Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори коронавирусни даволашда яхши самара бермоқда

Бу препарат май ойидан дорихоналарга чиқарилади.

Бугунги кунда айнан SARS-CoV-2 вируси билан касалланган беморларни даволаш учун махсус дори воситаси йўқ ва шу сабабли бундай дори воситаларини яратиш ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда бу борада бир гуруҳ олимларимиз томонидан яратилган “Рутан” препарати яхши самара бермоқда. Препарат Covid-19 нинг кескин асоратларини камайтиради.

COVID-19`ни даволашда қандай дорилар қўлланилмоқда?

Бугунги кунда COVID-19`ни даволашда қуйидаги ингибиторлардан фойдаланилмоқда:

Калетра – (Лопинавир+Ритонавир), ОИТВ-1 ва ОИТВ-2 га қарши яратилган. Даволаш дозаси 400 мг/100 мг, бир кунда икки маҳал, 14 кун давомида қабул қилинади. Препаратнинг даволаш курсининг баҳоси 2,2 млн сўмни ташкил қилади.

Рибаверин – оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) тарқалган вақтда яратилган. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 0,4 млн сўмни ташкил қилади.

Ремдесивир — РНК-га боғлиқ РНК-полимеразанинг ингибитори бўлиб, Эбола вирусини даволаш мақсадида яратилган. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 3,5 млн сўмни ташкил қилади.

Фавипиравир (Япония) – аналоги Авифавир (Россия) гриппга қарши яратилган. Препаратнинг даволаш курси баҳоси 1 млн сўмни ташкил қилади.

Бу препаратлар фақат биргина нишонни ингибирлайди ҳамда  қатор ножўя таъсирлари мавжуд бўлиб, бемор бир неча ой ўзини нохуш сезади.

Рутаннинг акс таъсири борми?

Айтишларича, антивируслар гуруҳига кирувчи мазкур дори бир неча йил олдин гриппни даволаш мақсадида ишлаб чиқарилган.

АОКАда бўлиб ўтган брифингда ўзбекистонлик олимлар Рутан препарати ҳақида кенг маълумот беришди.

Шавкат САЛИХОВ, Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси биорганик кимё институти директори, академик:

ЎзР ФА Биоорганик кимё институти ҳамда Хитой Фанлар академияси олимлари ҳамкорликда тотум Rhus coriaria (сумах) ўсимлигидан ажратиб олинган  Рутан препарати SARS-CoV-2 вирусига қарши ягона самарали дори воситаси бўлиб, у антиоксидантлик ва антигипоксик хусусиятларга эга. У SARS-COV-2 вирусининг 2 та муҳим фермент тизимини ингибирлайди. Вируснинг ҳужайрада кўпайиши ва тарқалиши ҳамда патологик ва яллиғланиш жараёнини чақирувчи оқсиллар ҳосил бўлишини тўхтатади ва касалларда SARS-CoV-2 вирусига чалинган беморларнинг тузалиш муддатини тезлаштиради. Нархи ҳам юқоридаги дорилардан арзонлиги билан фарқ қилади. Шунингдек Рутан мутлақо хавфсиз, самарали антиоксидант, беморнинг кислород етишмовчилигига чидамлилигини оширади. Бу ўпкаси шикастланган беморларда кузатиладиган кислород етишмовчилиги ҳолатида жуда муҳим ҳисобланади.

Эркин МУСАБАЕВ, Вирусология институти директори:

Республикада, бутун дунёда вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият, кўрилган чораларга қарамай ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мутахассислар таъкидлашича вирус тарқалишининг асосий манбаи беморлар бўлиб, улар вирусга тест топширмасдан, ўз ҳолатларини шамоллаш ёки грипп деб тахмин қилиб, бошқаларни ҳам вирусдан зарарланишга олиб келишмоқда.

Маълумки ПЦР – диагностикани ҳар ким ҳам қила олмайди. Турли шароитлар бўлиши мумкин. Масалан, бемор кўчага чиқишга ҳоли бўлмаслиги ёки хусусий лабораторияда бу таҳлил қимматга тушишини инобатга олиб текширув ўтказишга хафсала қилмаслиги мумкин. Шундай вақтда шамоллашми, гриппми – безовталикнинг биринчи куниданоқ “Рутан таблеткалари, 0,1 г” №20 препаратини қўллаш мақсадга мувофиқ.

Рутаннинг самарасига ўзимиз ҳам ҳайратда қолдик. Ўтган бир йил давомида бизга Зангиотадаги коронавирус беморлари шифохонасида бизга бу препаратнинг самарасини синаб кўришга имкон яратилди. Унинг қўлланишнинг биринчи соатидан бошлаб вируснинг кўпайишини тўхтатиши ва кейинчалик вируснинг патоген оқсиллари ҳосил бўлиши ва касалликнинг ривожланишига тўсқинлик қилиши маълум бўлди. Ушбу дори ёрдамида сезиларли асоратларсиз беморларнинг тез тикланишни таъминлашга эришиш мумкин.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: