1989-йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Истиқлолга эришиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлди. Шундан буён ҳар йили 21 — октябрь – миллатимиз тил байрами сифатида кенг нишонлаб келинади.
Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.
Дарҳақиқат она тилимиз дунёдаги энг бой тиллардан ҳисобланади. Ўзбек адабий тили республикамизнинг турли ҳудудларидаги шева ва лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрга келтирилган шаклидир.
Тилимиз йиллар давомида муттасил равишда ўсиб, ривожланиб бормоқда. Тил байрамига бағишланган тадбирлар ҳам йилдан йилга ўзгача шукуҳ касб этаётир.
Бу йилги айёмга Қуйи Чирчиқ туманидаги 33-умумий ўрта таълим мактабида ҳам кўтаринки руҳда қизғин тараддуд кўрилди. Ҳар бир синфда алоҳида, мактаб миқёсида алоҳида байрам дастуррлари ташкиллаштирилди. Бу тадбирларга ўқувчилар ўзларининг чиройли қўшиқ ва рақслари, саҳна кўринишлари, чиройли ёд олган шеърларини тайёрлаб келишди. Улар аъло ўқиши, намунали ҳулқи, жамоат ишларида ва тантанали тадбирларда фаол иштироки билан она тилимизга, ватанимизга, юртимизга, таълим берган устозларига бўлган ҳурмат-эътиборини намоён қилишмоқда.
Она тилимиз истиқлолу истиқболга, тараққиётга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз уни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз тили ҳеч қачон завол топмайди.
Расмларда 33-мактабда Тил байрамига бағишлаб ўтказилган тадбирлардан лавҳалар.