«Титаник»ни безатган турк сополи

Изник сопол кошинлари биринчи марта XV асрда пайдо бўлган. Улар Хитойдан келтирилган кўк ва оқ ранглардаги майда кошинлар таъсирида вужудга келган.

Изник сопол кошинларининг илк намуналари Бурса Яшил жоме масжиди ва масжид ҳовлисидаги қабрлар (1421) ва Бурса Мурадие масжидидан (1426) топилган.

Кошинчилик санъати Анатолия бекликлари ва Салжуқийлар даврида вужудга келган бўлишига қарамасдан, унинг олтин даври Усмонийлар даврига тўғри келади.

Усмоний империясида чинни ва сопол кошин ясаш 1500 йилларда чинни учун муқобил қурилиш материалини ишлаб чиқариш мақсадида бошланган.

Хитойликлар чиннини 1300 даража ҳароратда ясаган бўлсалар, ўша даврда Усмонийлар империясида бу ҳароратга мос келадиган печлар йўқ эди. Шунинг учун Усмонийлар давридаги ҳунармандлар янги чинни ва сопол кошинчиликда махсус технология яратишлари керак эди.

Шу мақсадда Изникнинг оқ лойи, шиша ва кремний аралашмасидан кошин ясаб кўрган усталар, бу аралашманинг 900 градусда ҳудди 1300 градусдагидек пишишини ва пишганда чинни кўринишини олишини аниқлашади. Кейинчалик ушбу аралашма мазкур ҳусусияти билан бутун дунёга машҳур бўлади.

Изник керамик кошинларида лола, сумбул, анор ва чиннигуллар каби гул нақшлари, ранглардан эса кўк, феруза, яшил ва қизил ранглар кенг қўлланилади.

Юқори сифатли кварц таркибига эга Изник керамика маҳсулотлари ёруғликни сақлайди ва бинонинг қишда иссиқ ва ёзда салқин бўлишини таъминлайди.

Албатта, ўша пайтларда кўчириб, нусха олиш қоғозлари бўлмагани учун курка терисини чўзиш ва унга такрорланадиган нақшларни тешиб босиш орқали бир хил нақш ясаш усуллари қўлланилган.

Курка терисига тешилган нақш пластинка устига қўйилган ҳамда унинг устига кўмир чанглари бостирилган. Ранглар тешиклар орқали ўтиб, нақш пайдо қилган.

Шундан сўнг, чекка чизиқлар «контур» деб аталадиган қора бўёқлар билан чизилган. Кейин эса керакли ранглар бостирилгач, маҳсулотлар сирланган ва юқори ҳароратли печда бир муддат тутилган.

Албатта, сопол маҳсулотларини ясашда қадимги Юнонистондан Салжуқийларгача бўлган даврларга оид билимлардан келиб чиққан ўнлаб технологиялар ишлатилган.

1912 йилнинг 5 апрелида айсберг билан тўқнашув натижасида чўкиб кетган машҳур «Титаник» кемасидаги турк ҳаммоми Изник сопол маҳсулотлари билан безатилган бўлиб, бу кошинлар 2005 йилда олиб борилган изланишлар натижасида ҳамон ўз ҳусусиятини йўқотмаган ҳолда топилган.

Изник сопол кошинларига ўхшаган элементларни ва рангларни Ўзбекистондаги Хива, Бухоро ва Самарқанд архитектура ёдгорликларида ҳам учратиш мумкин. Жумладан Хива шаҳридаги минораларнинг нақшинкор кошинлари ҳам неча асрлардан буён ўз сифатини йўқотмай жило сочиб турибди.

Бу тарихимиз ва маданиятларимиз илдизи бирлигидан далолат беради.

Марямхон АЪЗАМОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: