Америка Қўшма Штатларининг 2021 йилнинг август ойида мамлакатни тарк этиши ортидан халқаро ёрдамларнинг узилиши ва иқтисодий инқирознинг чуқурлашиши каби муаммолар авж олган Афғонистонда уруш, очлик ва қашшоқликдан энг кўп болалар зиён кўрмоқда.
Толибон муваққат ҳукуматининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 16 мингдан ортиқ бола қизамиққа чалинган.
Расмийлар бу жараёнда 130 дан ортиқ боланинг қизамиқдан вафот этганини билдирди. Ўта юқумли касаллик ҳисобланган қизамиқ айниқса болаларга таъсир қилмоқда. У туфайли жон берган болалар энг кўп Кобул, Ҳилманд ва Қундуз вилоятларида учрар экан, ҳолатларнинг кўпчилиги Қундуз, Жузжон, Ҳирот ва Гор вилоятларида қайд этилган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 13 март куни Афғонистонда ўн минглаб инсоннинг қизамиққа чалингани ва январь ойининг ўзида 150 дан ортиқ кишининг вафот этганини маълум қилганди. Ҳақиқий рақамларнинг бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкунлигини ифода этган ЖССТ, келаси ҳафталарда ўлимларнинг кескин ортиш эҳтимоли борлигига ҳам эътибор қаратган.
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти 12 март куни эса мамлакатда қизамиққа қарши эмлаш кампаниясини бошлади. Шу ўринда минглаб тиббий ходим Афғонистоннинг 24 вилояти ва 49 минтақасида 5 ёшгача бўлган 1,2 миллиондан ортиқ болани эмлашни режалаштирмоқда.