2020 йилда Жанубий Кореяда туғилиш бўйича антирекорд кўрсаткич қайд этилди. Яъни ўтган йилда мамлакатда туғилишлар сони дунёда энг паст даражани кўрсатди.
Кореяда аҳоли сонининг табиий ўсиши кескин тушиб кетишига коронавирус пандемияси давридаги иқтисодий беқарорлик сабаб бўлмоқда. Айтилишича, ҳозирги кунда корейслар турмуш қуриш ва фарзанд кўришдан ўзларини тиймоқдалар.
Корея статистикаси ташкилоти берган рақамларга кўра, 2020 йилда мамлакатдаги ҳар бир фарзанд кўриши мумкин бўлган аёлга 0,84 та туғилиш сони тўғри келган. 2019 йилда бу кўрсаткич 0, 92 тани ташкил қилганди.
Бу Жаҳон банкининг 180 дан ортиқ аъзо давлатлари орасида энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, АҚШ да ўтган йилги туғилишлар сони мамлакатдаги фарзанд кўриши мумкин бўлган аёлларга нисбатан 1, 73 тани, Японияда эса 1, 42 тани ташкил қилган.
Осиёда йирик иқтисоди бўйича 4 ўринни эгаллаган Жанубий Корея ҳукумати ҳар йили болаларни парвариш қилиш учун маблағлар ажратиш ва туғруқ таътилларини қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар сарфлаганига қарамай, ўтган йили аҳолининг табиий ўсиши камайишини тўхтата олмади.