Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат АТАБЕКОВ юртимиздаги вакцинация жараёнларидаги ўзгаришлар ҳақида интервью берди. Суҳбат жараёнидан муҳим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
–Нима учун 18 ёшдан катталарни тезкор эмлашга қарор қилинди?
–Охирги кўрсаткичларда касаллик кўпайганини кузатяпмиз. Афсуски, улар орасида ҳаётдан кўз юмганлар ҳам бўляпти. Албатта, мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, ҳамда дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган йўл эмлаш ҳисоблангани учун шу йўлни танладик. Қачонки аҳолининг 60-70 фоизида жамоавий иммунитет шакллантирмас эканмиз, эмлаш самарасига эриша олмаймиз. Минг афсуски, Ўзбекистонда эмлаш тадбирлари 1 апрелда бошланган бўлишига қарамасдан биз ҳанузгача имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаяпмиз. Аксарият эмлаш гуруҳидаги аҳолимизда иикиламчи фикрлаш, ёки эмланишдан чўчиш, вақтни чўзиш, ўйлаб кўриш, иккиланиш ва ниманидир кутишга интилишлар пайдо бўляпти.
Биз дастлаб 65 ёшдан юқори бўлганларни, сурункали касаллиги мавжуд аҳолини, ўқитувчиларни, мактабгача таълим муассасалари ходимларини, ундан кейин олий ва ўрта-махсус таълим тизими педагогларини, сўнгра 18 ёшдан катта бўлган фуқароларни эмланиши керак бўлган аҳоли қатламлари рўйхатига киритдик.
Эндиликда биз 18 ёшдан катталарни 3 босқичда эмлаш тадбирларини амалга оширмоқчимиз.
–1 сентябргача 18 ёшдан катта фуқароларни 1 доза вакциналари билан, 1 октябргача 2-доза вакциналари, 1 ноябргача 3-доза вакциналари билан эмланиши белгиланди. Бунга етарли шароит борми?
–Шуни айтиш керакки, айрим фуқаролар бир маротаба эмланиб, кичкина ножўя ҳолат кузатилса, яъни озроқ ҳарорат кўтарилса, ҳолсизлик пайдо бўлса ёки эмланган жойда оғриқ сезилса кейинги эмлашни олмайман деган фикрларга ҳам боряпти. Ўзи эмлаш нима учун 2-3 марта амалга оширилади? Бу ҳосил бўлган иммунитет даражасини янада кўтариш, қолаверса иммунитет таранглигини турғун ҳолатга келтириш учун.
Масалан Спутник вацинасини 21 кун оралатиб 2 маротаба, астра зенека вакцинаси 28 кун оралатиб 2 марта, Ўзбекистон-Хитой вакцинасини 30 кун оралатиб 3 марта эмлаш татбиқ этилган.
Кўпчиликда савол пайдо бўлади: Нима учун хитой вакцинаси билан 3 марта эмлаш татбиқ этилган? Чунки тадқиқотларда 3-марта эмланганда 2 марта эмланган фуқароларнинг иммунитети яна 6 фоизга яхшиланди. Шуни эътиборга олиб, ушбу вакцина билан 3 марта эмлаш жорий қилинди. Хитойда 100 млндан ошиқ аҳоли ушбу вакцина билан эмланган.
Бу вакцина билан фавқулодда ҳолатларга эмлашга рухсат берилган. Қачонки биз 2 та ёки 3 та вакцинани олиб бўлганимиздан кейин тўлиқ эмланган ҳисобланамиз. Уларни тўлиқ олиб бўлгандан сўнг 2-3 ойдан кейин, баъзан 4 ойдан кейин турғун иммунитет ҳосил бўлади. Ҳали бу жараённи ўрганиб бориш асносида турғун иммунитет қанчага етиши аниқланади.
Эмлаш тадбирларига тайёргарлик бўйича айтишим мумкинки, биз эмлаш жараёнларига январь-февраль ойларидаёқ тайёр ҳолатга келганмиз. 3200 га яқин эмлаш пунктлари, 860 дан кўпроқ эмлаш бригадалари, 5 мингдан кўпроқ врачлар, 11 мингдан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари, қолаверса эмлаш пунктларидаги термосумкалар, термогенераторлар захиралари шай ҳолатга келтирилган. Ҳозирда биз фақат 50 фоиз имкониятларимиздан фойдаланяпмиз. Агар қолган имкониятимизни ҳам ишга солсак, эмланадиган аҳоли қатламларини яна кўпайтирадиган бўлсак, бунга ҳам имкониятлар мавжуд.
Республика бош давлат санитария врачининг 11-сонли қарори билан айнан 18 ёшдан катта бўлган аҳолини эмлашга қамраб олиш учун белгиланган вақт оралиғида тайёргарликларимизни сарҳисоб қиламиз ва барча имкониятларни юзага келтирамиз.
–Кимлар эмланади? Яъни мажбурий эмлаш гуруҳида кимлар назарда тутилган?
–Бу савол билан кўпчилик қайта-қайта мурожаат қилишяпти. Кимлар эмланишини яна бир бор эслатиб ўтаман. Булар аҳоли билан мулоқотга киришувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш тармоқлари ходимлари. Булар давлат хизматлари марказлари, почта, банк бўлимлари, лизинг, нотариус, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, барча турдаги савдо объектлари, спорт мактаблари ва спорт иншоотлари ходимлари ҳам айнан мана шу гуруҳга киритилган. Яна меҳмонхоналар, ётоқхоналар, хостеллар, кемпинглар ходимлари ҳам эмланиши назарда тутилган. Яна аҳолига бевосита хизмат кўрсатувчи йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ходимлари, ҳарбий хизматчилар, умумий овқатланиш корхоналари, кафелар, барлар хизматчилари, шунингдек давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ходимлари, коммунал хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, алоқа, телекоммуникация ҳамда давлат ҳокимияти бошқарув органлари ходимлари эмланиши шарт.
Нима учун биз ишламайдиган одамларни бу рўйхатда кўрмаяпмиз? Маълумки коронавирус касаллигининг асосий юқиш йўли мулоқот йўли ҳамда ҳаво-томчи йўли ҳисобланади. Демак бошқаларга касалликни юқтириб қўйиш эҳтимолидан келиб чиқиб, айнан аҳолининг ушбу қатламлари хавф ости гуруҳи деб белгиланган ва уларни эмланиши шарт деб ҳисобланади.
–Коронавирусга қарши курашда дунё тажрибаси қандай ўрганиляпти?
–Дунё ҳамжамиятидаги вазият ўрганиляпти. Хабарингиз бор, дунёнинг кўп давлатларида АҚШнинг кўп штатларида, Франция, Германия, Саудия Арабистони, Грецияда, Россия Федерациясида, бизга қўшни бўлган Қозоғистонда эмлашни мажбурий тарзда амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиняпти, ҳатто эмланмаган аҳолини дам олиш масканларига, овқатланиш, спорт мажмуаларига киришни чеклаш каби чоралар амалга ошириляпти. Бунга ҳам бўлса вазиятнинг янада мураккаблашгани сабаб бўлмоқда. Бир ҳафта олдин дунёда бир кунда 300 мингта касалланиш қайд этилиб, 6-7 мингта ўлим ҳолати кузатилган бўлса, куни кеча эълон қилинган маълумотга кўра бир кунда дунёда ярим миллион аҳоли касалликка чалиниб, 10 мингдан зиёд беморлар ўлгани қайд этилди. кўриб турганингиздек вазият кундан кунга мураккаблашиб боряпти. Ҳозир бизнинг имкониятимиз мана шу эмлаш тадбирларини амалга ошириш орқали аҳолининг маълум бир қисмини ҳимоя қила олсак, биз ўйлаган мақсадимизга етамиз. Негаки иммунопрофилактикадан бошқа аниқ самарали чорани кўрмаяпмиз. Вирус ўзи хоҳлагандек йўл тутяпти. Биз инсоният, соҳа мутахассислари нафақат таъсир чораларини ўйлаб топаяпмиз, балки унга қарши имкониятларни ҳам тўлиқ ишга сололмаяпмиз. Шунинг учун ҳам вирус тарқалишда давом этмоқда, касаллик янада кўпроқ олдамларни ўз домига тортяпти.
Шунинг учун эмлаш тадбири қисқа вақт оралиғида катта аҳоли қатламида иммун қўрғони шакллантиришга қаратилган бир тадбир дея қабул қилиниши керак ва бу тадбирга масъулият билан сафарбарлик эълон қилиб, чин кўнгилдан ёндашиб, тавсияларга қулоқ тутган ҳолда ёндашилса тўғри бўлади. Агар биз бу жараённи чўзаверсак эмлашдан кўзланган самарани ололмаслигимиз мумкин.
Биз карантин ва чеклов тадбирларини амалиётга татбиқ этиш орқали эпидемия занжирини қайсидир маънода узишига гувоҳ бўлдик. Ҳаммани уйига қамаб қўйиш, ишхоналарда меҳнат жараёнини тўхтатиш бу қандайдир қулай ва осон усул бўлиши мумкин. Аммо вакцинация касаллик авж олган ҳудудда, муҳитда яшаш ва ишлаш, касалликдан ҳимояланиш имкониятидир. Мана шу имкониятдан тўғри фойдалансак вазиятга таъсир қилишимиз мумкин.
–Ижтимоий тармоқларда вакцинанинг инсон организмига салбий таъсири ҳақида турли маълумотлар тарқалмоқда. Шу ўринда вакцинанинг организмга таъсири ҳақида мутахассис сифатида кенгроқ маълумот берсангиз.
–Биз биламиз, одамзотда ё касалликни бошдан кечиргандан кейин ё эмлангандан кейин иммунитет шаклланади. Масалан касалланган аҳоли қатламида иммунитет бўлиши мумкин. Аммо бу иммунитет нечоғлиқ турғун бўлиши ҳақида биз ҳозирча аниқ бир маълумот айта олмаймиз. Иммунитет таранглиги қанчага етишини баҳолаш учун маълум вақт керак бўлади. Демак биз касалланганлик ва касалланмаганликдан қатъи назаркоронавирусга қарши аҳолининг тегишли қатламини, аниқроғи хавф ости гуруҳини эмлашни амалиётга киритдик. Биз эмлангандан кейинги ҳосил бўладиган иммунитетга ишонамиз. Негаки ҳозирда эмланиш натижасида юртимизда бўғма, шол, қоқшол касаллиги, вабо касалликлари йўқ. Қизамиқ, қизилча эпидемик вазият барқарор ва ҳоказо. Булар вакцинанинг самрасини исботловчи ҳолат. Ўзбекистонда 20 йил муқаддам вирусли гепатит В бўйича туғуруқхонадаёқ эмлаш жорий қилинган. Шундан бери эмланган аҳоли орасида вирусли гепатит В қайд этилмади.
Демак биз эмлаш орқали касалликдан кейин ҳосил бўлган иммунитетни янада барқарорлаштиришимиз мумкин. Агар биз умуман касалликни бошдан кечирилмаган бўлсак, бир маротаба эмлангандан кейин ҳосил бўлган антитаначалар миқдорига кейинги вакциналаш жараёнида яна ахборот киритиш воситасида мўътадил барқарор иммунитетга даражасига эга бўламиз.
Ҳозир эмлангандан кейинги иммунитет ҳам турғун эмас экан, деган фикрлар учраб турибди. Назаримда бу гаплар асоссиз. Биз мутахассислар шундай фикрга келяпмизки, балки касалликдан кейин ва эмлангандан кейинги иммунитет бир умрлик бўлиши мумкин. Негаки биз коронавирусга рўпара келганимизга эндигина бир ярим йил бўлди. Маълум бир муддат кузатайлик, озгина кузатиш торқали биз ҳақиқий ҳолатга баҳо беришимиз мумкин. Балки коронавирус ҳам грипп касаллиги каби мавусий эмланадиган касалликка айланар. Агар шу асосланадиган бўлса, бу кейинчалик эмлаш календарига киритиладиган вакцинация бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳозирда биз вакциналарнинг зарари ҳақида гапираётган шахсларнинг гапларига ишонмаслигимиз керак.
Қолаверса мен касалликни бошдан кечирган ва эмланган шахс сифатида айтмоқчиманки, касалликдан кейин ҳосил бўлган иммун қўрғонимиз эмлашдан кейин янада мустаҳкамланади. Биз бунда айнан мутахассисларнинг фикрига асосланиб иш тутишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Манзура БЕКЖОНОВА.