Фарғона вилоятида бўлиб турган Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлу, Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонга Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамроҳлик қилди.
Уста Иброҳимжон Султонов меҳмонларни Марказ фаолияти билан таништирди. Марказда ҳунармандлар томонидан олиб борилаётган атлас, адрас ҳамда гилам тўқиш жараёнлари Туркия ташқи ишлар вазирида катта таассурот қолдирди.
“Яна бир бор қардош Ўзбекистонда, бу сафар Фарғонада бўлиб турганимдан жуда хурсандман” деди Чавушоғлу. “Тошкентда бўлиб ўтадиган муҳим анжуманда иштирок этиш учун келдик. Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилган бу ташаббус минтақанинг барча мамлакатлари учун хавфсизлик ҳамда ҳамкорлик нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Туркия сифатида Президент Мирзиёевнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун келдик. Фарғонага анчадан буён келишни истардим. Авваллари Бухоро, Самарқанд, Урганчга боргандим. Биласизми, Ўзбекистоннинг ҳар қадами гўзал, ҳар қадами тарих. Мен бир деҳқон фарзандиман. Бу вилоятда қишлоқ хўжалиги ҳам жуда ривожланган. Бироздан далаларга ҳам бориб кўрамиз. Бу ерда маданият ҳамда цивилизация ҳам жуда юқори. Ҳозирда кўриб турган марказимиз ҳам ипак тўқимачилигига ихтисослашган ўзига хос марказ экан. Илгари Туркияда қўлда тўқилган ипак гиламлар ҳам бу ерда тўқилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу гиламларни тўқиш учун ойлаб, йиллаб кўз нурини тўкиш, қўл меҳнати керак бўлади. Умуман олганда, Фарғонага ташрифимдан жуда хурсандман,” деб фикр билдирди Туркия ташқи ишлар вазири.