Ўзбекистонда сўнгги вақтларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши, қолипли нон бўйича давлат томонидан ўрнатилган мажбурий нархнинг бекор қилиниши аҳоли томонидан кескин қарши олиняпти. Албатта, бирор замонда бирорта давлатда нархларнинг ошиши ёқимли ҳолат сифатида қабул қилинган эмас. Кўпроқ харажат қилиш кимга ҳам ёқади? Мазкур мақолада нархлар нега ошаётгани ва бунда давлатнинг қай даражада таъсири борлиги ҳақида гаплашамиз.
Иқтисодиёт орқали биламизки, бозор шароитида — нархларга ҳеч қандай маъмурий тарзда аралашилмаётган бир вақтда нархлар ошиши ёки талабнинг ошиши, ёки таклифнинг камайиши сабабли юзага келади. Яъни агар давлат бозорда нотўғри ҳаракатлар қилиб, нархни белгилашга уринмаётган бўлса, бозорга кириш ва чиқишда тариф ва нотариф тўсиқлар ўрнатмаётган бўлса, нархларнинг ошишига маҳсулот таклифининг камайиши сабаб бўлади.
Президентнинг 31 май кунги йиғилишида айтилганидек, дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть эса 47 фоизга ошган. Яъни озиқ-овқат нархлари ўсиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатилаётган жараён ҳисобланади.
Тариф ва нотариф тўсиқларга келинадиган бўлса, 2023 йил 1 январга қадар 22 та турдаги истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи) божхона божларидан озод этилди. Аслида нафақат озиқ-овқат, балки исталган турдаги маҳсулотлар бождан чекланмаган муддатга озод қилиниши мақсадга мувофиқ, лекин бу — бошқа масала. Айтмоқчи бўлаётганимиз, нархлар ошишига эндиликда божлар ҳам сабаб бўлмайди.
Ўзи давлат нархларга қай даражада аралашмоқда ва келажакда нима қилмоқчи? Биз бу савол билан Молия вазирлиги департамент директори Тўлқин Мирзаевга мурожаат қилдик.
Мутахассиснинг таъкидлашича, шу вақтгача озиқ-овқат маҳсулотларидан нархи давлат томонидан белгиланадиган фақат ун ва нон қолган бўлган.
«1 июндан бошлаб бу ҳам бекор қилинмоқда. Энди давлат ун ва нонга ҳам нарх белгилаб бермайди. Ун биржада сотила бошлангандан кейин ноннинг ҳам нархи ўзгариши аниқ.
Энди давлат бозорга иқтисодий механизмлар орқали таъсир қилишни бошлайди. Унни арзон қилиб ташлашнинг иложи йўқ, чунки маҳсулот етиштиришнинг ўз харажатлари мавжуд. Шу сабабли нарх харажатларни қоплайдиган даражага кўтарилади. Буғдой 3000 сўм бўлганига яраша уннинг ҳам, ноннинг ҳам нархи ошади. Бу нархни фалон сўм қилиб ушлаб турамиз, дейиш нотўғри. Бу — масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса қўшниларимизда нарх ошиб кетаверса, биз нархни ушлаб тура олмаймиз. Сабаби бизда арзон бўлса, у ерга маҳсулотлар чиқиб кетиб қолади.
Лекин нарх асоссиз равишда ошадиган бўлса, бунга қарши чоралар кўрилади. Шунингдек, эҳтиёжга қараб агар бозорда ун камайиб кетган бўлса, қўшимча маҳсулот чиқарилади. Бошқа маҳсулотлар билан ҳам шундай. Мисол учун, ҳозир нархни ушлаш мақсадида бозорга кўпроқ шакар чиқарилмоқда», — деди Тўлқин Мирзаев.
Қисқа қилиб айтганда, давлат бундан буён бозорга фақат таклифни кўпайтириш ва асоссиз нарх ошираётганларга қарши курашиш орқали таъсир ўтказмоқчи ва нарх белгилаб бермоқчи эмас.
Шунингдек, нарх белгилаш қанчалик тўғрилиги ҳақида иқтисодчи Миркомил Холбоев билан ҳам боғландик. Унинг таъкидлашича, давлат нархни назорат қилиши ҳар доим ёмон ҳисобланади.
«Биз буни ўз тарихимизда, энергоресурслардан тортиб озиқ-овқат маҳсулотларигача кўрганмиз. Нон масаласи электр энергияси масаласи билан бир хил. Шу сабабли нарх назорати олиб ташланишини 100 фоиз тўғри деб ҳисоблайман. Агар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилмоқчи бўлсак, уларга тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ижтимоий ҳимоя орқали аҳолининг 10–15 фоизи қамраб олиниши керак. Шу сабабли ҳозирги ўзгаришни ёмон деб бўлмайди. Нархни эркинлаштиришдан қўрқмаслик керак. Шунингдек, ижтимоий химояни ҳам унутмаслик лозим. Чунки, ҳақиқатан ҳам, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бор ва уларни ҳимоя қилиш керак», — деди Миркомил Холбоев.
Аҳолининг нархлар ошишига муносабатини қуйидаги видеосўровнома орқали кўришингиз мумкин:
Биз эса тушунтиришда давом этамиз.
Аслида Ўзбекистонда дон, ун ва қолипли нон нархларини эркинлаштириш жараёни 2017 йилдан бошланган. Бунга қадар аҳолининг ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан фермерлардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик баёни асосида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ёпиқ биржа савдолари орқали маҳаллий буғдой уни сотилган.
Оқибатда фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши уларнинг моддий-техник базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келган. Қолаверса, «план» тўлдириш масаласи давлат сиёсати даражасида ҳал этилган, акс ҳолда, турли таҳдидлар янграши кузатилган. Буларнинг барчаси маҳсулот етиштирувчиларнинг оғир аҳволда ишлашига ва оқибатда таклифни кўпайтиришга рағбат қолмаслигига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, арзон маҳсулот билан таъминлаш учун нархни ўрнатувчи тизимлар яратиш айни вақтда янги коррупия ўчоғини яратиш ҳам ҳисобланади.
Масалан, давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла нархи 2017 йилда 550, 2018 йилда 750, 2019 йилда эса 1420 сўм этиб белгиланган. Мақсад — дон эркинлигини таъминлаш, бозорда ун ва нон маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туриш, импорт товарга тобеликни камайтириб, маҳаллий ишлаб чиқаришни максимал ошириш. Аммо арзон ун ҳар доим ҳам нон ишлаб чиқарувчиларга етиб бормаган ёки арзон уннинг барчаси ҳам нон маҳсулотига айланмаган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, биргина «Оҳангарон дон» акциядорлик жамияти бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011–2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 миллиард сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
2019 йил 15 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат ресурсларига қабул қилинган буғдойдан олинган ун очиқ биржа савдоларида барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз сотиладиган бўлди. Бошқача айтганда, буғдой нархи қўйиб юборилди, эндиликда давлат белгилаган қатъий нарх амал қилмайди.
Бу соҳада эркин бозорни шакллантириш учун 2017–2019 йилларда буғдойнинг давлат харид нархи 2,6 мартага оширилди. 2019 йилга келиб бундай нарх ҳатто бозор нархларидан ошди. Яъни ҳукумат буғдойни тоннасига ўртача 1 миллион 420 минг сўмдан харид қилган бўлса, 2019 йил июнь–август ойларида республика бозорларида нарх 1,3–1,4 миллион сўм атрофида бўлган.
2019 йилнинг 15 октябридан эса давлат сотиб олган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун очиқ биржа савдоларида барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз сотила бошланди.
Янги тартиб ўрнатилгандан кейин дастлабки 6 ойда (2019 йил 15 октябрдан 2020 йил 15 апрелгача) биржа савдоларида 846 минг тонна буғдой сотилган бўлиб, бу мамлакатда йиллик ун ишлаб чиқариш ҳажмининг (1,6 миллион тонна) 53 фоизи дегани.
Юқоридаги ўзгаришларга қарамай, бу даврда биржа савдоларида ун нархининг кескин ошиб кетиши кузатилмади: 1 тонна уннинг бошланғич нархи ўртача 2 миллион 185 минг сўм атрофида бўлган ҳолатда ўртача 2 миллион 415 минг сўмдан сотилган. Масаланинг яна бир томони, дон нархлари эркинлаштирилиши фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ва ялпи ҳосилни оширишга бўлган интилишларини кучайтирди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2017–2019 йилларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 57,8 центнердан 64,3 центнергача кўтарилган.
Шунингдек, ун маҳсулотининг эркин сотилиши ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасидаги рақобатни кучайтирди. Корхоналар бозорни «бериб» қўймаслик учун ун сифатини яхшилаш ва таннархини пасайтириш устида ишлашни бошлади. Мижозларга маҳсулотни етказиб бериш, қадоқлаш ва бошқа хизматларга талаб кучайди.
Ҳукумат ун нархининг эркинлаштирилиши аҳолининг камбағал қатламига салбий таъсир қилишини юмшатиш бўйича ҳам бир нечта чоралар кўрди. Хусусан, ун ва қолипли нон нархи эркинлашиши фонида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга кирувчи 10 та тоифадаги 3 миллиондан ортиқ аҳолига компенсация жорий этилди.
Лекин бошқа соҳалар каби коронавирус пандемияси бу соҳадаги режаларни ҳам ўзгартиришга мажбур қилди. Мазкур кутилмаган ҳолат оқибатида 2020 йил 16 апрелдан ун маҳсулотини биржада сотиш тўхтатилиб, 1-навли 1 килограмм уннинг чакана нархи қатъий 2800 сўм ва 600 граммли қолипли ноннинг чакана нархи 1600 сўм миқдорида белгилаб қўйилди.
Нархларни сақлаб қолиш мақсадида давлат 2020 йил ҳосилидан буғдойнинг 1 тоннасини 1 миллион 550 минг сўмдан (бозор нархидан 350–400 минг сўм паст) харид қилди. Бу қарор эса ўз навбатида фермер хўжаликлари, дон корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди.
Бу муаммони бартараф этиш учун эса ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат бюджетидан бир йилда 100 миллиард сўмга яқин компенсация тўлаб берилди. Шунингдек, ушбу амалиёт бўйича қайд этилган нархлар 2021 йил ҳосили учун ҳам сақлаб қолинди. Бу сафар ҳам фермерларнинг зарар кўриши инобатга олиниб, уларга 800 миллиард сўм маблағ ажратилди. Яна бюджет пулидан компенсация берилишидан мақсад — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли айни пандемия даврида нонга бўлган талабини тўлиқ қондира олиши керак эди.
Пандемия бошида нархларнинг белгилаб қўйилиши нарх-навонинг маълум даражада барқарорлигини таъминлаган бўлса ҳам, кейинчалик бозорда ун нархи оша бошлади. Уннинг нархи қатъий белгиланган бўлишига қарамай, амалда арзон уннинг катта қисми бозор нархларида сотилиши кузатилди. Яъни бюджетдан молиялаштирилган арзон ун аслида нонга айланмай, бозорда бошқа импорт товарлар қатори юқори нархда сотилди. Негаки бозор талаб ва таклифи автоматик равишда нархни оширишга имкон берарди.
2021 йил 25 ноябрь ҳолатига 1-навли 1 килограмм маҳаллий уннинг чакана нархи белгиланган чакана нарх 2 800 сўм бўлишига қарамай, ҳудудларда 4050 сўмдан 5400 сўмгачани ташкил қилди. Шунингдек, ҳудудларда (Тошкент шаҳридан ташқари) вазни 600 граммлик қолипли нон 1700 сўмдан 2600 сўмгача сотила бошлади.
Яъни нарх ўрнатиш сиёсатидан воз кечилаётгани мантиқан тўғри қарор. Яна бир жиҳат шундаки, корхоналарга арзон нон етказиб бериши учун имтиёзли нархларда ун беришдан кўра аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш ҳам транзакцион харажатлар томонидан арзонга тушади, ҳам коррупцион ҳолатлар юзага келишининг олдини олади.
Нархлар нега ошди, деган саволга келадиган бўлсак, бунга иккита сабаб бўлиши мумкин: биринчи сабаб аниқ, бутун дунёда Украина ва Россия уруши ҳамда бошқа баъзи омиллар сабаб озиқ-овқат нархлари кўтарилди. Иккинчи сабаб эса бозорларда катта миқдорда маҳсулот сотиб олиб, уларни атайлаб нарх кўтарилгандан кейин қимматроққа, майдалаб сотишни истаётганлар мавжуд бўлиши мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бозордаги нарх-навони асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, бозорга киришга тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича ваколатлари кучайтирилаётгани ҳам мазкур хавотирларни тасдиқлайди.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли