эмланганлар ҳам гигиена қоидаларига риоя қилишлари шарт. Улар биринчи навбатда қўлининг вакцина юборилган қисмини кун давомида ювмаслиги керак. Асосан 3 кун давомида ана шундай тартибга амал қилиш керак бўлади. Шунингдек, бир ҳафта мобайнида тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари, хусусан, спиртли ичимлик ва бошқа зарарли маҳсулотлардан тийилишлари даркор.

Эксперт: Вазира МУТАЛОВА, эпидемиолог

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: