Бу муҳаббат ва ҳиссиётлар мамлакатининг аёллари ўзининг сарвқоматлиги билан ажралиб туришади. Улар қанча ширинлик ва пишириқлар еса ҳам семиришмайди. Уларнинг гўзаллик сири нимада? Биз буни билиб олдик.
Парижликлар овқатланишга жуда жиддий муносабатда бўлишади. “Мишлен” (энг фойдали таомлар ва менюси санъат даражасига етган ресторанлар) рейтинги ҳам айнан Францияда пайдо бўлган.
Француз ошхонаси шартли равишда уч турга бўлинади: Ҳудудий ошхоналар, оммабоп француз ошхонаси, зодагонлар ошхонаси.
Хўш бундай турфа таомлар қуршовидаги француз аёллари қоматини қандай сақлайди?
Уларнинг овқатланишга тайёрланишини ўзига хос маросим дейиш мумкин. Яъни бу жараёнга ўзига хос байрам, ўзига хос ҳордиқ, дўстлар билан мулоқот, инсоннинг ўзига бўлган муҳаббати сифатида қаралади.
Миқдорнинг аҳамияти бор
Агар Америка ошхонаси ўзининг катта порциялари билан ном қозонган бўлса, француз ошхонаси ҳақида бундай таъриф беролмаймиз. Бу ерда таомланиш одобига жуда қатъий амал қилинади. Шунинг учун ҳам бу халқ орасида семизлик касаллиги кўрсаткичи жуда паст.
Порциялар кам бўлсин
Француз аёллари ликопчада таом кам бўлса ҳам, уни чиройли қилиб безатишга эътибор қаратишади. Бундай ёндашув кўп овқат истеъмолидан чеклаш билан бирга, кўриб завқланиш имконини ҳам беради.
Улар таомланиш орасида тамадди қилмайдилар. Агарда овқатланиш вақти чўзилгудек бўлса, бир финжон шакарсиз қаҳва ва енгил егулик билан чекланишади.
Ҳар куни эрталабки нонуштадан воз кечишмайди. Агар уйда нонушта қилишга вақтлари бўлмаса нонуштасини ишхонага олиб келишади. Яъни организмни ўз вақтида керакли озиқлар билан таъминлаб, тўлақонли ишга туширишга аҳамият беришади.
Энг сара егуликлар
Француз аёллари таом тайёрлашда энг муҳими танага фойдали ва сифатли овқат деб ҳисоблашади. Ҳа, улар таомга солинадиган масаллиқларнинг энг сарасини харид қилишади. Сабзавот ва меваларни асосан сепрмаркетдан эмас, бозордан, табиийсини, янги узилганини танлаб олишади. Ярим тайёр сунъий қўшимчалар қўшилган озиқ-маҳсулотларни харид қилишмайди.
Овқат ҳам спорт ҳам меъёрида
Қомат расо бўлиши учун кам овқат ейишнинг ўзи етарли эмас. жисмоний фаоллик ҳам жуда керак. Унутманг, спорт фақатгина ортиқча вазнли аёллар учун эмас! Шубҳасиз улар ҳам фитнес, сузиш машғулотлари ҳамда бадантарбияни канда қилишмайди.
Аммо француз аёлларининг энг севимли машқларидан бири – пиёда сайр қилиш. Бутун дунёдаги мутахассислар кунига камида 10 минг қадам пиёда юриш керак деб бонг урмоқдалар. Албатта, бу қомат учун ҳам, бўғимлар учун ҳам, умуман бутун организм учун фойдали.
Французлар бўш вақтида шаҳар кўчаларини айланиш ёки тоза ҳавода югуриш имкониятидан асло воз кечишмайди. Бунинг учун қандайдир тўловлар қилиш, навбатга туриш ёки бирон ускуна сотиб олиш ҳам керак эмас. Бунинг учун фақат истак, хоҳиш бўлса бас.
Дарвоқе, улар лифтдан ҳам фойдаланишмайди. Лифтдан кўпинча ўзи юролмайдиганлар ёки кексалар фойдаланади. Кечки овқатдан кейин сайр қилиш – чиройли қоматнинг энг муҳим асоси.
Ёқимли куй – кўтаринки руҳ
Ҳар оқшом Париж кўчаларида одамлар гавжум бўлади. Улар дилкаш куй янграб турган тамаддихона, қаҳвахоналарда дўстлари билан мулоқот қиладилар. Бундай муҳит қалбда ёқимли тассурот уйғотади.
Француз аёллари кўп мева истеъмол қилишади, кун давомида кўпроқ сув ичишни ҳам унутишмайди. Уларнинг севимли шиори – ўзингизга ёққан нарсани чекламанг. Агар кечки пайт бир бўлак пирог ёки шоколад кўнгиллари тусаб қолса, ундан воз кечишмайди. Асосийси – серҳаракат бўлиш.
Севимли маҳсулоти нима?
Француз гўзалларининг рационидаги асосий нарса – балиқ. Шунингдек сут-қатиқ маҳсулотлари ҳам овқатланишдан муҳим ўрин олган. Шу билан бирга, улар ҳеч қачон ёғсизлантирилган маҳсулотларни сотиб олишмайди. Яхшиси порцияни камайтириш лозим деб ҳисоблашади. Уларнинг севимли ичимлиги эса қора қаҳва, шарбатлар ва газсиз сув.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.