ЖССТнинг 2007 йил май ойда бўлиб ўтган 60-сессияси қарорига кўра, дунё бўйича ҳар йили 25 апрель-Бутун Жаҳон безгакка қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Безгакка қарши кураш бу барча мамлакатларда безгакка қарши самарали курашни таъминлаш бўйича глобал ҳаракатни тарғиб этиш билан бирга, аҳолини безгакнинг юқиш йўллари механизми, касаллик асоратлари, ўз ўзини ҳимоя қилиш усуллари билан таништиришга бағишланади
Безгак ҳар доим ўлим хавфи юқори бўлган касаллик бўлиб ҳисобланган ва шундай бўлиб қолади, ҳар йили минглаб кишилар, шу жумладан тропик ва субтропик мамлакатларга бориб келганлар, ушбу касаллик билан зарарланади. ЖССТнинг безгак бўйича бутунжаҳон маърузасига кўра, 2019 йил безгак касаллиги 80та мамлакатда рўйхатга олиниб, 229миллион нафар шахс касалланган ва 409 000 нафари касалликдан вафот этган.
Безгак – паразитар тропик касаллик бўлиб, иситма хуружлари, камқонлик жигар ва талоқнинг катталашиши билан кечади. Одамлар орасида безгак касаллигининг 5та тури:тропик, уч кунлик, тўрт кунлик, овале-безгак ва яна Шимолий шарқий Осиё давлатларида Plasmodium knowlesi, маймунларда безгак касаллиги келтирадиган тури учрайди. Тропик безгак энг оғир кечадиган ва кўпинча ўлим билан тугайдиган тур ҳисобланади.
Безгак бемор одамдан соғлом одамга зарарланган урғочи чивин чақиши, тиббий муолажалар қилиш (мушак ичи ва томирга зарарланган шприц билан инъекция қилиш, зарарланган қонни қуйиш) орқали ҳамда вертикал йўл билан – безгак билан оғриган аёлнинг туғруқ вақтида бўлажак боласига юқтириши орқали юқади.
Турли кўринишдаги безгакнинг эрта намоён бўлиши деярли бир биридан фарқ қилмайди. Касалликнинг бошланғич белгилари бошқа бактериал ва вирусли касалликлар (ЎРВИ, бронхит, пневмония, гепатит ва бошқалар)га ўхшаб кечади. Касалликнинг бошида тана ҳароратини кўтарилиш, қалтираш, бош оғриғи, ҳолсизлик, мушакларда оғриқ, кўнгил айнаши, томоқда оғриқ, жигар ва талоқнинг катталшиши кузатилади. Безакнинг 3та тури (уч кунлик, тўрт кунлик ва овале-безгак) енгил кечувчи касаллик ҳисобланиб, деярли ўлим ҳолатлари кузатилмайди, тропик безгакда эса кеч ва нотўғри даволанганда оғир асоратлар келтириб чиқаради ва ўлим билан тугайди.
Безгак паразитлари бемор одам қонида бўлиб, фақатгина қон тахлиллари микроскопда текширилгандагина аниқланиши мумкин.
Безгак ташувчи чивинлар Anopheles турига мансуб бўлиб, туриб қолган ёки секин оқувчи тоза сув хавзасида кўпаяди. Бошқа турдаги чивинларда фарқли равишда юзага ўтирганда – шифт (девор)га қўнганда қоринчаси 450бурчакда жойлашади. Ўзбекистонда безгак чивинларининг 7та тури тарқалган бўлиб, улардан 3таси безгакнинг фаол ташувчилари ҳисобланади.
Бу йили Бутун Жаҳон безгакка қарши кураш куни бутун дунёда COVID-19 пандемиясига қарши кураш фонида ўтказилади. ЖССТ, безгакни олдини олиш, аниқлаш, даволаш саъи ҳаракатларининг COVID-19ни тарқалишини олдини олиш ва турли хизматларда фаолият юритувчи ходимларни хавфсизлигини таъминлаш билан биргаликда олиб борилишини муҳим вазифа деб белгилади.
1955 йилдан ҳозирги кунгача (2021 йил апрель) ЖССТ томонидан 101та давлат безгакдан ҳоли мамлакат сертификатини олган, шу жумладан 2021 йил февралда Эль-Сальвадор давлати ҳам ушбу сертификатга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси ҳам 2018 йил ЖССТнинг маҳаллий безгакдан ҳоли давлат сертификатини олган. Бироқ, ҳозирги вақтда республика худудида аҳолини миграцияси кучайганлиги ва безгакнинг бошқа давлатлардан келтирилиши (туристлар, хорижий талабалар бизнесменлар ва б. орқали), мамлакатимизнинг барча худудларида касаллик ташувчиларининг мавжудлиги, иқлим ўзгаришлари, безгак чивинларининг интексицидларга барқарорлиги сабали безгакни тарқалиши хавфи сақланиб қолмоқда.
Безгак бўйича эндемик давлатлардан келган давлатимиз фуқаролари ва чет эл фуқаролари (спортчилар, хорижий талабалар, туристлар, бизнесменлар) орқали безгак касаллиги четдан кириб келиши мумкин. 2021 йилнинг ўтган даврида COVID-19 билан оғриган беморлар орасида 2та безгакни четдан келтирилиш ҳолатлари (уч кунлик ва тропик безгак) қайд этилди. Республикамизга безгак касаллиги Ҳиндистон ва Камерун (Африка)дан келтирилган. Маҳаллий безгак касаллигининг тарқалиш ҳолатлари рўйхатга олинмади.
Мамлакатимизда безгак бўйича эришилган барқарорликни сақлаб қолиш учун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида безгакни қайта тикланишини олдини олиш Миллий дастурига мувофиқ (ЎзР ССВнинг 22.08.2017 йилдаги 473-сонли буйруғи асосида) комплекс чора – тадбирларини, тегишли вазирлик ва идоралар қўллаб қувватлаши ёрдамида давом эттириш зарур.
Чет элга кетувчилар қуйидагиларни эсда тутиши зарур:
— чет элга кетиш учун давлатни танлаганингизда, саёҳатни ташкил этувчи туристик фирмалардан ушбу мамлакатларда безгак касаллиги хавфи бор – йўқлиги тўғрисида маълумот олинг;
— махсус кимёпрофилактика учун дори препаратлари ва уларни қабул қилиш схемаси тўғрисида врачдан маслаҳат олинг;
— безгак тарқалган давлатга борганингизда, репеллентлардан (чивинларни чўчитувчи моддалар) фойдаланинг, уларни тананинг очиқ жойларига, кийимларингизга сепинг; ойна ва эшикларни тўр ёки дока билан беркитинг; хонага аэрозоль кўринишдаги инсектицидлар билан ишлов беринг.
Шуни ёдда тутиш зарур, безгак билан анча кеч муддатда ҳам касалланиш мумкин, ҳаттоки кимёпрофилактика ўтказилган ҳолда ҳам. Шунинг учун, иситма билан кечувчи ҳар қандай касаллик ҳолатларида, тропик иқлимли давлатлардан келган бўлсангиз, 3 йил давомида иситмангиз кўтарилса, албатта поликлиникага мурожаат қилиб, безгакка лаборатор текширувдан ўтинг.
Цай С.А., Ўзбекистон республикаси санитария
эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хазмати инфекцион ва
паразитар касалликлар бўлими етакчи мутахассиси