Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси ва Учинчи Ренессанс асосини яратиш борасидаги ташаббуси бугун реалликка кўчди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳозирда мамлакатимизда муҳим уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.
Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Бакридин Зарипов ҳаммуаллифлигида тайёрланган ушбу китобда юртимиздаги ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари ҳақида ҳикоя қилинади. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, ривожланишнинг янги босқичида қўлга киритилаётган инқилобий муваффақиятлар ҳақида сўз юритилади.
Мамлакатимиз тарихидан маълумки заминимиз иккита буюк уйғониш даврларига бешик бўлган, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб берган. Ушбу воқеалар таҳлили китобда маҳорат билан қаламга олинган. Айниқса, Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ва янги тамаддун асослари аниқ далиллар асосида очиб берилган. Шу маънода, мазкур асар китобхонларда мамлакатимизда янги ўсиш ва ривожланиш босқичига кўтарилиш борасида белгилаб олинган Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли ҳақида тўлиқ ва мукаммал тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
— Минтақамиздаги Биринчи Ренессанс алломаларидан бири Форобий фозил жамиятни шундай тасвирлаган эди: «Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир. Бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади».
Бугун юртимизда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, илм-маърифат соҳасидаги улкан ўзгаришларни таҳлил этганимизда, ҳар гал улуғ алломанинг шу сўзлари ёдимизга келаверади, — дейди Муртазо Раҳматов. — Чунки Ўзбекистонда тарихан жуда қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди. Бу эса мамлакат обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилаётган эврилишларга асос бўлмоқда.
Буни яқиндан кузатаётган таниқли экспертлар, сиёсатчи ва таҳлилчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёевни “Сингапур мўъжизаси” асосчиси Ли Куан Ю ҳамда Хитой иқтисодий тараққиёти меъмори Дэн Сяопинга ўхшатишмоқда. Дарҳақиқат ҳозир олиб борилаётган ислоҳотлар Ли Куан Ю ва Дэн Сяопинники билан қиёсланганда ўзининг шиддаткорлиги, тез ва инқилобий экани билан ҳам эътиборлидир. Бундай шиддаткорлик йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни тезкорлик билан ечишга пойдевор бўлмоқда. Шу боис, ишонч билан айта оламизки, Президентимиз раҳбарлигида Янги Уйғониш ва янги тамаддунга асос яратиб, буюк келажакни биргаликда қурамиз.
Ушбу рисола жонажон Ватанимизнинг янги тарихига дастлабки чизгилар экани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
У кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, қайси замонда бўлмасин, буюк ўзгариш ва янгиланишларда аввало, халқнинг қудрати, кучи ва салоҳиятига таянилади.
— Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунё давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб “Халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак”, деган улуғ мақсадни илгари сурди, — дейди Бакридин Зарипов. — Натижада Ўзбекистон ўтган атиги беш йил ичида бутунлай янги ривожланиш босқичига кўтарилди. Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда ажойибдир. Сабаби, бугунги илму фанга асосланган, дунёни фақатгина илм билан бошқариш мумкин. Ҳозирги замонда шундай ғояларгина амалий ҳаракатларга муносиб стимул бера олади.
Китобда кишини мушоҳадага чорлайдиган яна бир жиҳат — бу иқтисодий илмнинг тарғиб этилишидир. Очиғини айтганда, биз узоқ йиллар молиявий билимларни халқона тилда ўқиш имкониятига эга бўлмадик. Иқтисод илмига асосланган китобларда, умуман, иқтисодиёт назарияси халқоналикдан анча узоқ эди. Балки шу боис ҳам халқнинг иқтисодий билим ва кўникмалари анчайин заиф бўлиб қолди.
Мазкур рисолада давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида мамлакат пахтачилигида жорий этилган кластер усули иқтисодиётимизнинг “драйвери”га айланаётгани содда ва халқона тарзда очиб берилган. Буни муаллифларнинг муваффақияти десак, янглишмаган бўламиз.
Ушбу китоб “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти билан ҳамкорликда “Zamin nashr” томонидан чоп этилди.