Кўп эснаш инсульт аломатими?

Тез-тез ва асоссиз эснаш инсульт касаллигининг оқибати бўлиши мумкин.

Шунингдек, дори-дармонлардан нотўғри фойдаланиш ҳам асоссиз эснашни келтириб чиқаради. ССВ матбуот хизматининг шу мавзудаги саволларига тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Ғофуров жавоб берди.

— Эснаш инсульт хасталигига хосми?

— Эснаш юрак хасталикларига ҳам хос бўлиб, хусусан, гипотензия ва юрак ритмининг секинлашиши танада кислород етишмаслигига олиб келади ва бу вақтда бемор кўп эснайди. Бироқ мутахассислар бунга қўшимча равишда юрак қон-томир тизими хасталикларининг бошқа аломатлари кузатилмаса, ташвишланишга ҳожат йўқлигини айтишади.

Ўзи аслида юрак касалликларида эснашни дайди нервнинг стимуляцияси чақиради. У эса бош мияни юрак ва ошқозон ичак йўллари билан боғлайди. Бундай вақтда кўпинча беморнинг қон босими тушиб кетади ва бунинг натижасида инсон кўп эснайди.

Шунингдек, эснаш хавфли касалликлар сирасига кирувчи инсульт ўтказган инсонларга ҳам хос бўлиб, у орқали бош мия ва тана ҳарорати бошқарилади, яъни хуруж пайтида одам танаси қизийди.

Бундан ташқари, эснаш инсультдан аввал ҳам кучайиши мумкин. Шу боис, кўп эснаганда ва юзнинг чўзилиб қолиши, оғизнинг бир томонида табассум бўлиши, қўлни кўтаришнинг қийинлашиши ва буткул имконсизлиги, нутқ бузилиши кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.

— Эснаш яна қандай касалликларнинг аломати бўлиши мумкин?

— Бош мия ўзагининг зарарланиши халқум, чайнаш ва мимик мускуллар ишига салбий таъсир этади. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан турли рефлексларнинг бузилиши ва эснашга олиб келади. Бундан ташқари, бош мия ўсмаларида ҳам одам жисмоний жиҳатдан чарчайди ва бунинг оқибатида беморда кўп эснаш кузатилади.

Ҳатто, баъзан жигар фаолиятининг бузилишида ҳам бемор кўп эснаши мумкин. Яъни, жигар хасталикларида организмда гормонал мувозанат бузилиб, бу кўп ҳолларда эснашга сабаб бўлади.

Шунингдек, кам учраса-да, мазкур ҳолатга эпилепсия белгиси сифатида ҳам қаралади. Бундай вақтда эснашни бош миянинг чакка қисмларининг ҳаддан ортиқ зўриқиши келтириб чиқаради.

Баъзида кўп эснаш турли дори воситаларини ножўя таъсири сифатида ҳам кузатилади. Улар асосан антигестамин дори воситалари, қон босими ҳамда оғриқ қолдирувчи препаратлар бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳар бир инсон ўзида кузатилаётган ўзгаришларга эътиборли бўлиши, агар бу ҳол саломатлигига таъсир этаётганини билса, албатта, шифокорга мурожаат қилиши лозим.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: